...
МЕНЮ
ONLINE TV

"Қочқин". Томошабинни қуруқ гап билан тарбиялаб бўлмайди


22:58, 27.12.2015 Премьера
 5 537

"Қочқин ёхуд кўчанинг боласи" фильмида на объект аниқ ва на мақсад. Мавзунинг жўнлиги, воқеаларнинг тушунарсизлиги фильмнинг ютуқларини ҳам йўққа чиқаргандек.

26 декабрь куни Тошкентдаги Алишер Навоий  номидаги кино саройида режиссёр Баҳром Ёқубовнинг “Қочқин ёхуд кўчанинг боласи” фильми премьераси бўлиб ўтди. Фильмнинг тақдимот маросимини Ўзбекистон халқ артисти Лутфулла Саъдуллаев ва актриса Луиза Расулова олиб борди. Тақдимот маросимида Лутфулла Саъдуллаев Баҳром Ёқубов суратга олган барча фильмларнинг тақдимот маросимини олиб борганини, унинг ижодини ҳурмат қилишини айтиб ўтди. Бироқ фильм ижодкорлари саҳнага таклиф қилинганда, улар орасида режиссёр Баҳром Ёқубов кўринмади. Саҳнадаги бошловчилар эса фильм режиссёри Элизавета Карали деб эълон қилишди. Қизиқ, бундай кўзбўямачиликдан мақсад нима?

Фильмда ролларни Ўзбекистон халқ артистлари Яйра Абдуллаева, Мирза Азизов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Жумадулла Раметов, Саида Раметова, Учқун Тиллаев, Беҳзод Муҳаммадкаримов, актёрлар Алишер Усмонов, Шаҳзода Муҳаммедова ижро этишган.

Кинофильмнинг умумий мазмунига келсак, унда бировларни чув тушириб, одамларнинг мол-мулкини зўравонлик йўли билан ўзлаштириб юрган ёш йигитнинг охир-оқибат барча кирдикорлари фош бўлиши, нафсининг қулига айланиб қолишнинг оқибатлари ҳақида сўз боради. Фильм воқеаларига кўра оддий такси ҳайдовчиси бўлган йигит тасодиф сабаб катта тадбиркорнинг ҳайдовчиси бўлиб ишга жойлашади. Сўнг риэлторлик фирмасини очиб, зўравонлик билан тадбиркорларнинг мол-мулкини – дўкон, ресторан, корхоналарини арзон нархларга сотиб олиб, мўмай пулга сотади.

Фильмдаги воқеалар шу қадар саёз ва ишонарсизлигидан томошабинлар бироз зерикиб қолганига гувоҳ бўлдик. Такси ҳайдовчиси бўлиб ишлайдиган йигит отаси ҳам бир вақтлар такси ҳайдаб рўзғор тебратганидан ор қилади, укасини суз ҳавзасига, инглиз тили тўгарагига олиб боради. Ўзи ва отасининг тақдирини укасининг ҳаётида такрорланмаслигини истайди. Бироқ бу воқеалар фильмда шу қадар саёз тасвирланганки... Мен пул топиб келяпман дегандек ўғилнинг ота-онасини беҳурмат қилиши, уларнинг гапини сариқ чақага олмаслигини кўрсатиш орқали ижодий жамоа нима демоқчи? Фильм бош қаҳрамони шу қадар идеал қаҳрамон сифатида кўрсатилганки унинг эгри ишларидан қандай хулоса чиқаришни билмай қоласан киши. Гўёки ишбилармон бўлиш учун эгри йўллардан фойдаланиш, қонунни четлаб ўтиш, ота-онани менсимаслик керакдек. Тўғри йўл билан мол-давлат орттирган одамлар эса фильм бош қаҳрамони айтганидек “аҳмоқлар”ми?

Гўё фильмда асосий эътибор диологлардаги “ақлли гаплар”га қаратилгандек. Бош қаҳрамон фильмнинг бошидан то охиригача афоризм айтиш билан оввора. Кошки бугунги томошабин реал ҳаётдан йироқ учирма-қочирмаларга ишонса, уни қуруқ гап билан тарбиялаб бўлса. Такси ҳайдовчиси бўлган бу йигитдан зўрма-зўраки файласуф ясашнинг сабаби нима? Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг “қўғирчоқ” қилиб кўрсатилишининг сабабачи? Сценарий муаллифи ва режиссёр фильмнинг шу жиҳатларига нега эътибор қаратмаганига ҳайронсан киши.

Постановкачи режиссёр, рассом, чироқ устаси, тасвирчи, монтаж устаси, пардозчининг ишида кам етарли, ҳатто керагидан ортиқ камчиликлар бор.
Фильмга ўз ишининг усталари бўлган тажрибали актёрлар таклиф қилинган-у уларнинг гарданига арзирли вазифа юкланмаган. Режиссёр асосий эътиборни ёш актёрларга эмас, балки Саида Раметова, Мирза Азизов, Жумадулла Раметов каби профессионал актёрларга қаратганда мақсадга мувофиқ бўларди.

Фильмда хато ва камчиликлар талайгина. Сценарийдаги камчиликлар худди кадрга кўчгандек кўтарилган мавзу жўн ва тушанарсиз, объектнинг аниқ эмас, хулоса ва ечимнинг йўқ.

Фильм ижодкорлари юқоридаги фикрларимиздан тўғри хулоса чиқариб, келгуси фильмда бу камчиликларнинг олдини олишса нур устига аъло нур бўларди. 

Теглар:Қочқин Кино Премьера 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Алишер
10:35 04.04.2016

Фильм жуда савиясиз, маъносиз!!! Узбеккино бу кинони оммага намойиш килишга рухсат бермаслиги керак эди. Уша режиссерлар ва актерлар узлари курсин бунака маъносиз кинони. Умуман хаётга якин эмас вокеалар.



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!