...
МЕНЮ
ONLINE TV

Самарқандлик ўқитувчининг ўлимига расмийларнинг муносабати жуда чиройли “бичилди”


12:28, 19.03.2018 Жамият
 10 425

Ушбу ҳодиса ҳеч қандай мажбурий меҳнат ортидан келиб чиқмаганмиш. Халқни қўя туринг, буни айтаётганлари оғзидан чиққанига ўзи ишонадими?

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 14 март куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида 42-умумтаълим мактабининг 23 яшар ўқитувчиси Диана Еникеева бахтсиз ҳодиса сабаб вафот этган эди. Катта йўлдаги тозалаш ишларига жалб қилинган ўқитувчининг 1 нафар фарзанди бор эди.
 
Диана Еникеевани 30 Y 275 JA давлат рақамли “КамАЗ” русумли юк машинаси уриб юборган эди. Ушбу ҳодиса интернет тармоғида катта шов-шувларга сабаб бўлмоқда.


 
Каттақўрғон туманида 14 март куни содир бўлган бахтсиз ҳодиса юзасидан Каттақўрғон тумани ҳокими ўринбосари М.Музаффаров ҳамда Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Қ.Саидов баёнот берди. Унда шундай дейилади:
 
“Кейинги кунларда интернет сайтларида ва турли ижтимоий тармоқларда 14 март куни Каттақўрғон туманида содир бўлган бахтсиз ҳодиса тафсилотлари эълон қилинди.
 
Мазкур ҳолат юзасидан прокуратура идоралари қуйидагиларни маълум қилади:
 
2018 йил 14 март куни соат 13:00 да Каттақўрғон тумани Алижон маҳалласи ҳудудидан ўтувчи М-37 йўлининг 66-километрида Элмуродов Акрамжон Бозорович бошқарувида бўлган Исроилов Зарифжон Рижабоевичнинг номига расмийлаштирилган “КамАЗ” русумли 30 Y 275 JA давлат рақамли автомашинасини бошқарув ҳуқуқини берувчи ҳужжатларсиз Самарқанд йўналиши томон бошқариб бориб, йўлни кесиб ўтаётган Еникеева Диана Александровнани уриб юбориб, йўл-улов ҳодисаси содир этган.
 
Д.Еникеева олган тан жароҳатлари оқибатида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
 
Марҳум Еникеева Диана Александровна, 1995 йил 14 июнда Каттақўрғон шаҳрида туғилган. Миллати – рус. Маълумоти – ўрта-махсус. Каттақўрғон туманидаги 42-умумтаълим мактаби ўқитувчиси. Оилали, 1 нафар фарзанди бор. Каттақўрғон шаҳар Хоразмий кўчаси, 14-уйда яшаган.


 
Ҳайдовчи Элмуродов Акрамжон Бозорович, 1980 йил 20 апрелда Нарпай туманида туғилган. Миллати – ўзбек. Маълумоти – ўрта. Муқаддам судланмаган. Оилали, 3 нафар фарзанди бор. Якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланади. Нарпай туман, Т.Розиқов маҳалласи Баландбоғ қишлоғида яшайди.
 
Туман прокурори томонидан жиноят ишини сифатли ва ҳар томонлама холисона тергов қилиш юзасидан ёзма кўрсатма берилган.
 
Тергов ҳаракатлари олиб бориш жараёнида Д.Еникееванинг ўлими сабаби юзасидан судга оид тиббий экспертиза ҳамда йўл-улов ҳодисаси содир этган “КамАЗ” русумли юк автомашинаси бўйича судга оид автотехника экспертизаси тайинланган”, дейилади баёнотнинг дастлабки қисмида.
 
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17-18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташриф буюрди. Интернет тармоқларида Диана Еникеева Президент ташрифи олдидан кўчаларни тозалаш учун бошқа ўқитувчилар қаторида мажбурий меҳнатга жалб қилингани иддао қилинмоқда. Расмийлар ушбу масалага қуйидагича изоҳ беради:
 
“Ўрганишлар натижасига кўра, мактаб ўқитувчилари, жумладан Диана Еникеева ҳам ҳеч қандай йўл четини тозалаш, супуриш учун чиқарилмаган.
 
Баҳор фаслидаги ободонлаштириш ва кўкаламлаштириш ишларининг амалга оширилиши барча жойда бажариладиган юмуш. Шаҳар-туманлар маркази, маҳаллалар, гузарлардаги хиёбонлар, кўчалар атрофи ва ариқлар четлари тозаланиши, дарахт ва гул кўчатлари экилиши бор гап.
 
Мамлакатда март-апрель ойлари ободонлаштириш ойлиги, деб эълон қилингани ҳам “Тозалик бор жойда, барака бор” нақлининг амалий ифодасидир. Лекин бу эзгу ҳаракатни “Президент келиши олдидан кўча тозалашга мажбурлаш”, деб тушуниш нотўғри.
 
Қолаверса, бундай ишлар жойлардаги ободонлаштириш бошқармасининг ходимларининг вазифасига киради. Таълим муассасаларида эса ўқитувчилар эмас, балки хўжалик ишлари бўйича масъул ходимлар, боғбонлар шуғулланади.


 
Шу нуқтаи назардан, Каттақўрғонда содир бўлган бахтсиз ҳодиса, ёш педагог Диана Еникееванинг ўлимидан чуқур қайғуда эканимизни билдирган ҳолда, бу ҳодисани бошқа ҳолатларга боғлаб талқин қилиш, оммага холис туриб етказмаслик интернет тармоғидан фойдаланувчилар ўртасида салбий фикр уйғотишга сабаб бўлади, деб ҳисоблаймиз.
 
Мазкур ҳолат якуни бўйича маълумот жўнатилишини маълум қиламиз”.
 
Вилоят Халқ таълими бошқармаси ва туман ҳокимияти вакилининг Диана Еникееванинг ўлими юзасидан билдирган баёнотига қанчалик ишониш мумкин? Еникеева ЙТҲ содир бўлган ҳудудда бир ўзи бўлмаган, воқеага эса бошқа ўқитувчилар, тозалаш ишларига чиққанлар гувоҳлик қилган. Модомики, ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб қилинмаган бўлса, улар куннинг қоқ ўртасида катта йўлда нима қилаётган эди? Расмийлар билдирган эътироз шу қадар чиройли бичилганки, гўё ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилиниши ва уларнинг бундай бахтсиз ҳодисаларга учраши билан боғлиқ ҳолат биринчи марта рўй бераётгандек. 

Теглар:Диана Еникеева 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар