...
МЕНЮ
ONLINE TV

Иқбол Мирзо шоир Абдулла Орипов хотирасига марсия ёзди


17:28, 08.11.2016 Жамият
 7 278

Иқбол Мирзо Абдулла Ориповга атаб ёзган шеърини омма эътиборига ҳавола этди.

Бугун, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг вафот этганига 3 кун бўлди. Шу вақт ичида буюк шоир,Ўзбекистон Республикаси Мадҳияси матни муаллифини эслаб қатор шоирлар у ҳақидаги хотиралари, унга атаб ёзган шеърлари билан ижтимоий тармоқдаги саҳифалари орқали ўртоқлашишди.
 
Шоира Фарида Афрўзнинг Абдулла Орипов хотирасига ёзган шеъридан сўнг, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо ҳам устоз шоир хотирасига атаб ёзган қасидасини Facebook’даги саҳифаси орқали чоп этди.
 
Шоир вафотига
Бу йил оғир келди Ўзбекистонга,
Садафдек дурларим тўкилди қатор.
Чиғатойтепага шудрингдек томган,
Ҳали қуримаган кўзёшларим бор...
 
Алвидо, муҳтарам Абдулла Ориф!
Гарчи ажал бермас ҳеч кимга омон.
Вале шоирсиз эл ғарибдан ғариб,
Шоирга тош отган миллат – оломон.
 
Ғийбат қилиб тўкдик гуноҳингизни,
Сиздан қолган майдан майда хўплашиб.
Муҳташам ҳаётдан бездирдик Сизни,
Гоҳ якка тартибда, баъзан кўплашиб.
 
Кимдир қайта-қайта топар асолар,
Уни косов қилар бошқа ғўр банда.
Ҳа, казо-казолар ва ҳоказолар
Ҳушёр тортар эди Сизни кўрганда.
 
Сиз билан юзма-юз қолсак ногаҳон,
Ёдга солардингиз кимлигимизни.
Кеча не сабабдан эдигу бийрон,
Бугун не сабабдан жимлигимизни.
 
Рост сўзни айтмоқлик мушкуллиги рост,
Гўзал оҳ тортмоққа юрак керак, оҳ!
Тафаккур шиддати Навоийга хос,
Темурбекка оид бу қаттиқ нигоҳ.
 
Бол томизиб мақтаб асарларини,
Шоирни бундайроқ кўргувчилар бор.
Тутун пуркаб ҳайдаб асаларини,
Асални ўймоқлаб ургувчилар бор...
 
Оқибатни ўйлаб чекдингиз алам,
Гина, ўкинчингиз беғараз тамом.
Мақсадингиз – завол топмасин олам,
Одамга ярашсин инсон деган ном.
 
Сизга ошно бўлдим болалик кездан,
Сиздан ранглар олдим сўзимга аён.
Эл қатори қарздор эдим мен Сиздан,
Ўзимнинг армоним ўзимга аён...
 
Баҳри муҳит тўлқин урар ёлвориб,
Юлдузлар йўл қарар жавдираб илҳақ.
Мендан рози бўлинг, Абдулла Ориф,
Сиздан рози бўлсин Ҳокими мутлақ!
 
Эслатиб ўтамиз, Абдулла Орипов 5 ноябрь куни АҚШнинг Хьюстон шаҳрида вафот этди. У бугун, 8 ноябрь куни Тошкентдаги Чиғатой қабристонига дафн этилиши керак эди. Бироқ, номаълум сабабларга кўра, дафн маросими қолдирилди.
Умида Якубова

Теглар:Абдулла Орипов Иқбол Мирзо 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Muhriddin
20:41 08.11.2016

iloyo joylari jannatda bo'lsin



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар