...
МЕНЮ
ONLINE TV

Видео: Михаил Задорнов, Россиянинг “Хожибойи” вафот этди


14:36, 10.11.2017 Олам
 4 260

Қизиқчилик санъати анчайин жиддий касб. Айтадилар-ку, ҳар бир ҳазилнинг ичида бир чимдим ҳазил бор, қолгани айни ҳақиқат, деб.

Ҳар бир халқнинг, миллатнинг ўз тили, урф-одатлари, маданияти бўлганидек, унинг қизиқ ҳангомалари, латифалари ва фақат ўзигагина хос бўлган машҳур “жумла-тушунчалари” ҳам бўлади. Аслида сатира, юмор, хусусан қизиқчилик санъати анчайин жиддий касб. Айтадилар-ку, ҳар бир ҳазилнинг ичида бир чимдим ҳазил бор, қолгани айни ҳақиқат, деб.
 
Сиртдан оддий, баъзан бачкана кўринадиган бу касбнинг аслида “юки” оғир. У ўзгача маҳорат, истеъдод талаб этади. Таъбир жоиз бўлса, санъатнинг бу турини “сохталаштириб” бўлмайди!
 
Бугун россиялик машҳур сатирик ёзувчи, драматург, қизиқчи, актёр ва ажойиб инсон Михаил Николаевич Задорнов оламдан кўз юмди. Унинг рус халқига, россия халқлари менталитетига хос қизиқ-қизиқ ҳангомалари нафақат Россияда, балки бутун дунёда машҳур. Ўзбекистонлик кулгусеварлар уни бекорга раҳматли қизиқчи Хожибой Тожибоевга ўхшатмас эдилар...
 
Михаил Задорнов 1948 йилнинг 21 июль санасида Юрмала шаҳрида (Латвия) таваллуд топган эди. У ўнда ортиқ китоблар, юзлаб сатирик ҳикоялар муаллифи эди. 1970–1980 йилларда Задорнов “Россия” номли талабалар тарғибот театрининг бадиий раҳбари, 1984–1985 йилларда эса “Ёшлик” (“Юность”) номли сатира ва юмор журнали таҳририятида бўлим бошлиғи сифатида фаолият юритган.
 
80-йилларга келиб у ўзининг сатирик ҳикояларни ўзи ўқиб беришни бошлади. Уни машҳур қилган чиқишлари “Аншлаг”, “Смехопанорама”, “Сатирический прогноз” номли кўрсатувлар орқали намойиш қилингани кўпчиликка маълум.
 
Михаил Задорновнинг 2016 йил октябрь ойида бош мия саратонига чалингани маълум бўлган эди. Афсуски, даволанишлар самара бермагач, сатирик жорий йилнинг июнь ойида барча муолажаларни тўхтатишни буюрди.
 
Жамиятдаги иллатларни, адолатсизликларни ҳазил-хузул, кулгу билан тилга олган, бу билан ўзининг муносабатини билдира олган машҳур қизиқчи, сатирик ёзувчининг умри ниҳоясига етди. Бироқ у яратган асарлар, унинг ҳазил тагидаги “зил” гаплари, айниқса, халқ оғзига тушган машҳур жумлалари ҳеч қачон ўлмайди.
 
Эътиборингизга қизиқчининг машҳур ҳазилларидан бири муҳрланган видеолавҳани тақдим этамиз.
Улуғ БЕК

Теглар:Михаил Задорнов Қизиқчи Сатирик ёзувчи Смехопанорама Аншлаг Хожибой Тожибоев 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!