...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев Қашқадарёдаги янги қурилаётган объектлар билан танишди


14:22, 24.02.2017 Жамият
 3 572

Давлат раҳбарига Қарши туманида ташкил этиладиган 20 минг парранда боқиш режалаштирилаётган мажмуа лойиҳаси ҳақида ҳам сўзлаб берилди.

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев бугун, 24 февраль куни жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Қашқадарё вилоятига ташриф буюргани ҳақида хабар берган эдик.
 
Давлат раҳбари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида янги қурилаётган объектлар, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган ишлаб чиқариш корхоналари лойиҳаларини кўздан кечирмоқда, деб ёзмоқда ЎзА.
 
Шавкат Мирзиёев Қарши туманида енгил саноатни ривожлантириш борасидаги янги лойиҳалар билан танишди.
 
Президентга кўрсатилган биринчи лойиҳа – 2017-2019 йилларда вилоятда енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий корхоналарни ташкил этиш ва мавжудларини модернизация қилиш бўйича манзилли дастур бўлиб, унда 17 корхона ташкил этиш режалаштирилган.
 
“Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти ҳамда қатор тижорат банклари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилаётган дастур доирасида 3000 га яқин иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Бугунги кунда вилоятда 7 тўқимачилик корхонаси фаолият юритмоқда. Мазкур корхоналар ҳудудда етиштирилаётган пахта толасининг 10 фоизини қайта ишлаш қувватига эга.
 
Шавкат Мирзиёев тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “ЛТ Текстиль Интернейшнл” Ўзбекистон – Хитой–Нидерландия қўшма корхонаси лойиҳаси билан танишар экан, Қашқадарё вилояти мамлакатимизда пахта толасини етиштириш бўйича етакчи ўринни эгаллаши, бу имкониятдан унумли фойдаланиш, етиштирилган пахта толасини қайта ишлаб, бозорга тайёр маҳсулот чиқариш катта самара беришини алоҳида қайд этди.
 
Мазкур корхонанинг ишга туширилиши ҳудудда етиштирилаётган пахта толасини шу ернинг ўзида қайта ишлаш, аҳолининг реал даромадларини ошириш имкониятини яратади.
 
Йилига 22 минг тонна рақобатбардош аралаш ип калава ва 50 миллион квадрат метр ип газлама ишлаб чиқариш режалаштирилаётган корхона маҳсулотларининг 80 фоизи экспортга йўналтирилади.
 
Президент шу ернинг ўзида Яккабоғ туманидаги собиқ “Яккабоғ текс” корхонаси негизида барпо этилаётган “Universal Taraqqiyot Tekstil” қўшма корхонасига қўшимча инвестиция киритиш лойиҳаси билан ҳам танишди.
 
Корхонада вилоятда етиштирилган пахта толаси қайта ишланиб, мато ва чойшаблар ишлаб чиқарилади. 400 иш ўрни яратилиши кўзда тутилаётган корхона тўлиқ қувват билан ишга тушгач, йилига 6 миллион квадрат метр мато, 2 миллион жуфт ётоқ чойшаблари тайёрланади.
 
Замонавий ва энергия тежамкор технологик ускуналар бугун барча ишлаб чиқариш жабҳаларига татбиқ этилмоқда. Қарши шаҳридаги собиқ пахта тозалаш заводи негизида ташкил этилаётган “Wood Décor Production” қўшма корхонаси ана шундай замонавий технологиялар билан жиҳозланмоқда. Швейцариянинг машҳур “Rieter”, Япониянинг “Murata”, “Yamata”, Германиянинг “Mayer” компанияларининг юқори самарадорликка эга дастгоҳлари ўрнатилаётган корхонада дунё бозорида рақобатбардош сифатли ип калавадан тортиб тайёр маҳсулотгача ишлаб чиқарилади.
 
Президент Шавкат Мирзиёев тақдим этилаётган лойиҳа самарадорлигини ошириш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
 
Ўзбекистонда пахта толаси ва ипак хомашёсини қайта ишлаш, хорижий инвестицияларни жалб этиш йўли билан рақобатбардош, ташқи бозорларда харидоргир тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмлари ва турларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
 
Ғузор туманидаги собиқ пахта тозалаш корхонаси негизида газлама ишлаб чиқаришга мўлжалланган инвестиция лойиҳаси билан танишар экан, Президент янги иш ўринлари яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Бугун одамлар аниқ ва муқум иш жойлари талаб қилмоқда. Бу талабни қондириш кўп жиҳатдан тадбиркорларга боғлиқ.
 
Лойиҳа ишга тушгач 600 иш ўрни яратилади.
 
Пахта экин майдонларини оптималлаштирилиши ва ишнинг мавсумийлигини ҳисобга олиб, “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси тизимда меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар бандлигини таъминлаш, қўшимча даромад олиш мақсадида Қашқадарё вилоятидаги ёғ-мой корхоналарининг бўш майдонларида янги инвестициявий лойиҳаларни амалга оширмоқда. Косон туманида ташкил этиладиган мева-сабавотларни қуритиш цехи шулардан бири. 100 дан зиёд иш ўрни яратиладиган корхонада 10 минг тонна маҳсулот қайта ишланади. Қарши шаҳрида ташкил этиладиган музлаткичда 500 тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сақланади. Ўн иш ўрни яратилаётган омборхона жорий йилда фойдаланишга топширилади.
 
Давлат раҳбарига Қарши туманида ташкил этиладиган 20 минг парранда боқиш режалаштирилаётган мажмуа лойиҳаси ҳақида ҳам сўзлаб берилди. Йил давомида аҳолини сифатли парҳез гўшт маҳсулотлари билан таъминлашга мўлжалланган мажмуа фаолият бошлагач 22 киши доимий иш жойига эга бўлади.

Теглар:Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарёга ташрифи 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар