...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент Қаршида қуриладиган йирик тиббиёт марказлари лойиҳалари билан танишди


20:13, 26.02.2017 Жамият
 2 515

Президент мазкур лойиҳалар билан танишар экан, бу марказларнинг ташкил этилишидан мақсад аҳолига янада кўпроқ қулайликлар яратиш, уларнинг соғлиғини ишончли ҳимоя қилиш эканини алоҳида таъкидлади.

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташриф буюрди.
 
Давлат раҳбари Қарши шаҳрида қурилаётган Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази Қарши филиаллари лойиҳалари тақдимотида ҳам иштирок этди.
 
“Соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширишимиз зарур бўлган ишларимиз кўп. Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятида ҳам ечимини кутаётган масалалар анчагина. Мавжуд марказлар филиалларини вилоятларда ташкил этиш билан кўплаб масалаларга ечим топиш мумкин”, дейди Президент.
 
Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази Қарши филиалида клиник-биохимик лаборатория, автоклав, поликлиника, рентген-эндоваскуляр жарроҳлик бўлими, аритмология, артериал-гипертензия, юрак ишемик касалликлари, реабилитация, кардиожарроҳлик бўлимлари ташкил этилади, деб ёзилади ЎзА хабарида. 120 ўринли марказ жорий йилнинг декабрь ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
 
Президент мазкур лойиҳалар билан танишар экан, бу марказларнинг ташкил этилишидан мақсад аҳолига янада кўпроқ қулайликлар яратиш, уларнинг соғлиғини ишончли ҳимоя қилиш эканини алоҳида таъкидлади:
 
“Бир нарсани эсдан чиқармаслик лозим: марказ ходимлари беморнинг келишини кутиши керак эмас, аҳоли орасида юриб профилактика ва тиббий маданиятни ошириш билан шуғулланиши лозим”.
 
Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг янги биноси лойиҳаси билан ҳам танишди.
 
Бугунги кунда мазкур шифохона 1990 йилларда қурилган бинода жойлашган бўлиб, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда бир қанча ноқулайликлар келтириб чиқармоқда. Энг сўнгги русумдаги тиббий ускуналар билан жиҳозланиши кутилаётган шифохонада вирусли гепатитнинг олдини олиш, диагностика ва даволаш ишлари олиб борилади.
 
Президент аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, маҳаллалар, таълим муассасаларида юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича кенг кўламли тушунтириш ишларини олиб бориш кераклигини алоҳида таъкидлади.
 
Шавкат Мирзиёев вилоятда поликлиникалар, туман тиббиёт бирлашмалари фаолиятини такомиллаштириш, тез тиббий ёрдам хизматларини янгидан ташкил қилиш, қишлоқ врачлик пунктларини оптималлаштириш, тиббиётнинг турли йўналишлари бўйича марказлар ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берди.

Теглар:Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарёга ташрифи 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар