...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ҳомиладорликда қон босими: машқлар, тавсиялар ва доимий кузатув амалиёти


16:56, 04.10.2017 Саломатлик
 3 753

Асабийлашган, бирорта ташвишни ўйлаб сиқилган ёки кимнингдир “қилиғи” асабингизга тегиб турган бўлса...

“Саломатлик” туркуми орқали берилаётган аввалги маълумотлар орқали ҳомиладорлик даврида қон босимининг ортиши ёки тушиши қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида билиб олдингиз.
 
Навбатдаги маслаҳатлар унинг асоратларини бартараф этишга қаратилган тавсиялардан иборат.
 
Қон босими назоратининг аҳамиятли томонлари...
 
Хавфли гуруҳга киритилган ҳомиладор аёлларнинг қон босими тез­тез назорат қилиб турилмоғи зарур.
 
Ушбу гуруҳга: олдинги ҳомиладорликда ҳомиланинг тушиши (бола ташлаш) содир бўлган ёки асоратли туғруқни бошидан кечирган аёллар, шунингдек, ортиқча вазндан азият чекаётганлар, гормонал хасталикларга дучор бўлганлар, буйрак ва бошқа ички аъзолар фаолиятидан шикоят қилган беморлар киритилади.
 
Юқорида келтирилган ҳолатларга ўхшашлари содир бўлса, ўша ҳомиладор аёл шифокорнинг доимий назорати остида (айниқса қон босими тез­тез ўлчаниб турилади) бўлиши лозим.
 
Ҳомилаликнинг дастлабки, ўрта ва охирги босқичларида ҳомиладор аёл танасидаги қон босими қандай кўрсатгичларни қайд этганига қараб шифокор беморга муолажада тайинлайди.
 
Негаки, туғруқ вақтида онанинг қон босими нормал бўлиши кўп томонлама аҳамиятли.
 
Паст қон босими ниманинг аломати?
 
Бу вазият кўпинча кечаси юзага келиши мумкин. Ҳомиладор аёл ҳеч бир нарсада безовта бўлмасдан осуда ухлайди, қон босими эса физиологик жараёнлар туфайли тушиб кетади ва натижада ҳомилага нафас етишмайди.
 
Албатта, тинч ухлаётган аёлни безовта қилиб, бемаврид вақтда ҳеч ким унинг қон босимини ўлчамайди.
 
Шунинг учун, жадвал асосидаги тиббий кўрик пайтида шифокорлар томонидан қон босимининг ўзгариб туришини олдини оладиган тавсиялар, дори­дармонлар берилиши мумкин.
 
Қон босими меъёрдан ошиб кетди..?
 
Қон босимининг ўзгариб, яна ўз ҳолига келиши неча соат давом этишини ҳисоблаб қайд этиш зарур.
 
Агар бу ҳолат жисмоний фаоллик, ҳаяжон, қайғу ёки қувончли хабар таъсирида бўлса, гипонзив терапияга ҳожат йўқ. Организм аввалги нормал ҳолатини тезда тиклаб олади.
 
Қон босимининг сезиларли даражада ортиши (унчалик катта бўлмаган фарқ назарда тутилаяпти) қўйидаги ҳоллардан сўнг тонометр рақамларида ифодаланиши мумкин:
 
  • кофе ёки аччиқ чой ичганингиздан сўнг, плиткали шоколад есангиз ё тамаки чекилган жойда туриб қолган бўлсангиз;
 
  • таркибида қон босимини оширувчи гиёҳлар бўлган (лимонник, жень­шень) малҳамлар истеъмол қилган ёки баданингизга шундай малҳамларни суртган бўлсангиз;
 
  • асабийлашган, бирорта безовта ўйни ўйлаб сиқилган ёки кимнингдир “қилиғи” асабингизга тегиб турган бўлса (масалан: шифокор қабулидаги навбатда соатлаб туриб қолган бўлсангиз);
 
  • тез­чаққон ҳаракат билан юрган, зинапоядан тезроқ чиқкан бўлсангиз ёхуд оғир сумкачангиз ёки қўлингиздаги эмизикли болангизни кўтариб чиққан бўлсангиз;
 
  • шифокорлар кўригига келишингиз билан вужудингизда ҳаяжон турган бўлса, буни руҳшунослар “оқ халат синдроми” деб атайдилар.
 
Қон босимининг сезиларли даражада пасайиши (унчалик катта бўлмаган фарқ назарда тутилаяпти) қўйидаги ҳоллардан сўнг тонометр рақамларида ифодаланиши мумкин:
 
  • ички кийимларингизни сиқиб боғлаган (торини кийган) бўлсангизу бу қон айланишига ҳалақит берадиган даражага етган бўлса;
 
  • қон босимини ўлчаш асбобининг манжети елка артериясини тўлиқ тўсиб қўйиш даражасида боғланмаганлиги туфайли;
 
  • манжетдан ҳавони жуда тез чиқаришлари оқибатида;
 
  • маълум стандартдаги манжетни нозик, ингичка қўлга боғлашса;
 
  • қон босимини ўлчаётганда одатдагидек ўтирмай, ётган ҳолатда бўлсангиз.
 
Юқори қон босимида...
 
Юқори қон босими пайдо бўлганда қуйидаги оддий машқларни бажаришингиз мумкин. Машқлар бажарилаётганда, аниқроғи тавсиялар амалга оширилаётганда ушбу амалиёт сизга маъқул ёки маъқул эмаслигига қараб (руҳий ва жисмоний ҳолатингиздан келиб чиқиб) бажариш тавсия этилади.
 
  • Бош бармоғингизнинг юмшоқ қисми билан умуртқа поғонаси бош суяги билан бирлашадиган чуқурчага босиб, ичингизда ўнгача сананг­да, сўнг қўйиб юборинг. Бу муолажани икки маротаба такрорлашингиз мумкин;
 
  • Бўйнингизнинг орти қисмини хаёлан 3 та горизонтал бўлакка бўлинг. Сўнг ҳар учала қисмнинг ён томонида бир жуфтдан шартли нуқтани топинг. Ҳар иккала қўлингизнинг бош бармоғининг учи билан ҳалиги шартли нуқталар устига босиб туриб, уч марта 10 гача санаб тартиб оширинг;
 
  • Қорин бўшлиғининг кўкрак қафаси билан туташган чизиғида шартли нуқтани аниқланг (туш суягининг усти) ва унга кўрсатгич бармоғингиз билан босиб­қўйиб юбориб, 10 марта таъсир кўрсатинг. Муолажани 10 маротаба такрорланг;
 
  • Ўнг қўлингиз билан чап қўлингизнинг кўрсатгич бармоғини сиқиб, сўнг тортиб қўйинг. Навбатни чап қўлингизга оширинг;
 
  • Ҳаяжонландингизми? Унда ияк остидаги антидипрессия нуқтасини ёдга олинг ва уни соат милига тескари равишда 9–10 марта уқалаб масаж қилинг.
 
Паст қон босимида...
 
  • Бармоқларингизни “панжшоха” ҳолатига келтириб, тепа нуқтасини бурун ва юқори лаб оралиғидаги чуқурчага, пастки нуқтасини пастки лаб ва ияк суяги оралиғига “қадаб”, бармоқ учлари ўрнини алмаштирган ҳолда уқаланг.
 
Муҳими: ҳомиладорлик вақтида қон босимингиздаги ўзгаришларни сезсангиз, ҳар қандай муолажани даволовчи шифокорингиз ва малакали мутахассислар тавсиясига кўра белгиланган тартиб асосида бажаринг.
Улуғ БЕК

Теглар:Ҳомиладорлик даври Қон босими Тавсиялар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!