...
МЕНЮ
ONLINE TV

Яйловлардан фойдаланиш қонун билан тартибга солинади


19:15, 23.01.2019 Жамият
 4 545

Ўтган асрнинг 90-йилларида яйловларда 247 турдаги ўсимлик учраган бўлса, ҳозир атиги 42 тури қолган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Яйловлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Қонуннинг асосий мақсади – яйловлардан самарали фойдаланиш учун шарт-шароит яратишдан иборат. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси сайтида хабар берилган.
 
Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари ташаббусига кўра Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан биргаликда ишлаб чиқилган.
 
Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди, ҳозир парламент қуйи палатасининг фракциялари ва қўмиталарида фаол муҳокама қилинмоқда.
 
Яйловлардан фойдаланиш бўйича самарали ҳуқуқий механизм яратилмагани, мазкур соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи махсус қонун қабул қилинмагани, давлат бошқаруви органларининг ваколатлари аниқ белгиланмагани, илмий-тадқиқот ва инновацион ишланмалар жорий этилмагани, сув таъминоти иншоотлари эскиргани натижасида яйловларнинг ҳолати йилдан-йилга ёмонлашиб бормоқда.
 
Кейинги 35–40 йил давомида кўчма чорвачиликда яйловлардан меъёрдан ортиқ фойдаланиш, молларни яйловларда ортиқча боқиш ҳамда бошқа антропоген таъсирлар натижасида чорва озуқаси ҳажми камайиб, яйлов ерлари инқирозга юз тутмоқда. Ҳозирги кунга келиб яйлов майдонларидан 16,4 млн гектари (78 фоизи) инқирозга учраган, 20 фоиздан ортиқ майдондаги яйлов ва пичанзорда ўсимликлар сони ҳамда турлари камайиб, маҳсулдорлик 2 баробарга қисқарган. Агар ўтган асрнинг 90-йилларида яйловларда 247 турдаги ўсимлик учраган бўлса, ҳозир атиги 42 тури қолган. Бошқалари хўжасизларча фойдаланиш ва пайҳон қилиш натижасида йўқолган.
 
Аксарият ривожланган мамлакатларда яйловлардан оқилона фойдаланишни ҳуқуқий тартибга солиш масалалари махсус қонунлар билан белгилаб қўйилган. Қўшни давлатлар (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон) ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш яйловлардан фойдаланишда йўл қўйилган хато ва камчиликларнинг олдини олиш имконини беради.
 
Кўриб чиқилаётган қонун лойиҳасининг фарқли жиҳати – унинг тўғридан-тўғри амал қилишида, яъни нормалар қўшимча қонуности ҳужжатлар қабул қилинишини талаб этмайдиган императив шаклда баён этилган.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Қонунчилик палатаси Яйлов чорвачилик 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар