...
МЕНЮ
ONLINE TV

Қаерда ётиқ чизиқ йўқ, қаерда светофор носоз... Камералар қоидабузарликни қайд этиши учун йўллар талабга жавоб берадими?


18:47, 17.03.2017 Жамият
 7 116

Шу ўринда яна бир савол туғилади: камераларнинг, хусусан, Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг вазифаси йўллардаги қоидабузарликларнинг олдини олишми ёки қоидабузарлик учун ҳайдовчини жаримага тортиш?

Бугун тошкентликларнинг суҳбати бош мавзуси чорраҳаларга ўрнатилган кузатув кемаралари бўлиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. 2015 йилнинг 11 августидан йўллардаги қоидабузарликларни пайқашни бошлаган камералар 2017 йилнинг 15 мартидан бошлаб, қоидабузарликлар бўйича жарималарни қайд этишни ҳам бошлади.
 
Ҳозирча, кузатув камералари светофорнинг тақиқланган чироғида ҳаракатланган ва тезликни белгиланган меъёрдан оширган автомобилларга жарима белгиламоқда. Шу ўринда савол туғилади: Тошкент шаҳрининг йўллари, хусусан, йўллардаги ётиқ чизиқлар, светофорларнинг техник созлиги стандартга жавоб берадими? Ҳайдовчиларни жаримага тортишдан аввал, жаримага олиб борувчи ҳолатларни бартараф этиш керак эмасми?
 
Гап исботи билан бўлсин! Тошкент шаҳрининг Қорасарой кўчасидаги чорраҳага ҳам кузатув камералари ўрнатилган. Бироқ йўл чизиғини қоронғу нари турсин, ёруғ кунда ҳам аранг кўрасиз. Худди шундай ҳолатга Абай кўчасида ҳам гувоҳ бўлиш мумкин. Айрим чорраҳаларда, тўхташ чизиғи нари турсин, ҳатто, автомобиллар қатнов қисмларини ажратиб турувчи ётиқ чизиқни ҳам топиб бўлмайди. Йўл чизиғини пайқамай, светофорнинг қизил тақиқловчи чироғи ёнган вақтда босиб ўтган ҳайдовчи эса жаримага тортилиши адолатданми? Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида кеча, 16 март куни бўлиб ўтган брифингда Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси вакили саволларга жавоб берди.
 
Баҳодир Мусаназаров, Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Йўл назорати бўлими бошлиғи:
 
— Тошкент шаҳрининг 120 та чорраҳасига ўрнатилган кузатув камераларидан 115 таси ишламоқда. Қиш мавсуми оғир келгани туфайли йўл чизиқларининг сифати бузилган. Ҳозирги кунда ётиқ чизиқларни чизиш ишлари бошлаб юборилган. Камералар ўрнатилган чорраҳаларимизнинг 80 фоизида йўл ётиқ чизиқлари янгилаб чиқилди ва бу ишлар ҳамон давом эттирилмоқда. Об-ҳаво бироз совуқ бўлгани, паст ҳароратда бўёқлар қотмагани учун, кунлар исиши кутилди. Йўлларнинг ҳолатига келсак, камера ўрнатилган 115 та чорраҳадаги йўлларнинг ҳолати йўл қопламаси (асфальт) жиҳатидан талабга жавоб беради.
 
— Ётиқ чизиқ чизилмаган, бўёғи ўчган йўлдаги қоидабузарлик учун автомобиль эгаси жаримага тортилиши тўғрими?
— Камералар йўл ётиқ чизиғи чизилган жойлардаги қоидабузарликлар аниқлаяпти, холос. Қолганларида таъмир босқичма-босқич тугатиляпти, икки-уч кун ичида 100 фоиз чизиб бўлинади.
 
Маълум қилиняптики, йўл қопламаси, ётиқ чизиқлар билан боғлиқ муаммолар бартараф этилгач, камералар ўз фаолиятини тўлиқ ҳолда ишга туширади. Шу ўринда яна бир савол туғилади: камераларнинг, хусусан, Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг вазифаси йўллардаги қоидабузарликларнинг олдини олишми ёки қоидабузарлик учун ҳайдовчини жаримага тортиш? Агар қоидабузарликнинг олдини олиш бўлса, нима учун қоидабузарликни келтириб чиқарувчи омиллар бугунгача бартараф қилинмай, камералар коидабузарликларни қайд этишни бошлади? Саволлар кўп, буларга эса тез орада жавоб топамиз.
 
Йўлингиз бехатар бўлсин! 

Теглар:Баҳодир Мусаназаров Кузатув камералари Жарима Йўл ҳаракати хавфсизлиги 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Farhod
02:23 18.03.2017

Toshkentdagi chorrahalardagi kameralar haqida Kamera ishladi deganda bitta chorraxada Kamida 15 minut qolish hech gap emas 4 ta Shunday chorraxadan o'tguncha 1 soat vaqt ketishi hech gap emas yo'llar probka ayniqsa chilonzorda yurib bo'miy qoldi masalan xitoyda hattoki svetoforlaram avtomatlashgan tarzda qaysi ko'chada moshina harakati ko'proq bo'sa o'sha ko'cha ko'proq yashil yonadi balki birinchi navbatda shularni qilib keyn qoida buzilishlarni yozish kerakmikan shularniyam yozinglar iltimoss ayrim rahbarlarga savol bilan murojaat qilinglar



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар