...
МЕНЮ
ONLINE TV

Абдулазиз Комиловнинг Сенат ялпи мажлисидаги нутқи


15:19, 29.06.2018 Жамият
 2 060

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ўн бешинчи ялпи мажлисидаги нутқи билан танишинг.

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бугун, 29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида ҳисобот бергани ҳақида хабар қилган эдик. Қуйида вазирнинг тўлиқ нутқини ўқишингиз мумкин.
 
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ўн бешинчи ялпи мажлисидаги нутқи
 
Ҳурмали Ниғматилла Тўлқинович,
 
Ҳурматли Сенат аъзолари ва мажлис қатнашчилари,
 
Жорий йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича Вазирлик фаолияти натижалари ҳақида қисқача тўхталиб ўтишга ижозат этгайсиз.
 
1.  Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган фаол, чуқур ўйланган ва очиқ ташқи сиёсат туфайли Ўзбекистоннинг хорижий шериклар билан ҳамкорлигининг изчиллиги ва самардорлиги ошиб бормоқда.
 
Жорий йилнинг январь-июнь ойларида 7 та олий даражадаги ташрифлар алмашинуви бўлиб ўтди, 20 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан учрашув ва музокаралар ўтказилди, 89 та халқаро шартнома ва битимлар имзоланди.
 
Ҳукумат, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари даражасида 120 та ташриф, 10 та қўшма комиссияларнинг йиғилиши, 6 та ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ва 2 та хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатлашувлар ташкил қилинди. Бундан ташқари, 656 та кўргазма, конференция ва тақдимотлар, 30 дан ортиқ бизнес-форумлар ўтказилди. Республикамизга 572 та хорижий бизнес делегациялари ташриф буюрди.
 
Хорижий сармоядорлар билан 17 миллиард доллар қийматдаги 182 та лойиҳани амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
 
2. Олий даражадаги учрашув ва музокаралар Ўзбекистон Республикаси кўп қиррали халқаро алоқаларининг юқори даражадаги ривожланиш суръатини намоён қилди.  Жорий йилнинг март ойидаги Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга илк давлат ташрифи амалий натижалари сифатида Ўзбекистон-Тожикистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисида шартнома имзоланганлиги, икки мамлакат фуқаролари учун 30 кунгача визасиз режимнинг жорий этилганлиги ва чегара ўтиш пунктлари фаолиятининг қайта тикланганлигини қайд этиш мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи тарихий аҳамият касб этиб, унинг натижаларига кўра Стратегик шериклик янги даврининг бошланиши тўғрисида қўшма баёнот қабул қилинди ҳамда 4,8 миллиард долларлик 20 дан ортиқ йирик шартномалар имзоланди. Туркманистон ва Туркия президентлари Гурбангули Бердимуҳамедов ва Ражаб Тойиб Эрдўған Ўзбекистонга давлат ташрифларини амалга оширдилар.
 
3. Ўзбекистон Раҳбариятининг йирик ташқи сиёсий ташаббусларини амалга оширишда сезиларли натижаларга эришилди.
 
Жорий йилнинг 15 март куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Кейинги маслаҳат учрашувини 2019 йилнинг март ойида Тошкентда ўтказиш тўғрисида келишиб олинди.
 
Шу йилнинг 22 июнь куни БМТ Бош Ассамблеяси бир овоздан “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюциясини қабул қилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган ушбу ҳужжатга Европа, Шимолий ва Жанубий Америка, Осиё ва Африканинг 55 давлати ҳаммуаллифлик қилишди.
 
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Афғонистон бўйича юқори даражадаги Халқаро конференция йирик халқаро-сиёсий воқеа бўлди. Форумнинг натижалари бўйича қабул қилинган Тошкент декларациясини амалга ошириш доирасида хорижий давлатлар билан қатор музокаралар олиб борилди ҳамда “Толибон” Ҳаракати вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.
 
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Синдао шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммитидаги иштирокининг муҳим натижаси сифатида тузилмага аъзо барча давлатлар томонидан Ўзбекистон Раҳбари билдирган қатор ташаббусларнинг, жумладан, Шанхай ташкилотининг Ёшларга қўшма мурожаатини қабул қилиш ва БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” борасида махсус резолюциясини ишлаб чиқишни қўллаб-қувватланишини келтириб ўтиш мумкин.
 
Ҳурматли Сенат аъзолари,
 
Жорий йилнинг январь ойида Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятига бағишланган видеоселектор йиғилишида Президентимиз томонидан қўйилган вазифаларни бажариш доирасида 35 та чет давлатлар билан ҳамкорлик борасида “йўл хариталари” ишлаб чиқилди. Уларни амалга ошириш бўйича дипломатик миссия раҳбарларининг шахсий ҳисоботлари ҳар ойда тинглаб борилмоқда.
 
Ҳар бир хорижий дипломатик муассаса республикамизнинг муайян ҳудудлари ва иқтисодиёт тармоқларига бириктирилди. Маҳаллий ҳокимият органларига хорижий шериклар билан ҳамкорликни амалга оширишда ёрдам бериш учун Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилмоқда.
 
Жорий йилнинг январь-май ойларида вилоят ҳокимиятларининг 30 га яқин делегациялари 15 та мамлакатга ташриф буюрди, уларнинг натижалари бўйича 1, 3 млрд долларлик келишувларга эришилди.
 
Дипломатик ваколатхоналар ўзларига бириктирилган ҳудудлар ва корхоналарга уларнинг маҳсулотларини экспорт қилиш, хорижий тажрибаларни ўрганиш, халқаро кўргазмалар ва ярмаркаларда иштирок этиш масалаларида ёрдам кўрсатишмоқда. Мамлакатимиз ва вилоятларимизда инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича хорижий шериклар билан чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.
 
Республикамизнинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича катта ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, чет эллик машҳур сиёсий, маданий, спорт ва бизнес доиралари вакиллари орасидан тайинланадиган “хориждаги Ўзбекистон туристик бренди элчиси” институтини жорий этиш учун кўзда тутилмоқда. “Зиёрат туризмини” ривожлантириш учун Ҳиндистон, Покистон, Индонезия, Малайзия, Қувайт ва бошқа мусулмон мамлакатлардаги диний етакчилар вакиллари билан фаол ишлар олиб борилиб, уларнинг Ўзбекистонга ташрифлари ташкил этилмоқда.
 
Бир қанча давлат фуқаролари учун визасиз режимнинг ўрнатилиши ва визалар бериш тартибининг соддалаштирилиши мамлакатимизга сайёҳлар оқимининг деярли икки баробар ортишига олиб келди. Ушбу йилнинг 5 ойи мобайнида Ўзбекистонга 2,2 миллиондан ортиқ хорижий фуқаролар ташриф буюрди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 93 фоиз кўп деганидир.
 
Ҳурматли мажлис иштирокчилари!
 
Жорий йил Ташқи ишлар вазирлиги учун катта ислоҳотлар билан бошланиб,  ўзгаришлар вазирлик тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган вазифаларни самарали амалга оширишга қаратилди. “Дипломатик хизмат тўғрисида”, “Халқаро шартномалар тўғрисида”, янги таҳрирдаги “Консуллик низомини тасдиқлаш тўғрисидаги” Қонунлар, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги ҳудудий бўлимлари, “Дунё” ахборот агентлиги, Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот маркази, Таҳлил ва прогнозлаштириш маркази кабиларнинг фаолиятини ташкиллаштириш бўйича фармон лойиҳалари тайёрланди.
 
Вазирликнинг барча бўлимлари функциялари ва вазифалари қайта кўриб чиқилди. Экспорт, инвестициялар, туризм ва ҳукуматлараро комиссиялар йиғилишларини ўтказиш масалалари билан шуғулланувчи Ташқи иқтисодий ҳамкорлик Бош бошқармаси ташкил қилинди.
 
Консуллик бошқармаси негизида Консуллик-ҳуқуқ департаменти тузилди. Унинг таркибида фуқаролар мурожаатлари билан шуғулланувчи алоҳида бўлим очилди. Фуқароларимиз мурожаатларини 24 соат режимида қабул қилувчи “Колл центр” хизмати ишга туширилди.
 
Хориждаги ватандошлар билан алоқалар бўлими ташкил қилинди, улар билан ҳамкорлик қилиш бўйича давлат сиёсати концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилди.
 
“Жаҳон” ахборот агентлиги негизида “Дунё” ахборот агентлиги ва Медиа-марказ ташкил этилмоқда. Хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинглар ўтказишга мўлжалланган махсус студия қурилиши бошланди.
 
Чет элдаги дипломатик ваколатхоналаримиз фаолиятини такомиллаштириш, шунингдек, Олма-ота, Оқтов, Владивосток, Қозон ва Ростов-Дон шаҳарларида бош консуллик идораларини ташкил қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
 
Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари ва хорижий ваколатхоналар раҳбарлари аттестация қилиниб, уларнинг натижалари буйича тегишли қарорлар қабул қилинди.  Янги ходимларни қабул қилишга бағишланган Очиқ танлов тўғрисидаги низом ишлаб чиқилмоқда.
 
ЖИДУ фаолиятини такомиллаштириш бўйича Президент фармони қабул қилинди. Ушбу ҳужжат мутахассисларни танлаб олиш, тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимининг самарадорлигини кучайтиришга қаратилган. Гид ва таржимонлар тайёрлаш бўйича янги факультет очилмоқда, Олий дипломатия мактаби ташкил этилмоқда.
 
Ҳурматли мажлис қатнашчилари!
 
Биз Ташқи ишлар вазирлиги олдида турган вазифаларни самарали амалга оширишга тўсқинлик қиладиган муаммолар ҳақида бир неча бор тўхталиб ўтгандик. Ушбу муаммоларнинг аксарияти ўз ечимини топмоқда, аммо баъзилари ҳозиргача долзарб бўлиб қолмоқда. Масалан:
 
- хорижий муассасалар орқали келадиган таклифларнинг тегишли вазирлик ва идоралар томонидан узоқ муддатларда кўриб чиқилиши?
 
- батафсил ишлаб чиқилган ва профессионал тарзда тузилган инвестицион лойиҳаларнинг камлиги?
 
- ҳокимликларда хорижий шериклар билан ҳамкорлик қилиш борасида аниқ режаларнинг мавжуд эмаслиги?
 
- дипломатик ваколатхона ходимларининг ҳисоботлар тайёрлаш билан ортиқча бандлиги (ойига 30 дан ошиқ) сабабли улар ўз салоҳиятларидан тўла фойдалана олмаётганликлари.
 
Мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун қуйидагиларни зарур деб ҳисоблаймиз:
 
- идоралараро ҳамкорлик самарадорлигини ошириш, хорижий миссиялар фаолиятини такомиллаштириш масалалари бўйича Вазирлик томонидан киритилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилинишини тезлаштириш?
 
- ҳар бир халқаро ташриф ва хорижий ишбилармон доира делегацияларининг ҳудудларга келишидан аввал ҳокимиятлар томонидан олдиндан пухта тайёргарлик кўриш?
 
- вазирликлар, идоралар ва ҳокимликлар фаолиятига хорижий шериклар билан ўтказилган учрашувлар ва музокаралар натижалари бўйича Ташқи ишлар вазирлигига ҳисоботлар тақдим этиш амалиётини киритиш?
 
- ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ҳисобот беришнинг замонавий усулларини ишлаб чиқиш?
 
- турли соҳалар бўйича тақдим этилаётган ҳисоботлар инвентаризациясини ўтказиш ва уларнинг сонини оптималлаштириш.

Теглар:Ялпи мажлис Олий Мажлис Сенати Абдулазиз Комилов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар