...
МЕНЮ
ONLINE TV

Агар гўзаллик деганлари қурбонлик талаб қилаверса...


19:20, 26.09.2017 Бу қизиқ
 6 846

Мода оламининг машҳур юлдузи Коко Шанел шундай деган эди: “Гўзалликка интилишда меъёр ва аёл зукколиги уйғунлашсагина, у яхши натижа беради”.

Аёл зоти яралибдики, гўзалликка интилади. Таъбир жоиз бўлса, аёллар ўз чиройи учун нафақат молини, балки жонини беришга ҳам тайёр!
 
Шунинг учун ҳам улар турли гўзаллик салонлари-ю косметологларга боришни ҳеч ҳам канда қилишмайди.
 
Аммо гўзаллик салони ходимларининг мижозларга кўрсатаётган хизматини аъло даражада деб бўладими?
 
Келинг, шу ҳақда баъзи бир нозик жинс вакилларининг гапларига қулоқ тутсак...
 
“Қош қўяман деб кўз чиқариб қўйдим...”
 
Гулрухсор Олимова, (исм-шарифи ўзгартирилган):

– Ёшим йигирма учда, оилалиман. Яқинда қошим ва лабимни татуаж қилдирдим. Салон ишчилари татуажда АҚШ бўёғидан фойдаланишаётгани учун бунинг ҳеч қандай зарари йўқлигини таъкидлашди.
 
Доимгидек оғриқли кечган бу жараёндан сўнг юзим бир неча кун шишиб юрди... Салон ходимларига мурожаат қилганимда эса ўзлари буюрган сурги доридан (тетрациклин) фойдаланишимни тавсия қилишди.
 
Тез орада юзимдаги шиш қайтди, аммо теримда турли тошмалар тошиб, қошим тўкила бошлади. Сўнгра, татуажни лазер нури ёрдамида ўчирмоқчи бўлдим, бироқ унинг ҳам терига салбий таъсири бор экан.
 
Ҳозир нима қилишга бошим қотган. Турмуш ўртоғим, қайнота-қайнонам, қўни-қўшнилар олдида уятга қолдим...
 
Биргина Чилонзор туманининг ўзида 30 дан ортиқ гўзаллик салонлари татуаж, растушефка, қош териш каби хизматларни амалга оширишади. Биз уларнинг нархи билан қизиқиб кўрдик.
 
Татуаж ва растушофканинг нархи 65–85 минг оралиғида. Умумий (қош, лаб, кўз) биргаликда қилдирилса, 200 мингдан ошиқроқ бўлар экан.
 
Татуаж бўёқлари Америка, Германия ва Хитойдан келтирилган бўлиб, АҚШ бўёғи қолганларига нисбатан сифатли, ундан чизилган татуаж узоқ вақт сақланиши мумкин.
 
Қайси салонга кирмайлик, барчаси АҚШ бўёғидан фойдаланишларини таъкидлашди. Бироқ, буни тасдиқловчи ҳужжатни сўраганимизда эса негадир улардан ҳеч қандай садо чиқмади...
 
Яна бир гап. Бўёқнинг бир ампуласи 80 минг бўлиб, ушбу бўёқнинг учдан бир қисми бир кишининг қошини татуаж қилишга етар экан. Хўш, қолган қисм нима қилинади?
 
Албатта, ташлаб юборилмайди! Кейинги мижозлар учун ҳам айнан ўша “қолдиқ бўёқ”дан фойдаланилади.
 
Тўғри, ҳар бир мижозга янги татуаж асбобининг игнаси алмаштирилиши мумкин, аммо “қолдиқ бўёқ” таркибидаги инфекция игнага ўрнашиб олаверади. Бу эса турли касалликларни юқтириш хавфини келтириб чиқариши мумкин.
 
Савол туғилади? Татуаж, растушофка қилинадиган бўёқларнинг таркиби қандай кимёвий элементлардан иборат? Унинг инсон организмига салбий таъсири борми?
 
Бу каби саволлар билан Давлат санитария-эпидемология назорати маркази коммунал гигиена бўлинмасининг олий тоифали санитария шифокори Раънохон Жумабоевани суҳбатга тортдик.
 
– Бўёқларнинг зарарли жиҳатларини муҳокама қилишдан олдин уларнинг таркиби ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.
 
Масалан, қора рангли бўёқ асосан дарахт ва суякларнинг ёқилиши натижасида пайдо бўладиган қоракуядан олинади.
 
Қўнғир рангли бўёқ темир оксиди ва лойдан тайёрланади. Қизил ранглиси эса кадмий элементи, темир оксиди ва зангдан олинади.
 
Олов рангли бўёқ (оранжевый) кадмий ва темир сульфидидан тайёрланади. Сариқ ранглиси эса хром оксидидан олинади.
 
Яшил ранг хром оксиди, хром-қўрғошин аралашмасидан тайёрланади. Кўк рангнинг хом ашёси кобальт оксиди ва лазурит ҳисобланади.
 
Сафсар ранг пирофосфат марганец ва алюминий тузларидан олинади. Оқ ранг цинк оксиди, барий сулфат, титан оксидларидан тайёрланади.
 
Татуаж усталари тайёр ҳолдаги бўёқларни сотиб олишади. Бу бўёқларнинг барчаси инсон организмида аллергик реакциялар пайдо бўлиш хавфини оширади. Айнан қизил ранг таркибидаги занг моддаси эса “қоқшол” касаллигини келтириб чиқариши мумкин.
 
Ўсманинг “бошқачароқ варианти”
 
Кўпчилигимизга маълумки, татуаж қилдирадиган мижозларнинг асосий қисмини 25–45 ёшдаги хотин-қизлар ташкил қилади. Улар қисман бўлсада унинг қай тарзда чизилиши ҳақидаги маълумотга эга.
 
Аммо ёши катталар-чи? Уларнинг бу борадаги тушунчаси саёзлигидан фойдаланган салон ходимлари “Бемалол чиздираверинг, бу ўсманинг бошқачароқ варианти холос” дейишар экан.
 
Халқимизда “Мол сотсанг айбини айтиб сот” деган нақл бор. Бутун умр сақланиб туради деган татуаж ва растушофкалар бир йилга ҳам бормасдан ўчиб кетаётгани ажабланарли ҳол, албатта. Боз устига юқоридаги “таърифу тавсифлар” кишини ғашини келтиради.
 
Мода оламининг машҳур юлдузи Коко Шанел шундай деган эди. ”Гўзалликка интилишда меъёр ва аёл зукколиги уйғунлашсагина, у яхши натижа беради”.
 
Агар гўзаллик деганлари бундай қурбонликлар талаб қилаверса, хотин-қизларимиз орасида турли тери касалликлари кўпайиши мумкин.
 
Азиз онажонларимиз ва опа-сингилларимизнинг гўзаллик йўлидаги ҳеч бир саъй-ҳаракатлари уларнинг саломатлигига зиён етказмаслиги лозим. Чунки, ҳусн соғлик ва комиллик билангина бутундир.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Интернет дўконлари қандай кийимларни тарғиб қилмоқда?” номли мақола орқали ҳам хотин-қизларга тааллуқли бўлган муаммолар хусусида фикр-мулоҳазалар юритган эдик.
Меҳрангиз Ғаниева

Теглар:Гўзаллик салони Мода олами 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!