...
МЕНЮ
ONLINE TV

Венесуэлада ОИВ/ОИТСга чалинган беморлар зарур дориларни қабул қила олишмаяпти


15:06, 06.10.2016 Саломатлик
 3 454

ОИВ инфекцияси тарқалган вақт мобайнида жаҳонда 78 миллион киши бу синдромга чалинган бўлса, яна 35 миллион бемор ҳаётдан кўз юмган.

Венесуэладаги ОИВ инфекциясига чалинган беморларга ёрдам кўрсатувчи нодавлат ташкилотлар вакиллари ОИТС билан касалланган 68 минг нафар беморга айни вақтда зарур дори воситалари етишмаётганлигини маълум қилишмоқда.
 
Карабобо штатида оғир вазият кузатиляпти. Бу ерда дори-дармонлар етишмовчилиги сабаб 22 минг бемор антиретровирус терапияси муолажаларини қабул қила олмаяпти.
 
“Mavid” нодавлат ташкилоти вакили Эдуард Франконинг айтишича, ҳар ой бутун Венесуэла бўйлаб юзлаб беморлар дори-дармонсиз қолишади. Айни вақтда бу муаммо сабаб орттирилган иммун танқислиги синдромига чалинган беморлар сони минг кишидан ошган.
 
Хабарларга кўра, бир йилдан буён бир ёшгача бўлган болаларга сут етказиб бериш танқислиги кузатилмоқда, болаларнинг оч қолиши оқибатида уч нафар чақалоқ ҳаётдан кўз юмган.
 
Венесуэла парламенти жорий йил январь ойи охирида соғлиқни сақлаш соҳасида “ижтимоий инқироз” эълон қилганди. Апрель ойида эса шифохоналарда зарур дори воситаларидан 4-5 фоиз қолгани маълум бўлди. Бундан ташқари, июль ойи бошида 15 фоиз дори-дармон етишмаслиги аниқланган.
 
БМТнинг ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастури 15 сентябрь куни ОИВ инфекцияси тарқалган вақт мобайнида жаҳонда 78 миллион киши зарарланганлиги, яна 35 миллион ОИТСга чалинган бемор ҳаётдан кўз юмганлигини маълум қилди. Ташкилот сўнгги вақтларда катталар орасида ОИВ инфекциясига чалиниш ҳолатлари кўп учраётганлигини таъкидлаб, агар бу жараён давом этса, ОИТС эпидемиясини назорат қилиш имконсиз бўлиб қолишидан огоҳлантирди. 
Дурдона Расулова

Теглар:ОИВ ОИТС Венесуэла 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!