...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент эркин иқтисодий зоналар фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисидаги қарорни қабул қилди


11:10, 09.08.2017 Жамият
 2 319

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 августдаги ПҚ–3175-сонли қарори қабул қилинди.

Эркин иқтисодий зоналар самарали фаолият кўрсатиши учун вазирликлар, идоралар ва жойлардаги давлат ҳокимияти органларини мувофиқлаштиришни кучайтириш ва уларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
 
Ўзбекистонда эркин иқтисодий зоналарни (кейинги ўринларда – ЭИЗ) маҳаллий минерал-хомашё ресурсларни чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қийматга эга рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлайдиган замонавий корхоналар ташкил этиш, республика ҳудудларининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланиш, шу аснода янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадини ошириш учун хорижий, аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг муҳим омили сифатида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
 
ЭИЗ фаолиятини тартибга соладиган мустаҳкам қонунчилик ва меъёрий база яратилди, уларни ривожлантириш учун хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этишга кўмаклашадиган кенг кўламли солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар тизими шакллантирилди. Айни пайтда республикамизнинг 10 минтақасида 14 ЭИЗ ташкил этилди ва фаолият юритмоқда.
 
Шу билан бирга, ЭИЗ фаолиятида тўпланган тажриба уларни жадал ривожлантириш ва самарали фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилаётган қатор муаммолар ва ҳал этилмаган масалалар мавжудлигидан далолат беради. Жумладан:
 
биринчидан, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда ЭИЗни ривожлантириш борасида уларни ташкил этиш ва фаолият кўрсатишининг аниқ мақсадларини, хусусан, иқтисодий, ижтимоий, илмий-техник ва бошқа мақсадларни белгилайдиган, шунингдек, ЭИЗни ихтисослаштириш бўйича аниқ принцип ва ёндашувлар мавжуд эмас;
 
иккинчидан, хорижий компания ва фирмаларнинг республика ЭИЗ ҳудудларида ўз бизнесини юритиш учун Ўзбекистонда яратилган қулай шароитларни кенг ёритиш ва бўлажак инвесторларни, биринчи навбатда, хорижда ушбу шароитлар билан таништириш ишлари суст амалга оширилмоқда;
 
учинчидан, истиқболли лойиҳа таклифларини шакллантириш, чуқур таҳлил қилиш ҳамда баҳолаш мақсадга мувофиқлиги, асослилиги ва рентабеллиги асосида ЭИЗ ҳудудида амалга ошириш учун танлаб олиш, шунингдек, лойиҳаларни амалга оширишнинг барча циклларида сифатли ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш, жумладан, лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, объектларни ишга тушириш ва якуний мақсадларга эришишни таъминлайдиган ягона яхлит тизим яратилмаган;
 
тўртинчидан, инвестиция лойиҳалари портфелининг сифати паст, ЭИЗ ҳудудида етакчи хорижий компаниялар иштирокида, аввало, маҳаллий минерал-хомашё ресурслари ва қишлоқ хўжалиги хомашёсини чуқур қайта ишлаш, шунингдек, жаҳонга машҳур брендлар остида экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича юқори технологияли маҳаллийлаштирилган замонавий корхоналар ташкил этиш ишлари суст амалга оширилмоқда, ЭИЗ ҳудудида ташкил қилинган хўжалик субъектлари ўртасида саноат ва кооперация алоқалари етарли даражада эмас, зарур логистика тизими мавжуд эмас;
 
бешинчидан, ЭИЗ иштирокчиларини рўйхатга олиш, уларга ер участкалари ажратиш, инвестиция лойиҳаларини маъқуллаш, корхоналарни ташқи муҳандислик инфратузилмасига улаш, тадбиркорларга ишлаб чиқараётган маҳсулотини ички ва ташқи бозорларда сотишга кўмаклашиш жараёнлари муддати асоссиз чўзилмоқда;
 
олтинчидан, ЭИЗ салоҳиятидан етарлича фойдаланилмаётгани оқибатида ЭИЗ иштирокчилари томонидан рақобатдош, экспортбоп ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ҳамон паст, уларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши, ички бозорни истеъмол товарлари ва бутловчи буюмлар билан таъминлаш, республикада экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва валюта тушумлари миқдорини кўпайтиришдаги улуши паст даражада қолмоқда.
 
Ҳудудларни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини кўпайтиришда эркин иқтисодий зоналар ҳиссасини ошириш, лойиҳа бўйича бошқариш тамойиллари асосида ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ ваколатли вазирлик, идора ва жойлардаги давлат ҳокимияти органларини мувофиқлаштириш ҳамда уларнинг масъулиятини ошириш мақсадида:
 
1. Қуйидагилар эркин иқтисодий зоналар фаолиятини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
 
ЭИЗ ҳудудида, биринчи навбатда, кластер ёндашувлардан кенг фойдаланган ҳолда ЭИЗ иштирокчилари ўртасида яқин кооперация алоқаларини йўлга қўйиш, маҳаллий хомашё ва материаллар асосида рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ва бутловчи буюмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича юқори технологияли замонавий корхоналар ташкил этиш;
 
ЭИЗ ҳудудида жойлашган саноат корхоналари ва инфратузилма объектларида янги малакали иш ўринлари ташкил этишни таъминлаш, шу асосда республика минтақалари аҳолисининг бандлик даражасини ва даромадларини ошириш;
 
маҳаллий минерал-хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш ва дунёда танилган брендлар остида юқори қўшилган қийматли рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун ҳудудида ЭИЗлар ташкил қилинган минтақалар ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланишни таъминлаш;
 
етакчи хорижий компания ва корпорациялар иштирокида юқори технологияли замонавий инновацион ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун хорижий инвестициялар, авваламбор, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича энг қулай шароитлар яратиш;
 
ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилмани янада ривожлантириш, шунингдек, сифатли логистика хизматлари кўрсатиш бўйича замонавий инфратузилмани шакллантириш;
 
ЭИЗ йўналишлари бўйича кадрларга бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларидан келиб чиқиб ва уларнинг ЭИЗ ҳудудида жойлашган саноат корхоналари ва инфратузилма объектларида ишлаб чиқариш амалиёти ўташини назарда тутган ҳолда, олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида юқори малакали мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш.
 
2. ЭИЗ фаолиятининг қайд этилган йўналишларини мувофиқлаштириш ва комплекс равишда ҳал этишни таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ижтимоий-иқтисодий сиёсатни мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчиси хизмати таркибида эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозими жорий этилсин, шунингдек, эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича умумий сони 5 кишидан иборат сектор ташкил этилсин.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари зиммасига қуйидаги асосий вазифа ва функцияларни амалга ошириш масъулияти юклансин:
 
вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, тижорат банклари, ЭИЗ дирекциясининг эркин иқтисодий зоналарнинг самарали фаолият кўрсатиши ва уларни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар бўйича фаолиятини амалий мувофиқлаштиришни таъминлашга доир комплекс ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш;
 
ваколатли вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва жойлардаги давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда ҳар бир эркин иқтисодий зона ва кичик саноат зоналарини ихтисослаштириш ҳамда истиқболли ривожлантиришга оид ёндашувлар, тамойиллар ва аниқ дастурий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;
 
барча давлат бошқаруви органлари, назорат қилувчи органлар, тижорат банкларининг эркин иқтисодий зоналар ҳудудида белгиланган алоҳида солиқ, божхона ва валюта тартиб-таомиллари қўлланилиши бўйича ҳуқуқий нормалар ва қонунчилик қоидаларининг сўзсиз бажарилиши, инвестиция лойиҳаларини жадал илгари суриш, бюрократик тўсиқ ва ғовлар бартараф этилишини тизимли назорат қилиш;
 
ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини, ЭИЗ иштирокчиси бўлган хўжалик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолияти самарадорлигини мунтазам мониторинг қилиш, вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, тижорат банклари, ЭИЗ дирекциясининг улар зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳисоботларини доимий эшитиш.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси В.А.Голишев икки ҳафта муддатда янги жорий этилаётган лавозимлар бўйича функционал мажбуриятларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
 
3. Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус идоралараро комиссия (кейинги ўринларда –Махсус комиссия) 1-иловага мувофиқ тузилсин.
 
Қуйидагилар Махсус комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
 
ЭИЗлар фаолият кўрсатиши ва ривожлантириш билан боғлиқ ташкилий-техник масалаларни ҳал этишда уларга амалий ёрдам кўрсатиш, ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича вазирлик, идора, тижорат банклари, жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини аниқ мувофиқлаштириш, улар томонидан бюрократизм ва сансалорликка йўл қўймасликка доир тезкор чоралар кўриш, айбдор мансабдор шахсларга нисбатан қатъий жавобгарлик чоралари қўллашга оид таклифлар киритиш;
 
ЭИЗ фаолияти билан боғлиқ бўлган барча ташкилий масалаларни ҳал қилиш, хорижий инвесторлар томонидан тушаётган истиқболли таклифлар, шунингдек, ЭИЗ ҳудудида амалга ошириш учун комиссияга таклиф этилаётган муайян лойиҳа таклифларини тезкор кўриб чиқиш ва келишилган қарорлар қабул қилиш;
 
ЭИЗ ҳудудида лойиҳаларни амалга оширадиган инвесторлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, ЭИЗ иштирокчилари хўжалик субъектлари фаолиятини самарали ташкил қилиш, улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни экспортга етказиб беришни кўпайтиришга қаратилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштиришга доир таклифларни белгиланган тартибда тақдим этиш;
 
лойиҳаларни амалга оширишнинг барча босқичларида, жумладан, лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, объектларни ишга тушириш ва якуний мақсадга эришишда, уларни сифатли ташкил қилиш, мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш;
 
ўрнатилган муддатларда ишга туширилишига тўсқинлик қилаётган сабабларни аниқлаган ҳолда эркин иқтисодий зоналар ҳудудида амалга оширилаётган лойиҳаларни, шунингдек, ЭИЗ иштирокчилари хўжалик юритиш субъектлари молия-хўжалик фаолияти самарадорлигини доимий мониторинг қилиш, уларга юзага келадиган масалалар ва муаммоларни ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиш чораларини кўриш;
 
ЭИЗ иштирокчиларини ташқи муҳандислик ишлаб чиқариш инфратузилмасига ўз вақтида улаш ва унинг узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминлаш ишларини мувофиқлаштириш;
 
эркин иқтисодий зоналар дирекциялари фаолияти устидан амалий назорат ўрнатиш, дирекция раҳбарларининг маъқулланган инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши тўғрисидаги ҳисоботларини мунтазам эшитиш, зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни бажаришни таъминламаган вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва ЭИЗ дирекцияси раҳбарларига жавобгарлик чораларини кўриш ҳақида таклифлар киритиш.
 
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари:
 
бир ҳафта муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари раҳбарлигида эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий комиссияларнинг шахсий таркибини ташкил этсин ва тасдиқласин;
 
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан ҳамкорликда бир ой муддатда ҳар бир эркин иқтисодий зонанинг ривожланиш даражаси ва фаолият самарадорлиги, маҳсулотларни маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босадиган лойиҳалар амалга оширилишини рейтинг асосида баҳолаш мезонлари ҳамда кўрсаткичларини ишлаб чиқсин; 
 
жорий йилнинг 15 августигача истиқболли ҳамкорлик бўйича хорижий мамлакатларни аниқлаган ҳолда, Махсус комиссияга ҳар бир ЭИЗ бўйича мазкур қарорнинг қоида ва талабларини амалга оширишга доир тармоқ жадвали ва "йўл хариталари"ни тақдим этсин.
 
Эркин иқтисодий зоналар дирекциялари раҳбарлари бир пайтнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг маслаҳатчилари ҳисобланиши белгилаб қўйилсин.
 
5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
 
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими, уларнинг биринчи ўринбосарлари ярим йил ва йил якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига эркин иқтисодий зоналар ҳамда кичик саноат зоналарини ривожлантириш ва уларнинг фаолияти самарадорлигини оширишга доир амалга оширилаётган ишлар ҳақида шахсан ҳисобот беради;
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси В.А.Голишев Махсус комиссия аъзолари билан биргаликда жойларга чиқиб, ҳар ой мазкур қарор ижросини, ҳар бир ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини, ЭИЗ иштирокчиси бўлган хўжалик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолияти самарадорлигини мониторинг қилиб борсин.
 
6. ЭИЗ иштирокчиси бўлган хўжалик субъектларига ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш бўйича кредит-молия ёрдамини кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банкларининг тижорат банкларини эркин иқтисодий зоналарга бириктириш тўғрисидаги таклифи 1-иловага мувофиқ қабул қилинсин.
 
Ваколатли тижорат банклари инвестиция лойиҳаларини амалга оширадиган ЭИЗ иштирокчиси бўлган хўжалик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватласин, лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини, самарадорлиги ва ўзини қоплашини пухта экспертизадан ўтказишга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, уларга бизнес-режалар ишлаб чиқишда амалий кўмаклашсин.
 
7. Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (Ш.А.Вафоев) ушбу қарорнинг 2-иловасида қайд этилган ваколатли тижорат банкларига ЭИЗ ҳудудида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун умумий ҳажми 100 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит линиялари очилишини таъминласин.
 
Марказий банк (М.Б.Нурмуратов) Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси (А.И.Ахмедходжаев) ва ваколатли тижорат банклари билан ҳамкорликда ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун хорижий банклар, халқаро молия институтлари ва донор-мамлакатларнинг кредит линияларини жалб қилиш ишларини фаоллаштириш тавсия этилсин.
 
8. Давлат божхона қўмитаси (М.В.Тохирий):
 
уч ой муддатда барча ЭИЗ ҳудудларида божхона постлари ва омборхоналарининг очилиши ва фаолият юритишини;
 
“Навоий” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида жойлашган асбоб-ускуналар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, хомашё, материаллар ва бутловчи қисмларни эркин божхона зонаси режимидан божхона тўловларини тўламасдан, муқаддам расмийлаштирилган божхона кўриги асосида, экспорт божхона юк декларацияси, сертификатлар ва ташқи иқтисодий фаолият соҳасида рухсат берувчи бошқа ҳужжатларини тақдим этмасдан, эркин муомалага чиқариш режимига қайта расмийлаштирилишини таъминласин.
 
9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги (Г.К.Саидова) ва унинг ҳудудий бошқармалари:
 
Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси (Р.А.Ғуломов), Давергеодезкадастр қўмитаси (А.Х.Абдуллаев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, ЭИЗ дирекциялари билан ҳамкорликда икки ой муддатда эркин иқтисодий зоналар чегарасини қайта кўриб чиқсин ва Махсус комиссияга муҳандислик тармоқларига уланган, транспорт коммуникациялари ва ижтимоий инфратузилма объектларига эга фаолият кўрсатмаётган ишлаб чиқариш майдонлари таркибига киритишга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, уларни оптималлаштириш бўйича таклифларни тақдим этсин, бу, ўз навбатида, янги корхоналар ташкил этиш ва уларнинг кам маблағ сарфлаган ҳолда самарали фаолият кўрсатишини таъминлайди;
 
уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси (А.И.Ахмедходжаев), ҳудудида ЭИЗ ташкил этилган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда ҳудудлар хусусиятлари, мавжуд табиий, минерал-хомашё, қишлоқ хўжалиги ва меҳнат салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда, эркин иқтисодий зоналар ихтисослашувини белгиласин, уларни истиқболли ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқсин;
 
2017 йилнинг 1 октябригача Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси (А.И.Ахмедходжаев), бошқа манфаатдор вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари, ваколатли тижорат банклари, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, хусусий тадбиркорлар билан ҳамкорликда аниқ лойиҳа таклифларини ишлаб чиқсин, эркин иқтисодий зоналар ҳудудида жойлаштириш учун 2018 йилги инвестиция лойиҳалари портфелини шакллантирсин;
 
Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурлари доирасида ҳар йили буюртмачилар, лойиҳа ва пудрат ташкилотлари, молиялаштириш манбаларини аниқ белгилаган ҳолда, эркин иқтисодий зоналар ҳудудида, аввало ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича саноат корхоналарини ҳамда инфратузилма объектларини қуриш ва ишга туширишнинг манзилли рўйхатини шакллантирсин;
 
эркин иқтисодий зоналар ҳудудида ташкил қилинган ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятининг самарадорлигини, уларнинг мамлакат экспорт салоҳиятини кенгайтиришда иштирокини мунтазам равишда омилли асосда таҳлил қилсин.
 
10. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси (А.И.Ахмедходжаев):
 
Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари билан ҳамкорликда бўлажак хорижий инвесторлар, авваламбор, тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини, шунингдек, халқаро молия институтлари, донор мамлакатлар, хорижий банклар, компания ва фондларнинг молия ресурслари ҳамда техник кўмаклашиш маблағларини (грантлари) ЭИЗ ҳудудида амалга ошириладиган лойиҳаларга жалб этишни таъминласин;
 
хорижий инвесторлардан тушадиган истиқболли таклифлар асосида лойиҳалар бўйича ЭИЗ доирасида амалга ошириш учун таклифлар тайёрласин;
 
бўлажак инвесторларни ЭИЗда бизнес юритиш учун яратилган қулай шароитлар билан таништириш мақсадида хорижий давлатларда тадбирлар (бизнес-форумлар, давра суҳбатлари, тақдимотлар, махсус видеороликлар тайёрлаш, ОАВда ёртиш ва бошқалар) тайёрласин ва ўтказсин;
 
жалб этиладиган хорижий инвестициялардан самарали фойдаланиш, ЭИЗ иштирокчиларининг олинган қарз маблағларини ўз вақтида қайтаришини тизимли мониторинг қилиб борсин.
 
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун унинг марказий аппарати тузилмасида 4 кишидан иборат Эркин иқтисодий зоналарни ривожлантириш масалалари бўйича бўлим ташкил этилсин.
 
11. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси (Б.И.Зокиров, К.Н.Тўлаганов) лойиҳа институтлари билан биргаликда:
 
ЭИЗ ҳудудида саноат корхоналари, транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектларини қуриш бўйича техник вазифалар, инвестиция лойиҳаларининг лойиҳа ҳужжатларини ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқсин;
 
белгиланган стандартлар, қурилиш норма ва қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда, ЭИЗ ҳудудида жойлашган объектлар бўйича амалга оширилаётган лойиҳа ва қурилиш-монтаж ишларининг сифатини доимий асосда давлат архитектура-қурилиш назоратини амалга оширсин.
 
12. Давлат солиқ қўмитаси (Б.Р.Парпиев) ва Давлат божхона қўмитаси (М.В.Тохирий): 
 
ЭИЗ иштирокчилари учун қонунчиликда белгиланган солиқ ва божхона имтиёз ҳамда преференциялари, валюта режимининг алоҳида шартларига сўзсиз риоя этилишини, уларнинг хўжалик фаолиятига аралашувга йўл қўймасликни; 
 
ЭИЗ иштирокчилари инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида технологик ускуналар, материаллар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмларни олиб киришда тақдим этилган солиқ ва божхона имтиёзларидан мақсадли фойдаланиши устидан қатъий назорат ўрнатилишини таъминласин. 
 
13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ҳокимлари: 
 
ЭИЗ ҳудудида амалга ошириш учун истиқболли лойиҳаларни ўз вақтида кўриб чиқиш ва келишиш, олинган ижобий хулосалар асосида хўжалик субъектларига ЭИЗ иштирокчиси мақомини беришни таъминласин; 
 
ЭИЗ ҳудудида маъқулланган инвестиция лойиҳалари бўйича "йўл хариталари"ни ишлаб чиқсин ва амалга оширилишини таъминласин; 
 
лойиҳаларни ЭИЗ ҳудудида жойлаштириш учун ер участкалари ва объектлар ажратиш тўғрисидаги қарорларни ўз вақтида қабул қилсин. 
 
14. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги (М.Х.Солиев), Автомобиль йўллари давлат қўмитаси (А.А.Абдувалиев), "Ўзбекэнерго" АЖ (У.М.Мустафоев) ва "Ўзтрансгаз" АЖ (А.С.Мустафоев) раҳбарлари зиммасига ЭИЗ иштирокчилари бўлган хўжалик субъектларини ташқи муҳандислик-коммуникация инфратузилмасига ўз вақтида улаш ва узлуксиз ишлашини таъминлаш бўйича шахсий жавобгарлик юклансин. 
 
15. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ (А.С.Шукуров), "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК (В.Н.Тян), Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги (В.В.Исмоилов) билан ҳамкорликда икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига ЭИЗнинг республика автомобиль ва темир йўл тармоқлари билан интеграциялаштирилган транспорт-логистика инфратузилмасини ташкил этишга доир таклифларни киритсин. 
 
16. Ташқи савдо вазирлиги (Э.М.Ғаниев) Иқтисодиёт вазирлиги (Г.К.Саидова), Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси (А.И.Ахмедходжаев), Давлат божхона қўмитаси (М.В.Тохирий), "Ўзфармсаноат" АК (М.М.Дўсмуротов) ва бошқа манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар билан ҳамкорликда бир ой муддатда Махсус комиссияга 2018-2019 йилларда ЭИЗ ҳудудида амалга ошириш учун тавсия этиладиган ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга оид янги лойиҳалар бўйича таклифлар киритсин. 
 
17. Махсус комиссия Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги (Г.К.Саидова), Молия вазирлиги (Б.А.Хўжаев), Ташқи савдо вазирлиги (Э.М.Ғаниев), Адлия вазирлиги (М.М.Икромов), Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси (А.И.Ахмедходжаев) ва бошқа манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар билан биргаликда: 
 
бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Эркин иқтисодий зоналар фаолияти самарадорлигини рағбатлантиришни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони лойиҳасини белгиланган тартибда тақдим этсин; 
 
икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қонунчиликка мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида таклифлар киритсин. 
 
18. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси В.А.Голишев зиммасига юклансин. 
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти
 Шавкат Мирзиёев
 
Тошкент шаҳри, 2017 йил 7 август

Теглар:Президент Қарори Эркин иқтисодий зоналар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар