...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шакар ишлаб чиқарувчилар 2019 йилга қадар қиймат солиғи тўлашдан озод этилади


14:11, 17.01.2018 Жамият
 2 537

Истеъмол товарларини товар-хом ашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида сотиш (сотиб олиш) учун улгуржи савдони амалга оширишга лицензия мавжудлиги талаб этилмайди.

2018 йил 1 февралдан бошлаб истеъмол товарларини республика товар-хом ашё биржаларида сотиш (сотиб олиш)га тақиқ бекор қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кеча, 16 январь куни имзолаган “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида маълум қилинди.
 
Фармонга кўра, шакар ишлаб чиқарувчилар 2019 йил 1 январга қадар муддатга импорт хом ашёси асосида ишлаб чиқарилган ҳажмлар қисмига қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод қилинади.
 
Шунингдек, истеъмол товарларини товар-хом ашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида сотиш (сотиб олиш) учун улгуржи савдони амалга оширишга лицензия мавжудлиги талаб этилмайди.
 
Улгуржи савдога лицензия олишда эса энг кам иш ҳақининг 3500 бараваридан кам бўлмаган миқдорда, шундан пул маблағлари энг кам иш ҳақининг 1200 бараваридан кам бўлмаган миқдорда шакллантирилган устав фонди мавжудлиги ҳақидаги талаб бекор қилинади.
 
Фармонга кўра, ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари турларини Ички истеъмол бозорида нарх-навони барқарорлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) маблағлари ҳисобидан импорт қилиш истисно ҳолларда ва фақат товар-хом ашё биржалари, жумладан, хорижий биржаларнинг очиқ электрон савдолари тизими орқали амалга оширилади.
 
Озиқ-овқат маҳсулотларининг режалаштирилаётган хариди, Жамғарма маблағлари тушуми ва харажатлари тўғрисидаги батафсил ахборот ҳар ой Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида эълон қилиб борилади.
 
Биржа брокерлари тижорат банкларига мижоз – норезидент номидан товар-хом ашё биржасининг очиқ электрон савдоларида маҳсулотларни сотишдан олинган маблағлар ҳисобидан хорижий валютани сотиб олиш (сотиш)га талабнома бериш, норезидент – юридик шахслар эса Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида ҳисоб рақамлари очиш ва товар-хом ашё биржасининг очиқ электрон савдоларида маҳсулотларни сотишдан олинган маблағлар ҳисобидан хорижий валютани сотиб олиш (сотиш)ни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.

Теглар:Шакар Президент фармони Озиқ-овқат импорти 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар