...
МЕНЮ
ONLINE TV

Бразилиялик дайди ит чиқиндилар орасидан янги туғилган чақалоқни топиб олди


09:46, 05.04.2016 Олам
 6 813

Онанинг раҳми келмаган болага, итнинг жони ачиди.

Бразилиянинг Кампинас шаҳридаги Сан-Паулу штатида юз берган бу мисли кўрилмаган воқеа ҳар қандай инсоннинг ғазабини қўзғатади. Дунёда фарзанд ҳиди нима эканини билолмай, тирноққа зор бўлиб ўтаётган миллионлаб аёллар турганида баъзи она номига нолойиқ кимсаларнинг қилаётган ишларини таърифлашга тил ожиз...

Дунёда миллионлаб болалар ёруғ дунёни бир неча соатда, бир неча кунда она меҳри, она сути, она тафти нима эканини ҳис этмай турли хунук ҳолатларда вафот этади.

Бир неча соат олдин дунёга келган боласини далага, ариққа, бегоналарнинг эшиги тагига, ташландиқ ерларга, кимсасиз уйларга, касалхонага тақдир измига ташлаб кетадиган инсонларни она деб бўлармикин?

Биз сизга ҳикоя қиладиган воқеа ўтган йилнинг ноябрь ойида содир бўлган. Унинг асл қаҳрамони ит ва гўдак. Гўдакнинг онаси бошқалардан фарқли ўлароқ уни чиқиндилар ташланадиган жойга, тақдир ҳукмига ташлаб кетган. Ўз жигарбандини шундай жойга ташлаб кетган инсон ёруғ дунёни кўраётганига бир неча соат бўлган чақалоқнинг ҳоли нима кечишини ўйламаган ҳам бўлса керак...

Кампинас шаҳридаги ғариб туманлардан бирида тонг ҳар кунгидек отди. Ҳамма ўз иши, юмуши билан овора. Кимдир мактабга, кимдир ишга, яна кимдир кўчага пул топиш учун шошарди...бирдан кўчанинг ўртасидан келаётган ит ҳамманинг эътиборини ўзига қаратди. Одамларни итнинг ўзи эмас, у оғзида тишлаб келаётган нарса ҳайратлантирди. Чиқиндихонадан чиқиб келган итнинг оғзида киндиги ҳам кесилмаган одам боласи бор эди.

Ҳали ҳеч ким қўлига олиб кўрмаган бўлсада, боланинг тирик экани билиниб турарди.

Оғзидаги бола билан ит энг яқиндаги уй томон йўналди. Қўрқиб кетган хонадон бекаси бир сўз деёлмай қолди, аммо қўрқувини тезда босиб болага ёрдамга шошилди. Қўлига болани оларкан, қизалоқнинг нафас олаётганини кўрди. Итнинг жасоратига ва ақлига эса ҳайрон қолмай илож йўқ. Гарчи у болани тишида олиб келган бўлсада, унга асло зарар етмаганди.



Қизалоқни шу заҳотиёқ шифохонага олиб кетишди. Унга керакли ёрдамни кўрсатган шифокорлар қизалоқ саломат экани ва унинг ҳаёти ҳавф остида эмаслигини айтишди.

Гарчи бу воқеа бир неча ой аввал содир бўлган бўлсада, полиция ўз боласини чиқиндихонага ташлаб кетган бешафқат аёлни, боланинг биологик онасини топа олмади.

Болани топган ва унинг ҳаётини сақлаб қолган итнинг лақаби Анжелла. У ана шу воқеадан кейин туман “юлдузи”га айланди. Кўпчилик дайди итни ўз уйига олиб кетишни истади, уни тўйдириб овқатлантиришди. Аммо у озодликни танлади ва ҳар сафар кўчага чиқаркан чиқиндихоналарни кўздан кечиргани йўл олаверди.



Афсуски, бугунги кунда ўз боласини кўчага тақдир измига ташлаб кетаётганларнинг сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу каби гўдаклар ҳаётининг итлар ва бошқа ҳайвонлар томонидан сақлаб қолиниши биринчи воқеа эмас. Бизни кузатиб боринг, сизга улар ҳақида батафсил маълумот берамиз.
Умида Якубова

Теглар:Дайди ит Гўдак 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Nuriddin
15:54 05.04.2016

Ит вафо дейишади. Чакалокни ташлаб кетган аёл итдан хам баттар экан



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!