...
МЕНЮ
ONLINE TV

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Боровский коллежига қабул бўлиб ўтмайди


15:30, 19.06.2017 Жамият
 8 985

Соғлиқни сақлаш вазирлиги П.Ф.Боровский номидаги тиббиёт коллежининг фаолиятини ўрганиб чиқди.

Жорий йилнинг 15 июнь куни ижтимоий тармоқларда П.Ф.Боровский номидаги тиббиёт коллежи ёпилаётгани, бошқа қабул амалга оширилмаслиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан боғланганимизда ҳали ҳеч нарса аниқ эмаслиги, бу бўйича ҳукуматнинг қарорини кутишаётгани ҳақида хабар берган эдик.
 
Яқинда П.Ф.Боровский номидаги Тошкент тиббиёт коллежининг фаолияти ўрганиш натижалари ҳам ушбу муассасада ўқув тарбиявий жараённи ташкил этишда жиддий муаммолар борлигини кўрсатди, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сайтимизга тақдим этган ҳисоботида. Жумладан, коллежда 2 минг реал ўқувчи ўрни мавжуд бўлса-да, бугунги кунда 3 минг 94 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.
 
Коллежда ўқувчилар сони унинг қувватига нисбатан 1.5 баробар кўплиги, гуруҳларда ўқувчилар сони ўртача 36-38 нафарни ташкил этиши, ўқув хоналари етишмаслиги дарслар 2 сменада ташкил этилишига сабаб бўлган. Бу эса ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтларида тўгарак машғулотларига жалб этилишини чеклаб қўйган, яъни қўшимча машғулотларни ўтказиш учун бўш аудиторияларга жуда катта эҳтиёж сезилган.
 
Қолаверса, ўқувчилар сонининг кўплиги жисмоний тарбия дарсларини спорт залларида ташкил этишда ўқувчиларни тўлиқ қамраб олиш имконини бермайди. Яъни, айрим гуруҳларга жисмоний тарбия дарсларини ўтиш имкони бўлмаган.
 
Бундан ташқари, коллежнинг фаоллар зали ҳам йўқ. Бу ҳолат ўқувчилар ўртасида маънавий-ахлоқий, тарбиявий ишларни ташкил этиш, ота-оналар йиғилишларини ўтказиш имконини бермайди. Устига-устак, уч минг нафардан ортиқ ўқувчи таҳсил оладиган ушбу коллежнинг Ахборот ресурс маркази ўқув зали бор-йўғи 34 ўқувчига мўлжалланган, холос.
 
Умуман, дарсларнинг 2 сменада ташкил этилгани, ўқув хоналарининг барчаси бандлиги, таълим муассасасида ўқитувчиларнинг ўз устида ишлаши, ота-оналар билан ишлаш, дарсдан ташқари ишларни ташкил этиш, психологик хизмат кўрсатиш, маънавий-маърифий, тарбиявий ишларни ташкил этишда жиддий муаммоларни юзага келтирган.
 
Юқоридагиларни инобатга олиб, Тошкент шаҳридаги П.Ф.Боровский номли тиббиёт коллежига 2017-2018 ўқув йили учун қабул тўхтатилиши юзасидан тегишли таклифлар тайёрланди. Мазкур таклифлар Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги 9-синф битирувчиларини академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига қамраб олиш бўйича Мувофиқлаштирувчи Кенгашга тақдим этилди.
 
Мазкур ваколатли органлар томонидан мазкур таълим муассасасининг келгуси фаолияти билан боғлиқ тегишли қарорлар қабул қилинади.
 
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 июнь куни Тошкент шаҳрида жойлашган П.Ф.Боровский номидаги тиббиёт коллежи ўқувчиси Жасурбек Ибоҳимов ўз тенгдошлари томонидан ўлдирилган эди.

Теглар:П.Ф.Боровский номидаги тиббиёт коллежи Жасурбек Ибоҳимов Соғлиқни сақлаш вазирлиги 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар