...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Унвони бор катта шоирман, лек ўлгудай латта шоирман” Иқбол Мирзога очиқ хат


20:51, 17.08.2018 Таҳлил
 52 597

Агар шоир ўтган йилларни қора туш кўраётган даврларга қиёслаган бўлса, олган мукофотларини қайтариши керакмасми?

Тарихдан маълумки, адиблар одамлар ичидаги гапларни, миллат қайғусини, Ватанга бўлган муҳаббатни тараннум этиб келган.
 
Бу мавзуда сўз юритишимизга “Халқ сўзи”да эълон қилинган “Ёнган юрак зиёси” сарлавҳали мақола сабаб бўлди.
 
Ушбу мақолани чакана шоир эмас, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо ёзганлиги кўпчиликни лол қолдирди. Чунки мақолада шоирнинг ажабтовур мулоҳазалари кишини ҳайратга солади.    
 
Сизга ушбу мақоладан айрим жойларини келтириб ўтамиз.
 
Жумладан, мақоланинг учинчи хатбошиси шундай бошланади. “...кўп йиллар давомида ўзимизни алдаб, ўзимизга маҳлиё бўлиб, бино қўйиб яшадик. Ён қўшниларимизни бездириб, дўстдан душман ясадик, таълимни ислоҳ этамиз деб, болаларимизни кўрсавод қилдик, тиббиёт ғорат бўлди, эркин сўзнинг томоғидан хиппа олдик. Натижада кун кўриш учунгина яшайдиган, юрагига қўрқув уя қурган, қориндан бошқа нарсани ўйламайдиган, қўшнисига қайишмайдиган, лоқайд ва карахт муҳит пайдо бўлди. Шу аснода истеъдодлар четга сурилиб, устоз адиблар эътиборсиз қолдирилди. Дарди ичига тушган миллатсевар зиёлилар узлатга чекинди. Кўпчиликнинг кўнгли тубидаги келажакка умид шамлари бир-кетин ўча бошлади. Биз умумий қора туш кўраётгандек эдик. Ҳа, улуғ адибимиз айтганидек, қанча-қанча умрлар тушда кечди, уйқуда зое бўлди”.
 
Ўзбекистон ҳақида умуман тасаввурга эга бўлмаган бирон бир хорижлик ушбу мақолани ўқиса, Ўзбекистонда 25 йил мобайнида фақат қоронғи кунлар, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий инқирозлар ҳамда қўрқув ва таҳликали йиллар бўлганлиги каби таассурот уйғотади.
 
Ўтган мустақиллик йилларига бир назар ташласак, хорижий ёвуз ниятли кучлар томонидан Ўзбекистонни парчалаш, уруш ўчоғига айлантириш учун қандай хунрезликларни кўрмади ўзбек халқи. Жумладан, миллатлар ўртасидаги қонли низолар ва диний экстремистик оқимларнинг зарбаларидан омон чиққан халқ сифатида ўзининг тинчликпарвар сиёсати ва бағрикенглик қадриятлари билан осуда кунларга етиб келди. Ўзбекистонни дунё таниди, манаман деган қудратли давлатлар ҳисоблашадиган бўлди.
 
Лекин, ўша ўтган йилларда эса қўшни республикаларда “фуқаролик урушлари” ва “рангли инқилоблар” рўй бериб, давлатларни пароканда аҳволга келтириб қўйди.
 
Мавзуга қайтадиган бўлсак, шоир ўзи айтганидек, “...кун кўриш учунгина яшайдиган, юрагига қўрқув уя қурган, қориндан бошқа нарсани ўйламайдиган...”  даврда Ватан ва оқилона сиёсат улуғланган шеърларини яратиб, халқ шоири унвонини олган эканда.
 
Шоир таълимни ислоҳ этамиз деб, болаларимизни кўрсавод қилдик, деган жумлаларни ишлатган ўз мақоласида. Лекин ўзи қаролаётган ўша даврларда мана бу мисраларни ёзганди.
 
Маънавият уммонида дур тердик,
Маёқ бўлиб йўлсизларга йўл бердик,
Муҳтож қолган ғанимга ҳам қўл бердик,
Аввал келинг, кўринг Ўзбекистонни.
 
“Аввал келинг, кўринг Ўзбекистонни” деб ном олган ушбу шеърда мамлакатнинг кун сайин ривожланиб бораётгани мадҳ этилганди.
 
Гуллаётган, ўсаётган элдир бу,
Зулмат йўлин тўсаётган элдир бу,
Инсон номин безаётган элдир бу,
Аввал келинг, кўринг Ўзбекистонни.
 
Ўқиганингиздек, бу ерда Ўзбекистоннинг яқин 25 йилликдаги, тўғрироқ айтадиган бўлсак, Истиқлол йилларидаги тарихи, элнинг инсон номини безаётгани, дунё илм-фанига, маданиятию маърифатига улкан ҳисса қўшаётгани эътироф этилган. Ўйлаб кўринг, булар ҳаммаси қора туш бўлса, аслида биз ҳеч нарса қилмай, қўл қовуштириб ўтирган бўлсак, бу шеърлар нега ёзилган, нега миллат, давлат, давлатчилик мадҳ этилган? Нега?
 
Шоир шеърларидан бирида ўқувчисига бир неча саволлар билан мурожаат қилади.
 
Бу бинолар қайдан бино бўлди экан?
Ким боболар қаддин расо қилди экан?
Нечук бизни бугун дунё билди экан?
Озодлик ҳам, ободлик ҳам ўзи келмас,
Ойдан тушган эмас, кўкдан тушган эмас.
 
Йўқ, Иқбол Мирзо мақоласида ёзганларини бир ёнга, шеърини бир ёнга қўйиб, юқоридаги мисраларда айтилган саволларни ўқувчига эмас, ўзига берса, адолатли бўлар эди.
 
Ўн саккизга кирган йигит сўзига боқ,
Юзига боқ, олов ёнган кўзига боқ.
Бу энг буюк хазинадир, дўстим, бироқ
Озодлик ҳам, ободлик ҳам ўзи келмас,
Ойдан тушган эмас, кўкдан тушган эмас, деб ёзади Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо “Ойдан тушган эмас” деган шеърида ойдан тушмаганини била туриб. Шеърга ишонайликми ё мақолага? Мақоласида болаларимизни кўрсавод қилдик, деган шоир, шеърида ўн саккизга кирган йигитнинг кўзи чақнаб тургани, сўзи кескирлигини ифода этишга уринади. Бу ўша, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг ўн саккиз йиллиги тантаналарида Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова томонидан ижро этилган қўшиқ. Мақолада Иқбол Мирзо ўз ёзганларини рад этаётганига қараганда, шеърнинг ҳам, қўшиқнинг ҳам умри тугаган. Шундайми?
 
Навоий, Бобур, боринг ана Чўлпон ва Қодирийни нега қадрлаб ўқиймиз, нега уйнинг тўрида сақлаймиз..? Асарлар замон, макон, шароит танламаганида эмасми?!
 
Тўғри, тан олиш керак, ўтган икки йилда Ўзбекистонда буткул янги давр бошланди. Ривожланиш шу қадар илдамлаб кетдики, ҳар соҳадаги ўзгаришлар, янгиланишлар одамларни шошириб қўймоқда. Халқнинг кайфияти ўзгарган. Аввал дўконда бир-бирига туртилиб кетса, бор заҳрини сочадиган одамлар, бугун қўлига пул, ишига ривож қўшилиб, кайфияти, ҳаётга қарашлари ўзгарган. Эртанги кунга чинакам ишонч билан яшаётганини, қўрқмай ичидагини ташқарига чиқараётганини кўряпмиз. Кимдан сўраманг, Президентнинг телевизорда айтган гапларини эшитиб руҳлангани, бирор лойиҳага қўл уришни истаётганини айтади. Жуда бўлмаса, тадбиркорлар сафи кенгаяётганига гувоҳ бўляпмиз. Ҳақиқатан ҳам Президент Шавкат Мирзиёевнинг ғайрати, шижоати одамларга кўчяпти. Халқ унинг қўлидан тутишни, истиқболни бирга қуришни чин дилдан истаяпти. Шикоятчиликни четга суриб, айбни ўздан ахтариш, муаммолар ечимини бирга топишни истаяпти. Тешик тоғорани кимдир ямаб беришини кутмаяпти. Шундай экан, шоирлар замонни зулматга айлантиришидан, ўтган даврни қоралайверишидан нима наф? Устига устак ўша даврда мадҳиянинг додасини ўзи ёзган бўлса...
 
Бундай ташбеҳ айтувчилар ҳамма даврда, ҳамма жамиятда топилганига шубҳамиз йўқ. Зарари кўп, янги ишларга, Давлатнинг ислоҳотларига мақтовлари билан ҳалал беришга уринади. Борни йўқ, йўқни бор қилиб кўрсатишга уста бўлади. Бу орқали халққа ё давлатга фойда келтиради, деб ўйлайсизми? Йўқ, асло!
 
Бугун депутат, эртасига сенатор, кейин ҳоким биз узлатда эдик, уйқуда эдик, деб ОАВда чиқиш қилиши халқда фақат бир саволни уйғотяпти: 25 йил ухлаган бўлсангиз, қай маҳал бой тадбиркор, қай маҳал депутат ё сенатор бўлдингиз? Демак, ухлаб ҳам шунча иш қилса бўларканда а?
 
Шу ўринда Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзонинг сенатор бўлиши, ўша қора туш кўрган, бир эмас, икки марта сенатор бўлган даврларини ёдга олсак.
 
Биласиз, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Сенатига аъзолик беш йилда бир, сайлов орқали амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Конститусиясининг 77-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олти нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади.
 
Шундан келиб чиқиб, Иқболжон Мирзаалиев вилоят кенгаши депутати бўлмаса ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 22 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзоларини тайинлаш тўғрисида”ги фармони билан Светлана Ортиқова, Содиқ Сафоев, Александр Фармонов каби бир қатор кўзга кўринган соҳа мутаххасислари билан Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб тўғридан тўғри тайинланган.
 
Хўш, Иқбол Мирзо бугун “Халқ сўзи”да қоралаганларини нега ўша даврларда ёзмади? Нега ўзи бирор ислоҳот қилмади, ўша ёмон кунларни ўзгартиришга интилмади? Ҳолбуки, у яна сенаторликка қайта тайинланди.
 
5 йил ўтгач, унинг Олий Мажлис Сенатидаги муддати якунига етади. Ўзбекистон Республикаси Президенти 2015 йилнинг 20 январь куни имзолаган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларини тайинлаш тўғрисида”ги фармони билан Иқбол Мирзони тўғридан тўғри Сенат аъзолигига тайинлаб, унга яна бир бор юксак ишонч билдирган эди.
 
Кўриб турганингиздек, Иқбол Мирзо ҳали-ҳануз ўша фармонга мувофиқ сенаторлик лавозимида фаолият юритиб келмоқда. (!)
 
Бундан ташқари, шоир “...истеъдодлар четга сурилиб, устоз адиблар эътиборсиз қолдирилди. Дарди ичига тушган миллатсевар зиёлилар узлатга чекинди. Кўпчиликнинг кўнгли тубидаги келажакка умид шамлари бир-кетин ўча бошлади...”, деб таърифлаган даврда кўплаб давлат мукофотларини қўлга киритган.
 
Масалан, 1999 йил “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. 2005 йилда Ўзбекистон халқ шоири унвони берилган. 2014 йилда “Фидокорона хизматлари учун” орденига муносиб кўрилган.
 
Агар шоир ўтган йилларни қора туш кўраётган даврларга қиёслаган бўлса, олган мукофотларини қайтариши керакмасми? Буёғи унинг виждонига ҳавола.
 
Хуллас, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзонинг “Кечагина” номли шеъри билан мақолани якунлашни маъқул кўрдик.
 
Кечагина ғўр шоир эдим,
Ғўр эдим-у, зўр шоир эдим.
 
Шеър тўқирдим дангал, қўрқмасдан
Ва ўқирдим ҳар гал қўрқмасдан.
 
Бугун эса ўйлаб ёзаман,
Битта шеърни ойлаб ёзаман.
 
Ғазал битсам, бирор жононга
Тегмасмикан қуда томонга?
 
Атрофимда қиз кўп, аёл кўп,
Жавоб берай десам савол кўп.
 
На кўнглимни тўка оламан,
На ўғлимни сўка оламан.
 
Шаббодалар сўз бўлиб оқар,
Юлдузлар ҳам кўз бўлиб боқар.
 
Унвони бор катта шоирман,
Лек ўлгудай латта шоирман.
 
Кечагина ғўр шоир эдим,
Ғўр эдим-у, зўр шоир эдим...
Қамариддин Шайхов
Санжар Жўра

Теглар:Иқбол Мирзо Ўзбекистон халқ шоири 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Арсланбек
08:37 18.08.2018

Бу Мирзо шоирнинг маколасига ажабланмаса хам булади. Тарихда бунакп вокеалар куп булган. Аксарият шоирлар, ёзувчилар юкорига ёкаш учун хар макомга йургалаган. Яна узларини зиёли санашади. Хакикий зиёлилар хеч нарсадан куркмай халк дардини дангал айтишган. Бунинг учун жазоланишдан хам куркишмаган. Ана ушаларни зиёли дейиш мумкин. Хозирги мирзовпччалар факат чиройли гап тукишга уста. Менимча уша фидойи мехнати учун орденини кайтармаса хам булади. Чунки юракдан чикариб езилмаган нарсани чиройли калиб ёзиш анча мехнат талаб калади. Умуман олганди барча шеърларга ишонавериш яхши эмас.


sobir
07:23 18.08.2018

Агар шоир ўтган йилларни қора туш кўраётган даврларга қиёслаган бўлса, олган мукофотларини қайтариши керакмасми? албатта қайтариш керак..... бу маддохлик -ку


Баходир
07:18 18.08.2018

Макола учун рахмат ! Бундай ношукур бандаларга шундай муносабатда булиш керак, то улар узлигини англамагунча. .....


Nilufar
22:46 17.08.2018

Qamariddin Shayxov sizga rahmat xaqiqatni yozibsiz , aslida bunday noshukrlar zamon qanday bolsa xam noliyveradi, nonko'r bolmaslik k.k


Ислом
22:41 17.08.2018

Рахмат сизларга. Шунака икки юзламачи одамлар куп. Кандай килиб шунака гапларни ёзган. Мустакиллик ва отамиз утган кун якинлашаётганда. Хурматимни бутунлай йукотди бу инсо.



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!