...
МЕНЮ
ONLINE TV

Видео: Сирдарёга аҳоли учун олиб келинган суюлтирилган газ Самарқандда “пулланди”


14:28, 06.11.2017 Жамият
 5 623

Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан аҳоли учун мўлжалланган газнинг ўғирланиш ҳолати ҳақида “Ўзбекистон 24” телеканали махсус видеолавҳа тайёрлаган.

Ўзбекистонда 2017/18 йилги куз-қиз мавсумига тайёргарлик ишлари давом этаётган вақтда аҳолини иссиқлик таъминоти, хусусан табиий газ билан таъминлаш масалалари долзарб эканлиги барчамизга аён.
 
Шунингдек, аҳолининг автомобиллар ёқилғисига бўлган эҳтиёжини таъминлаш, аниқроғи бензин ёқилғисининг танқислиги туфайли юзага келган муаммоларни бартараф этиш мақсадида “сиқилган газ” ва “суюлтирилган газ” қуйиш шохобчаларининг фаолияти мувофиқлаштирилмоқда.
 
Аҳолининг зарурий эҳтиёжларига кирувчи бундай тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар, минг афсуски, айрим мансабдор шахслар ва уларнинг “шотирлари” томонидан ноқонуний йўллар билан “бошқа узанларга” йўналтирилмоқда.
 
Масалан, "Ўзтрансгаз" акциядорлик жамияти филиали раҳбари Бахтиёр Эшонқулов бошчилигидаги жиноий гуруҳ аҳоли учун мўлжалланган 265 тонна суюлтирилган газни Самарқанддаги хусусий газ қўйиш шохобчаларига 486 миллион сўмга сотиб юборгани аниқланган.
 
Аниқроғи, миллий хавфсизлик хизмати ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан аҳоли учун мўлжалланган газ ўғирланиши ҳолатини аниқлади. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканали махсус видеолавҳа тайёрлаган.
 
Видеолавҳада айтилишича, "Ўзтрансгаз" АЖ Сирдарё вилояти филиалининг айрим масъул ходимлари маҳаллий аҳоли учун мўлжалланган суюлтирилган газни ўғирлаш жиноятида “балиқнинг боши” бўлиб хизмат қилишган.
 
Сир эмаски, Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида, юқорида таъкидланганидек, аҳолини табиий газ билан таъминлашда объектив қийинчиликлар мавжуд. Аҳоли эҳтиёжини қондириш мақсадида ушбу ҳудудларга “зарурий ёқилғи” газ баллонларда, суюлтирилган ҳолатда етказиб берилади.
 
Сирдарё вилоятининг бир неча туманларида аҳолини газ баллонлари билан таъминлашда узилишлар бўлгач, МХХ Сирдарё вилояти бошқармаси ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида тезкор тадбир ўтказган.
 
Ўтказилган тадбир натижасида аниқланишича, "Шўртаннефтгаз" корхонаси ва Муборак газни қайта ишлаш заводидан олиб келинган 265 тонна суюлтирилган газ аҳолига имтиёзли нархларда сотилиши лозим бўлган. Аммо, "Ўзтрансгаз" АЖ филиали раҳбари Бахтиёр Эшонқулов, газ тарқатиш шохобчаси етакчи мутахассиси Элёр Каримов, мазкур шохобчанинг газ қуювчиси Жаҳонгир Султонов, шунингдек, вилоят газ таъминоти бўйича филиал ҳайдовчиси Эркин Бўтаев газни Самарқанд вилоятидаги хусусий газ қуйиш шохобчаларига нақд пулга сотиб юборган.
 
Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан жиноий иш қўзғатилган.
 

Теглар:Суюлтирилган газ таъминоти Ўзтрансгаз АЖ Жиноят Сирдарё вилояти Самарқанд вилояти 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар