...
МЕНЮ
ONLINE TV

Челябинскка ўқиш учун юборилган ўзбекистонлик ёшлар кўчада қоладими?


14:22, 26.08.2017 Олам
 5 900

Фаррух Толипов, Комила Абдурасулова, Содиқ Назаров ва яна уч нафар фуқароларимиз Челябинскда сарсон бўлмоқда.

Ижтимоий тармоқдаги айрим гуруҳларда ёзиладиган гап-сўзларга унчалик эътибор қилмас эдим. Бироқ Ўзбекистон ёшларини бирлаштирган гуруҳларнинг биридаги бугунги мурожаат эътиборимни тортди.
 
Ўзини Фаррух деб таништирган йигит гуруҳдошларига ўзи билан боғлиқ муаммо бўйича ёрдам сўраб мурожаат қилган.
 
Унинг айтишича, Тошкент давлат аграр университетни 2017 йилда тугатиб, университет тавсияномаси ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги таклифи билан Россия Федерациясининг ЮРГАУ (Жанубий Урал давлат аграр университети) университетига қабул қилинган.
 
Хорижда ўқиш учун имтиҳонлар Вазирлик ва ЮРГАУ университети ўқитувчилари иштирокида бўлиб ўтган. Лойиҳа шартига кўра ўқиш муддати икки йил бўлиб, шундан бир йили Россияда, кейинги бир йили эса Ўзбекистонда таълим олиниши кўзда тутилган.
 
Хабарда келтирилишича, талабалар алмашинуви бўйича ўқишни тугатган ёшлар Тошкент давлат аграр университетига ўқитувчиликка ишга олиниши режалаштирилган бўлган.
 
Бироқ ўзбекистонлик талабалар 24 август куни Россия Федерациясининг Челябинск шаҳрига етиб келганларида кутилмаган муаммолар гирдобига дуч келишган.
 
Университетга келган талабаларни хорижий университет маъмурияти “Ўзбекистонлик талабаларда нострификация бўйича муаммо бор” дея қайтариб юборишган. Талабалар илтимосига кўра ЮРГАУ маъмурияти уларни университет ётоқхонасида икки-уч кун қолишига рухсат берган.
 
Фаррухнинг айтишича, айни пайтда ўзбекистонлик талабаларнинг кейинги тақдири номаълумлигича қолмоқда. Челябинск шаҳрига етиб келиб, режадаги амалиётлар бажарилмай қолгани учун талабалар ҳозирда турли иш-юмушлар билан банд. Уларнинг келгуси режалари ҳам мавҳум.
 
Фаррух Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан телефон орқали боғланиб, ҳолатни тушунтирганида Вазирлик расмийлари талабаларга “қайтинглар”дан бошқа сўз айтмаган.
 
Ҳозирча талабалар ЮРГАУ университети ётоқҳонасида вақтинчалик яшаб турибди. Бироқ бугунми ё эртами уларни чиқариб юборишади...
 
Талаба ёшлар ўз оиласи билан “грант ютиб, хорижга кетган қаҳрамонлар” сифатида хайрлашган, энди шарманда бўлиб қайтиб боришга ор қилишмоқда... Талабаларнинг яшаш жойи, молиявий аҳволи, уларнинг орасида қизларнинг ҳам борлиги — муаммо жиддий тус олишига сабаб бўлаётган бўлса ажабмас.
 
Талабалар белгиланган айрим тартиб-қоидаларга амал қилмагани боис мазкур муаммога юзага келган, дея  тахмин қилиш мумкин. Шундай бўлсада, талаба ёшлар тақдири юзасидан Тошкент давлат аграр университети ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг мутасадди вакилларидан тегишли маълумотларни кутиб қоламиз. 
Зоҳиршоҳ Жўраев 

Теглар:Челябинск ЮРГАУ университети Тошкент давлат аграр университети Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!