...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ёшлар уйининг бошланғич тўлови шаҳар ва қишлоқ жойларда турлича бўлади


13:14, 27.09.2017 Жамият
 3 854

Абдулла Арипов ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири 23 сентябрь куни “Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.
 
Вазирлар Маҳкамасининг қарори
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида” 2017 йил 5 июлдаги ПФ-5106-сон Фармонини бажариш юзасидан, шунингдек, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилаларга узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари бериш йўли билан уларнинг уй-жой ва маиший шароитларини янада яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
 
1. Ёш оилалар учун уй-жойлар қуриш Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида” 2016 йил 21 октябрдаги ПҚ-2639-сон ҳамда “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида” 2016 йил 22 ноябрдаги ПҚ-2660-сон қарорларида (кейинги ўринларда дастурлар деб аталади) назарда тутилган тартибда ва маблағлар ҳисобидан амалга оширилаётгани маълумот учун қабул қилинсин.
 
2. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банки ҳамда Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг 2018-2021 йилларда мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилалар учун уй-жойлар қуриш параметрларини иловага мувофиқ тасдиқлаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
 
3. Қайд этилсинки, дастурлар доирасида узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари (кейинги ўринларда ипотека кредити деб аталади) беришнинг қуйидаги шартлари белгиланган:
 
шаҳарларда кўп квартирали арзон уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш учун — 3 йиллик имтиёзли давр ва дастлабки 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз миқдоридаги фоиз ставкаси билан ва кейинги даврда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида 20 йил муддатга берилади, бунда дастлабки бадал квартира қийматининг 25 фоизни ташкил этади;
 
қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш учун — 3 йиллик имтиёзли давр ва дастлабки 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз миқдоридаги фоиз ставкаси билан ва кейинги даврда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида 15 йил муддатга берилади, бунда дастлабки бадал қуйидаги миқдорни ташкил этади:
 
икки, уч қаватли кўп квартирали (2 ва 3 хонали) уйлар ва 2, 3 хонали бир қаватли уйлар учун — 15 фоиз;
 
икки қаватли 4 хонали бирлаштирилган уйлар учун — 25 фоиз.
 
4. Шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилалар учун ипотека кредитлари бўйича қуйидаги шаклдаги тўловлар назарда тутилган қўшимча имтиёзлар берилади:
 
ипотека кредитларини олган ёш оилаларнинг кредитни тўлаш муддати давомида кейинчалик уни қайтариш шарти билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағлари ҳисобидан уй-жой сотиб олиш учун дастлабки бадалларни тўлаш;
 
ипотека кредити бўйича биринчи беш йил ниҳоясига етгандан кейинги бутун муддат учун ҳисобланадиган фоизларнинг Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизи миқдорида тўлаш.
 
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон ёшлар иттифоқини таъминлаш учун ҳар йили тасдиқланадиган сметалар доирасида мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилаларга ажратиладиган ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадалларни тўлаш ҳамда фоизли харажатларни қоплаш учун зарур маблағларни назарда тутсин.
 
6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан келишган ҳолда, уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредитлари бўйича қўшимча имтиёзлар бериладиган, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилаларни танлаш тартиби тўғрисидаги низомни бир ой муддатда ишлаб чиқсинлар ҳамда тасдиқласинлар.
 
7. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда бошқа дахлдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда, мамлакат ҳаётида фаол иштирок этиб, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилалар учун уй-жойларни тақсимлашнинг ҳамда уларга ипотека кредитлари бўйича қўшимча имтиёзлар беришнинг шаффофлигини таъминлайдиган электрон тизимни 2018 йилнинг 1 январигача бўлган муддатда ишлаб чиқсин ва жорий қилсин.
 
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси А.Ж.Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.
 
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири
Абдулла Арипов
 
Тошкент, 23 сентябрь

Теглар:Вазирлар Маҳкамаси қарори Абдулла Арипов Ёшлар уйи 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар