...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тез ёрдам хизмати диспетчерлари қайта ўқитилди


18:15, 22.06.2017 Жамият
 2 193

Энди йўллар тирбандлигидан келиб чиқадиган тез ёрдам бригадаларининг кечикиши каби ҳолатларнинг олди ҳам олинади.

Бугун, 22 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Шошилинч ва тез тиббий ёрдам тизими: долзарб масалалар ва истиқболдаги режалар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
 
Қайд этилишича, соҳа ривожи йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида шошилинч тиббий ёрдам тизимида йилига 600 минг нафардан зиёд беморга юқори малакали стационар ва 1 миллион нафардан ортиқ беморга амбулатор ёрдам ҳамда 7 миллиондан зиёд чақириқлар бўйича хизмат кўрсатилмоқда.
 
Жорий йил охиригача 1200 та тез тиббий ёрдамга ихтисослаштирилган автотранспорт воситаси сотиб олиниши режалаштирилган бўлса, шу кунларда зарур воситалар билан жиҳозланган 200 га яқин тез тиббий ёрдам автомашиналари харид қилиниб, эҳтиёж баланд бўлган ҳудудларга етказиб берилди.
 
Бундан ташқари, шошилинч ҳолатларда тиббий ёрдам бригадаси ишини ташкиллаштирувчи асосий бўғин – тез ёрдам хизмати диспетчерлари қайта ўқитилиб, уларга нисбатан талаблар ҳам оширилди. Энди диспетчерларнинг касбий маҳорати ва малакасини мустаҳкамлаш учун улар қайта ўқитилади. Чунки бугунги кун диспетчерининг вазифаси фақат мурожаатни ёзиб олиб, уни керакли мутахассисга етказиш эмас, зарур ҳолатда у мурожаат қилувчига тез тиббий ёрдам бригадалари етиб боргунига қадар кўрсатилиши лозим бўлган биринчи тиббий ёрдам бўйича маслаҳатлар бера олиши ҳам керак.
 
Бирламчи тиббий бўғинда тиббий хизматнинг тезкорлигини таъминлаш ва шу орқали шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий хизматга тушаётган юкламаларни енгиллаштириш мақсадида яқинда пойтахтимиздаги жами 60 та шаҳар оилавий поликлиникаларнинг ҳар бирига иккитадан, жами 120 дона Damas русумли автомашиналар топширилди. Эндиликда беморларнинг уйига бориб, энг керакли тиббий муолажаларни амалга ошириш, зарур ҳолатларда уларни оилавий поликлиника ёки бошқа тиббиёт муассасасига етказиб бориш хамда патронаж хизматини кўрсатиш каби вазифалар ўз вақтида, кечиктирилмай амалга оширилади. Автомашиналар ўз ҳудуди бўйлаб ҳаракатлангани боис, йўллар тирбандлигидан келиб чиқадиган тез ёрдам бригадаларининг кечикиши каби ҳолатларнинг олди ҳам олинади.
Бобур Жалолов

Теглар:Тез ёрдам Соғлиқни сақлаш 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар