...
МЕНЮ
ONLINE TV

Термизнинг фахрий фуқаросига ҳайкал қўйилади


17:39, 05.06.2017 Жамият
 3 242

Япон археологи Кюдзо Катога хайкал ўрнатилади. “Япон боғи” ташкил этилиб, унинг ёнида 100 ўринли меҳмонхона ва музей қурилади.

Япон археологи Кюдзо Като номини абадийлаштириш мақсадида Термиз шаҳридаги “Бахт боғи” ҳудудида унга ҳайкал ўрнатиш режалаштирилган. Бундан ташқари, “Япон боғи” ташкил этилиб, 100 ўринли меҳмонхона ва музей қурилади. Бу ҳақда ишончли манбалар сайтимизга маълум қилди.
 
Қурилиш ишлари “Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастури”га киритилган.
 
Ушбу вазифага “Ўзбекинвест” компанияси, Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, Сурхондарё вилоят ҳокимлиги масъул этиб белгиланган.
 
Жорий йилнинг 14-19 май кунлари япониялик архитектор мутахассислар ҳамда барча алоқадор вазирлик ва идораларнинг масъул вакиллари Сурхондарё вилоятига ташриф буюриб, боғ, меҳмонхона ва музей қурилиши учун ажратилган ер майдони билан танишган. Япониялик мутахассисларга тегишли лойиҳа олди ҳужжатлари, яъни архитектура режалаштириш топшириқлари, ажратилган ер майдонининг геология қидирув ҳисоботи ва топохарита тақдим этилган.
 
Икки томонлама келишувга асосан, япониялик мутахассислар томонидан боғ, меҳмонхона ва музейнинг лойиҳа таклифи ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун тақдим этишга келишилган.
 
Маълумот ўрнида, ўтган йилнинг 12 сентябрь куни Термиз шаҳридаги шифохонада Ўзбекистон қадимий шаҳарларини ўрганиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги илмий алоқалар ривожига катта ҳисса қўшган япониялик археолог олим Кюдзо Като 94 ёшида вафот этганди.
 
Кюдзо Като 1922 йилнинг 18 майида туғилган бўлиб, Сока (Осака) университети профессори, тарихчи, этнограф-археолог, таржимон, 20 га яқин илмий тадқиқот ва мақола муаллифи эди.
 
Таъкидлаш жоизки, япон олими 40 йилга яқин вақт давомида Ўзбекистонда илмий тадқиқотлар ўтказди. Като Марказий Осиё тарихи ва маданиятига оид бир қатор асарларга муаллифлик қилди.
 
Профессор Като кўп йиллар давомида Далварзинтепа, Қоратепа ва Фаёзтепа шаҳар харобаларидаги будда ёдгорликларини ўрганиш мақсадида уюштирилган халқаро ўзбек-япон археологик экспедицияларининг тадқиқотларига раҳбарлик қилди.
 
2002 йилда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов фармонига кўра, “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
Мусулмонбек Иброҳимов

Теглар:Кюдзо Като Археолог Термиз Ислом Каримов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар