...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Ягона дарча” марказлари ҳокимиятлардан Адлия вазирлиги бошқарувига ўтказилмоқда


19:23, 09.02.2017 Жамият
 3 079

“Ягона дарча” марказлари томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун 16 турдаги рухсатномаларни бошқа идораларга бормасдан расмийлаштириш амалиёти жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятини ижрочилар ва аҳолига етказишга бағишланган анжуман ўтказилди.
 
Унда Тошкент шаҳри ва вилояти адлия бошқармалари масъул ходимлари, ушбу минтақалардаги “ягона дарча” марказлари раҳбарлари ва ходимлари, фаолияти ушбу марказлар билан боғлиқ  муассаса ва ташкилотларнинг мутахассислари, ҳуқуқшунослар ва  хусусий сектор вакиллари   иштирок этдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
 

Анжуман аввалида мазкур қарорнинг қабул қилинишига туртки бўлган сабаблар тилга олинди.Таъкидланганидек, аҳоли  билан бўлган очиқ мулоқот, тадбиркорлик субъектлари билан ўтказилаётган учрашувлар лицензия ва рухсатнома бериш, муҳандислик-коммуникациялари тармоқларига уланиш жараёнларида давлат хизматларини “бир дарча” тамойили асосида кўрсатишни самарали ташкил этишга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммолар сақланиб келаётганлигини кўрсатди.
 
Қайд этиш жоизки, тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини бошлаши учун ҳанузгача турли давлат органларига мурожаат этишга мажбур бўлмоқда, лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириш жараёнларида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан лозим даражада фойдаланилмаяпти, кўпчилик давлат хизматлари анъанавий усулларда қоғоз манбалари орқали кўрсатилмоқда.
 
Президент қарорига мувофиқ туман ва шаҳарларда фаолият кўрсатаётган “ягона дарча” марказлари туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқарувига ўтказилмоқда. Бу “ягона дарча” марказлари устидан вертикал бошқарувни ўрнатиш, уларнинг фаолиятини ва бошқа давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил этишга нисбатан тизимли ёндашувни белгилаш имкониятини беради, дейилади хабарда.
 
Банклар ва кредит бюролари, уларнинг филиаллари ва ваколатхоналаридан ташқари барча тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш “ягона дарча” марказларига юклатилмоқда. Ушбу чора тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг мавжуд тарқоқ тизими ўрнига янги яхлит тизимини яратишга қаратилган.
 
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги “ягона дарча” марказлари фаолиятига умумий раҳбарликни ҳамда тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатишга оид қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга оширувчи ваколатли орган этиб белгиланди.
 
Мазкур вазифаларни бажариш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси негизида Давлат хизматларини кўрсатишни мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бошқармаси, жойларда эса унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилади.
 
“Ягона дарча” марказлари орқали давлат хизматларини сифатли ва самарали кўрсатишга тўсқинлик қиладиган муаммоли масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш учун тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Республика ва ҳудудий комиссиялар ташкил этилмоқда.
 
Мазкур комиссиялар тизимли равишда, шу жумладан жойларда халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш орқали муаммоларни аниқлаш ва давлат хизматларининг сифати, эркинлиги ва шаффофлигини оширишга қаратилган зарур чораларни кўриш билан шуғулланади.
 
Маълумки, 2016 йил 1 январдан “Ягона дарча” марказлари томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун  16 турдаги рухсатномаларни бошқа идораларга бормасдан расмийлаштириш амалиёти жорий этилди. Бу ўз навбатида сансалорликларнинг олдини олишга, тадбиркорлик субъектларининг вақтлари ва моддий сарф-харажатларини тежашга кўмаклашди.
 
Ушбу ижобий амалиётни янада кенгайтириш мақсадида қарорда талаб энг юқори бўлган қўшимча 86 та турдаги лицензия ва рухсатномаларни “ягона дарча” марказлари орқали расмийлаштириш механизмини босқичма-босқич жорий этиш назарда тутилмоқда.
 
Эндиликда, тадбиркорлик субъекталри юқоридаги лицензия ва рухсатномаларни олиш учун бошқа идораларга бормасдан, уларни аниқ муддатларда берадиган “ягона дарча” марказларига тўғридан-тўғри мурожаат қилишлари мумкин. “Ягона дарча” марказлари барча зарур келишиш таомилларини тадбиркорлик субъекти иштирокисиз мустақил амалга оширадилар.
 
Бундан ташқари, 2018 йил 1 январдан бошлаб “ягона дарча” марказлари орқали тақдим этиладиган лицензия ва рухсатномаларни қоғоз шаклидаги махсус бланкаларда мажбурий расмийлаштириш талаби бекор қилинади. Бунда берилган, амал қилиши тўхтатиб қўйилган, қайта тикланган, қайта расмийлаштирилган, бекор қилинган рухсатнома ва лицензиялар тўғрисидаги маълумотларни “Лицензия” ахборот тизимлари мажмуаси орқали олиш имконияти яратилади. Ушбу тизимни жорий йилнинг 1 чорагида  ишга тушириш  назарда тутилмоқда.

Теглар:Ягона дарча Адлия вазирлиги Ҳокимликлар Тадбиркорлик субъектлари 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар