...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент Ислом Каримов хотирасига бағишлаб қўшиқ куйланди


15:48, 07.09.2016 Премьера
 16 622

Президент Ислом Каримов Фармонига мувофиқ “Шуҳрат” медали билан тақдирланган хонанда Акбар Отамуҳаммедов “Папа” номли қўшиқ яратди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг вафот этиши бутун республика аҳлини эсанкиратиб қўйди. Халқ бошига тушган бу мусибат одамлар юрагида узоқ йиллар битмас яра бўлиб қолиши аниқ. Мамлакатда эълон қилинган уч кунлик мотам расман ниҳоясига етган бўлсада одамлар кечагина бўлган йўқотишдан чалғиганича йўқ. Байроқладан қора тасма олинмади, мотам тадбирлари давом этяпти. Бу ҳам бўлса Ўзбекистонни мустақилликка олиб чиққан, унга эрк, ҳурлик берган Биринчи Президент Ислом Абдуғаниевич Каримовга нисбатан чексиз ҳурматдан далолат.
 
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат, маънавият ва маърифат, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ хонанда Акбар Отамуҳаммедов “Шуҳрат” медали билан тақдирланган эди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг тўсатдан вафот этиши кўплар қатори Отамуҳаммедовни ҳам ларзага келтиргани шубҳасиз. Хонанда ҳамкасблари орасида биринчи бўлиб Президент Ислом Каримов хотирасига атаб қўшиқ куйлади. Акбар Отамуҳаммедов “Папа” номли қўшиғини сайтимиз орқали тақдим этишни лозим топди.
 
“28 августдан бошлаб халқимизнинг юрагидан нималар ўтгани ҳаммамизга яхши аён. Янгиликлар орқали эълон қилинган хабарни эшитгач, ичимдан нимадир узилгандек бўлди, кўз ёшимни тутиб тура олмадим. Ўша куниёқ шу қўшиқнинг шеърини ёздим, мусиқаси ҳам қуюлиб келди. Қўшиқ 45 дақиқада тайёр бўлди. 3 сентябрь тонгига қадар қўшиққа клип тайёрладик ва тонгда Юртбошимизни сўнгги манзилга кузатишга чиқдик.
 
Мен ҳис қилган нарсани бошқалар юрагидан ўтказгани аниқ. Буни тушунтириб ўтиришимнинг ҳожати йўқ. Президентимиз бутун умр бизни фарзандларим дедилар. Ўз-ўзидан бизни жипслаштириб, ака-ука, опа-сингил қилиб кетдилар. Буни эса юртимиз бошига оғир мусибат тушганда англадик”, дейди Акбар Отамуҳаммедов чуқур қайғу билан.
 
Оғир вазиятда бировнинг кўнглига қўшиқ сиғармиди, деманг. Бу қўшиқда Акбар Отамаҳуммедов Президент Ислом Каримовнинг умри давомида қўл урган хайрли ишларини санаб ўтар экан, яна ўша ёшлар қалбида бонг ураётган “Бизни фарзандим дердингиз” сўзларига мурожаат қилган. Дарҳақиқат, Президент Ислом Каримов ирқи, миллати, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар барча Ўзбекистон болаларига бағрини очди, уларнинг эртаси учун тўкис ҳаёт, ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етсин, деб шароит яратди. Юрт ёшларининг бошини силади. “Ишончим, таянчим сиз ёшларда, сизнинг кўзингизда”, деди. Умрини уларнинг бахтли ҳаётига тикди. “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт”, деган олий мақсад йўлидан қайтмади. Акбар куйлаган қўшиқ эса барча Ўзбекистон болаларидан Ислом Каримовга миннатдорчилик рамзи, десак муболаға бўлмайди. Қўшиқда айтилганидек, Ислом Каримов хотираси юракларда, Ўзбекистон халқи, ёшлари қалбида барҳаёт. Уларни эслаганда ҳар бир қалб тўлқинланиб кетади, соғинчли кўз ёшларга йўғрилган дил сўзлари отилиб чиқаверади.
 
Қўшиқни сайтимизнинг мусиқа бўлимида тинглаш ва кўчириб олиш имкониятига эгасиз. 

Теглар:Ислом Каримов Акбар Отамуҳаммедов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!