Кўп яширдик, айрим вақтлар ўқитувчилар ва шифокорларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилинаётгани билан боғлиқ ҳолатлар хаспўшланди.
“Сиёсатга хиёнат”, “кўзбўямачилик”, “душманларнинг тегирмонига сув қуйяпсизлар”, “у (ўқитувчи Диана Енекеева) гўё мен сабаб вафот этди”. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги ижтимоий соҳа ходимларининг мажбурий меҳнатга жалб қилинишини ана шундай оғриқли сўзлар билан қаттиқ танқид қилганди.
Кўп яширдик, айрим вақтлар ўқитувчилар ва шифокорларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилинаётгани билан боғлиқ ҳолатлар хаспўшланди. Ободонлаштиришга чиқмаган ўқитувчилар, шифокорлар, мактаб раҳбарлари ҳақоратлаш, вазифасидан озод этиш даражасигача борилди. Кейинги пайтларда эса мажбурий меҳнатга жалб этишни “ўз хоҳиши билан ободонлаштириш ишларига чиқарилди” деган чўпчак билан оқлаш урфга кирди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан энди мамлакатда бундай ҳолатларга буткул чек қўйилади.
Бугуннинг ўзида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ижтимоий соҳа ходимларини мажбурий меҳнатга жалб этишга батамом чек қўйиш бўйича икки муҳим тадбир ўтказилди.
Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати раҳбари Комилжон Алламжонов телевидение орқали чиқиш қилиб, мажбурий меҳнатга жалб қилишга чек қўйиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилиниши, Самарқандлик ўқитувчи Диана Енекееванинг ўлимида айбдорлар юридик жазо олишини маълум қилганди.
Кечга бориб Ўзбекистон Республикаси Бош вазири фавқулодда видеоселектор йиғилиши ўтказди. Ушбу йиғилишда вазирликлар, вилоят, шаҳар, туман ҳокимлиги раҳбарлари иштирок этди. Йиғилиш танқидий руҳда ўтди.
Ҳукумат раҳбари йиғилишни бир неча йил аввал Ўзбекистонда пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланилганини урғулашдан бошлади.
“Бир неча йил аввал республикамизнинг пахтачилик соҳасида болалар меҳнати қўлланилаётгани халқаро ташкилотлар томонидан доимий танқид қилинар эди. Ўша вақтда ҳукумат раҳбари бўлган Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан халқаро кузатувчиларга жойларга чиқиб, мониторинг ўтказишлари учун барча шароит яратиб берилди. Бу бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори ҳам қабул қилинди. Охирги йиллар давомида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан олиб борилган ишлар натижасида юртимизда болалар меҳнати деган тушунчани батамом тугатиш бўйича яхши ижобий натижага эришилиб, буни халқаро ташкилотлар мутахассислари ҳам ўринли тан олдилар”.
Бош вазир Президент болалар меҳнати, мажбурий меҳнатни йўқ қилиш борасида халқаро ташкилотлар билан бир қатор ишларни амалга ошириб турганда, ҳудудлардаги раҳбарлар ҳамон ўқитувчи ва шифокорларни мажбуран ободонлаштиришга жалб қилиб, Президент олиб бораётган саъй-ҳаракатларга салбий таъсир этаётганиларини айтди.
“Ҳаммангизга маълум, Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқларида Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича таъсирчан чоралар кўрилгани таъкидлаб ўтилди.
Лекин болалар меҳнати тугатилган бўлса-да, жойларда ходимларни, айниқса, таълим ва тиббиёт ходимлари мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатлари камаяётгани йўқ. Аксинча, айрим ҳудуд раҳбарлари буни ўзининг “касаллиги”деб билади. Бунда айниқса, юртбошимизнинг ҳудудларга амалга ошираётган ташрифларидан аввал таълим, тиббиёт ходимларини ободонлаштириш ишларига жалб этиш республикамизнинг барча ҳудудларида авж олган. Бу эса миллий ва халқаро қонун ҳужжатларининг қўпол бузилаётганлигини кўрсатмоқда.
Бу ҳақда Президентимиз бир неча бор ҳақли эътироз билдирганлар ва бундай ҳолатларга йўл қўйиш мумкин эмаслиги тўғрисида огоҳлантирганлар.
Президентимиз БМТ Бош ассамблеясиниг 72-сессиясидан келганларидан кейин Олий Мажлис ҳузурида мажбурий меҳнат бўйича алоҳида комиссия ҳам ташкил этилди.
Юртбошимизнинг топшириқларига асосан, 2017 йил пахта йиғим-терим ишларига жалб қилинган талабаларнинг ҳаммаси жойига қайтарилди. Аммо жойлардаги аксарият раҳбарлар бундан хулоса қилиш ўрнига, аксинча, ўқувчиларни қайтаришга қайтариб, ўқитувчи ва шифокорларни кўча тозалашдан тортиб, уй-жой бузиш ишларигача жалб қилиб келяптилар.
Ҳозирги кунда интернет, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларнинг ўрни аҳоли ўртасида жуда катта аҳамиятга эга бўлаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, сиз раҳбарларнинг нотўғри хатти-ҳаракатларингиз давлатимиз ижро органларига, қолаверса, давлатимиз раҳбарлари томонидан олиб борилаётган сиёсатга қаттиқ салбий таъсир кўрсатмоқда”.
Сайтимизни кузатиб боринг. Йиғилишнинг бошқа тафсилотлари тез орада ҳавола этилади.
“Qalampir.uz” интернет нашри раҳбари