...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси ташкил этилади


12:39, 18.01.2019 Жамият
 1 467

Инвестиция лойиҳалари бошқарув компанияси томонидан инвестиция учун устувор соҳалар, иқтисодий мақсадга мувофиқлик ва самарадорлик ҳисобга олинган ҳолда мустақил равишда танлаб олинади.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг таклифига биноан эълон қилинган капитали 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида бўлган Ўзбекистон Республикасининг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 17 январь куни имзолаган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармонида сўз борган.
 
Қуйидагилар жамғарманинг асосий вазифалари этиб белгиланади.
 
  • республика иқтисодиётининг ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтиришга, шунингдек, унинг рақобатбардошлигини янада оширишга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва инновацион технологияларни жалб этиш;
 
  • хусусий маҳаллий ва хорижий инвесторлар билан узоқ муддатли ўзаро манфаатли шериклик муносабатларини йўлга қўйиш орқали инвестиция фаолиятини рағбатлантириш ва ривожлантириш;
 
  • инвестиция таклифларини баҳолаш, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
 
  • инвестиция муҳитини яхшилашга, шунингдек, республикамизнинг инвестиция салоҳияти ва имкониятларини хорижда кенг тарғиб қилишга кўмаклашиш;
 
  • Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан шакллантириладиган 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги устав капиталига эга, акциядорлик жамияти шаклидаги, давлат улуши 100 фоиз бўлган Ўзбекистон Республикаси тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармасининг бошқарув компанияси.
 
Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси Жамғарманинг ягона таъсисчиси ҳисобланади ҳамда унинг капиталини Жамғарма билан биргаликда лойиҳаларга инвестиция киритиш тўғрисида инвесторлар томонидан қарор қабул қилинишига қараб шакллантиради.
 
Инвестиция лойиҳалари бошқарув компанияси томонидан инвестиция учун устувор соҳалар, иқтисодий мақсадга мувофиқлик ва самарадорлик ҳисобга олинган ҳолда мустақил равишда танлаб олинади.
 
Бир лойиҳа бўйича Жамғарма инвестицияларининг энг кўп миқдори ушбу лойиҳага киритилиши режалаштирилаётган инвестициялар умумий ҳажмининг 30 фоизидан ошмаслиги лозим, қолган қисми инвесторларнинг ўз маблағи ва жалб қилинган маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
 
Жамғарма ва бошқарув компанияси фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан амалга оширилади.
 
Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи ҳукумат қарорини қабул қилиши белгиланди.
 
  • Ўзбекистон Республикаси тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш;
 
  • тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни биргаликда молиялаштириш тамойиллари асосида жалб қилиш бўйича самарали ва шаффоф тижорат майдонини яратган ҳолда Жамғарма ва бошқарув компанияси ўртасида ҳамкорлик қилиш тартибини белгилаш;
 
томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, инвестиция сиёсатининг тамойиллари, шунингдек, уни амалга ошириш механизмларини белгилаган ҳолда Жамғарма ва бошқарув компанияси ўртасида инвестиция активларини ишончли бошқариш тўғрисида шартномалар тузиш тартиби.

Теглар:Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси Президент фармони Давлат дастури Инвестиция 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар