...
МЕНЮ
ONLINE TV

Видео: Орамизда “олма пиш-оғзимга туш” дея осмондан чалпак ёғишини кутадиганлар ҳам бор


17:13, 14.04.2018 Жамият
 5 777

Экин экилмаган томорқаларни кўриб, беихтиёр бу ердагилар баҳор келганидан бехабарга ўхшайди, деган хаёлга бориш мумкин.

Халқимизда “Ерни боқсанг, ер сени боқади”, “Ер – хазина” деган ҳикматли гаплар бор. Тупроғимиз бежиз олтинга қиёсланмайди. Нима экилса, унади. Меҳнатингизни аямасангиз, у ҳам саховатини дариғ тутмайди.
 
Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида 74 та маҳалла фуқаролар йиғинида  35 минг 797 та хонадон истиқомат қилади. Уларнинг ҳисобида 1 минг 433 гектар томорқа ерлари мавжуд. Ушбу ҳудудда томорқасидан яхши даромад олиб, рўзғорини тўкин, турмушини фаровон қилаётган омилкорлар кўп. 
 
Шундайлардан бири, тумандаги “Устоз” маҳалласида яшовчи Бахтиёр Мирзараимов 14 сотих томорқасида деҳқончилик қилиб, бир неча йиллардан бери баракали ҳосил олиб келмоқда. Ҳар бир қарич ернинг қадрига етиб, уйи атрофига ҳам турли мевали - ўрик, ёнғоқ дарахтлари эккан.
 
6 туп ёнғоқ дарахти Мирзараимовлар хонадони бюджетига ҳар йили 2 миллиондан зиёд даромад келтиради. Томорқасини боғга айлантирган бўлса ҳамки, унинг остини, қатор ораларини бўш қолдирмайди. Кузда томорқасининг 2 сотихча келадиган майдонига қалин қилиб суққан саримсоқпиёзни эрта баҳорда сийраклатиб, 150 минг сўм даромад олди.
 
Аммо беш қўл баробар эмас экан. Экин экиш учун энг муҳим палла - баҳорнинг иккинчи ойи яримлаб қолган бўлса-да, ҳали-ҳамон томорқасига ҳеч нарса экмай, боқибеғамларча юрганлар ҳам афсуски бор. Аслида уларга  Андижон вилояти давлат солиқ ходимлари томонидан томорқасидан самарали фойдаланганларга ер солиғи имтиёзи берилиши ёки аксинча, унга бепарволарча муносабатда бўлганларга 3 баробар миқдорда ер солиғи ҳисобланиши тушунтирилган. Шунга қарамай, “олма пиш-оғзимга туш” дея осмондан чалпак ёғишини кутиб ўтирганлар ҳам орамизда топилади.
 
Масалан, “Буюк замин” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Жаҳонгир Мамадалиев. Ери унумдор. Бироқ  5 сотихдан зиёд томорқасига ҳеч нарса экмаган. Аввалига бунинг сабабини изоҳлашни истамаган хонадон соҳиби базўр “Иссиқхона қурмоқчийдим. Маблағим етарли бўлмагани учун кредит олиш учун ариза ёзганман”, дейди.
 
Албатта, бу баҳона бўла олмайди. Агарда, эрта кўкламда томорқасига турли кўкатлар уруғини сепиб қўйганида, анчагина даромадли бўлар эди.  Баҳона эмас, имконият излаш керак.
 
Ободонлаштирилмаган, экин экилмаган томорқаларни кўриб, беихтиёр бу ердагилар баҳор келганидан бехабарга ўхшайди, деган хаёлга бориш мумкин. Шаробиддин Исмановнинг ҳовлиси атиги 4 сотих. Шундан экин экиладиган майдони 2 сотихча келади. Лекин қаровсиз ётибди. Кузда чопилган ерда ёввойи ўтлар баравж олган.
 
Томорқа четида эса турли-туман қурилиш моллари сочилиб ётибди. Баҳона ҳам тайёр. Ҳали ер етилмаганмиш.
Бундай манзарани Зуҳрахон Абдураҳмонованинг хонадонида ҳам кўриш мумкин. Томорқани ёввойи ўт-ўланлар босган. Ер меҳрга зор.
 
- Томорқаларидан самарали фойдаланиб, миллион-миллион даромад олаётганлар билан бир қаторда, лаёқатсизлиги, дангасалиги боис ерни увол қилаётганлар ҳам учраб турибди, - дейди Қўрғонтепа тумани давлат солиқ инспекцияси инспектори Шуҳратбек Назаров.
 
– Бундай боқибеғам хонадонларга огоҳлантириш хати ва бир ҳафта муддат берилди. Агарда шу муҳлат ичида ҳам бепарволарча юришса, 4 cотих майдони бор Шаробиддин Исманов ва Зуҳрахон Абдурамоновалар жорий йил учун белгиланган ер солиғини  30 минг сўм эмас, балки 3 баробар, яъни 90 минг сўм миқдорда ундирилиши юзасидан расман хабардор қилинди.
 
Шунингдек, 8 сотих майдонга эга Жаҳонгир Мамадалиев ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилган ерига экин экмаса, 60 минг сўм эмас, жарима қўлланилиб, 180 минг сўм тўлаши борасида огоҳ этилди. 
Дилмурод Парпиев

Теглар:Томорқа Андижон 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар