...
МЕНЮ
ONLINE TV

Урушдан кейинги қаҳрамон... “Ўзбекэнерго” аввалига жим турди, энди жавоб топди! Айбдор яна ОАВми?


22:21, 05.10.2018 Жамият
 15 880

Шу ўринда “Qalampir.uz”нинг ҳам “Ўзбекэнерго”нинг баёнотидан келиб чиққан ҳолда мурожаати бор.

“Ўзбекэнерго”нинг ичидаги ўғриларни тугатдингизми, қачон тугатасиз? Масалан, Тошкентда 1300 та трансформаторни сотиб юборган сизнинг раҳбарларингиз. 1300 та, ҳар бир тумандан ўртача 120−130 та трансформатор. Буларнинг олди 50 минг, 1000−1600 деганлари 10−15 минг доллар туради. Қаёққа сотилди? Чунки бизда кейинги пайтда хусусий корхоналар пайдо бўлди, ғишт заводи, сут заводи, иссиқхоналар… Буларнинг барчасига трансформатор керак. Сиз эса “капейка"ни тўғрилайлик деб чақираяпсиз”.
 
Журналист, “Нуроний” жамғармаси Республика бошқаруви раиси ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган Шароф Убайдуллаев “Ўзбекэнерго” АЖ раиси ўринбосари Рўзиқул Раимов ва Мажбурий ижро бюроси директори ўринбосари Шоҳруҳ Аминовга юқоридаги жиддий айбловлар билан мурожаат қилган эди. Бундан сўнг, МИБ айбловларни атрофлича ўрганиб чиқиб, Убайдуллаевга раддия берди. Ўз навбатида “Ўзбекэнерго” раҳбарияти ҳам бир четда тил тишлаб қолгани йўқ. Жавоб тайёр! “Qalampir.uz”га юборилган жавобда шундай дейилади:
 
“Аслида шунга ўхшаш воқеа “Тошкент шаҳар Электр тармоқлари корхонасида” 2009 йилда бўлиб ўтган. Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан мазкур корхонада олиб борилган текшириш натижасида жами 541 та трансформатор ортиқча чиққанлиги аниқланган ҳамда мутасаддидларга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилиб, шартли равишда жазо тайинланган ҳамда аминистия туфайли озодликка чиқарилган. Айтиш лозимки, Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси томонидан 1300 трансформатор сотилганлиги билан боғлиқ воқеа бўлмаган.
 
Сир эмас, бугун мамлакатимиздаги ечимини кутаётган муаммолардан бири бу электр таъминотидир. Аҳолининг турли юқори ташкилотларга йўллаётган мурожаатларининг ҳам аксарият қисмини электр таъминотидаги узилишлар ташкил этади. Кейинги икки йилда жойларда бу муаммо бироз бўлса-да ҳал этилгандек. Кўпгина ҳудудларда олдингидек муттасил узилишлар кузатилмаяпти. Бу эса навбатида “Ўзбекэнерго” АЖнинг бугунги раҳбарияти томонидан олиб борилаётган ислоҳот ҳамда меҳнат самарасидир.
 
Кези келганда шуни маълум қиламизки, ушбу воқеани ёритишда баъзи Оммавий ахборот воситалари вакиллари шунчаки воқеалардан эмас, фактга асосланган материаллардан фойдаланса мақсадга мувофиқ бўлар эди”.
 
Шу ўринда “Qalampir.uz”нинг ҳам юқоридаги баёнотдан келиб чиққан ҳолда мурожаати бор:
 
Шароф Убайдуллаев айбловга йўғрилган саволни “Халқаро пресс-клуб”нинг навбатдаги сессиясида “Ўзбекэнерго” АЖ раиси ўринбосари Рўзиқул Раимовнинг қаршисига чиқиб, ўзига берди. Шунча гап бор экан, нима учун Раимов ўша ернинг ўзида жавоб қайтармай, қўлини кўксига қўйиб турди? Нима учун вазиятга аниқлик киритмади? Нега журналист хато гапираётган бўлса, “оғзига урмади”? “Ўзбекэнерго” АЖнинг бу саволларга жавоби борми? ОАВ ҳеч кимнинг фойдасига ён босиб, ҳеч кимнинг ноғорасига ўйнагани йўқ. Вазиятни борича ёритди. Бир журналистнинг “Ўзбекэнерго” ҳақидаги очиқ фикрларини ўртага олиб чиқди, холос. “Ўзбекэнерго” бунга ўз вақтида жавоб беролмай, жим турганига ОАВ айбдорми?

Теглар:Шароф Убайдуллаев Ўзбекэнерго 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар