...
МЕНЮ
ONLINE TV

Мирзиёев ва Путин қўшма Баёнот бердилар


11:31, 20.10.2018 Жамият
 2 917

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг Қўшма Баёнотини эълон қилди.

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига кўра 19 октябрь куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди.
 
Кеча, 19 октябрь куни “Кўксарой” қароргоҳида Президенти Владимир Путинни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Шундай сўнг, Президентлар тор доирадаги ва кенгайтирилган музокараларда иштирок этдилар.
 
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг Қўшма Баёнотини эълон қилди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти В.В.Путиннинг Қўшма Баёноти
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг таклифига биноан Россия Федерацияси Президенти В.В.Путин 2018 йилнинг 18-19 октябрь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистон Республикасида бўлди.
 
Олий даражадаги Ўзбекистон-Россия музокаралари икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари ва стратегик шерикликнинг юқори даражасини акс эттирадиган анъанавий очиқ, дўстона ва конструктив муҳитда бўлиб ўтди. Президентлар кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг кенг қамровли масалаларини муҳокама қилиб, уни янада ривожлантириш йўлидаги муҳим йўналишларни белгилаб олдилар.
 
Томонлар 2004 йил 16 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида стратегик шериклик тўғрисида Битим, 2005 йил 14 ноябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида Шартнома ва 2012 йил 4 июнда имзоланган Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисида Декларация асосида муносабатларни чуқурлаштиришга интилишларини тасдиқладилар. Давлат раҳбарлари барча даражаларда мулоқот ва алоқаларнинг фаоллашуви натижасида Ўзбекистон ва Россия давлатлараро ҳамкорлигининг сифат жиҳатдан янги босқичи бошланганини мамнуният билан қайд этдилар.
 
Ш.М.Мирзиёев ва В.В.Путин икки давлатнинг ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий, инвестициявий ва инновацион-технологик ҳамкорлигини янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг долзарблигини таъкидладилар. Шу муносабат билан, 2018 йил 7 сентябрда 19-йиғилиши бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия ишининг самарадорлигини қайд этган ҳолда, давлат раҳбарлари мазкур йўналиш бўйича фаолиятга янги кучли туртки беришга қарор қилдилар. Бу мақсадда президентлар Ўзбекистон ва Россия ҳукумат раҳбарлари даражасида қўшма комиссия тузишга келишиб олдилар, унга икки томонлама товар айланмаси ҳажмини янада ошириш, ўзаро экспорт-импорт операциялари, хусусан, юқори даражада қайта ишланган маҳсулотларни етказиб беришни кенгайтириш учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, икки томонлама савдода ўзаро манфаатли асосларда божхона ва у билан боғлиқ бўлмаган тўсиқларни бартараф этиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш топширилади.
 
Ўзбекистон ва Россия президентлари олиб кириладиган товарларга аксизларни камайтириш, товарларни етказиб беришда қатор нотариф тўсиқларни бартараф этиш мақсадида амалга оширилаётган чоралар икки мамлакат ўртасидаги имтиёзли муносабатларнинг аниқ амалий ифодаси деган умумий фикрга келдилар. Томонлар Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 2018 йил якунлари бўйича Ўзбекистон-Россия товар айланмаси ҳажмини 5 миллиард АҚШ долларига етказишга оид прогнозини эътиборга олдилар. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Россия савдо-иқтисодий муносабатларининг салоҳиятидан тўла-тўкис фойдаланилмаганлиги қайд этилди. Икки давлатнинг тегишли орган ва ташкилотларига ўзаро товар айланмасини кўпайтириш бўйича зарурий чоралар кўриш топширилди. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида 2019-2024 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик дастурида белгиланган мақсадларга эришиш бунга кўмаклашади.


 
Россия томони Ўзбекистонда инвестициявий иқлимни яхшилашга қаратилган қонун ҳужжатлари қабул қилинганлигини мамнуният билан қарши олди ҳамда бу йўналишдаги кейинги қадамлар икки давлат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни чуқурлаштириш, юқори қўшимча қийматли маҳсулотларни биргаликда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтириш, Ўзбекистон корхоналарида Россиянинг энг янги технологиялари ва илмий ишланмаларини жорий этишни рағбатлантиришига ишонч билдирди. Томонлар ҳамкорликнинг устувор йўналиши сифатида Ўзбекистон-Россия ва Россия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашлари ва икки давлатнинг савдо-саноат палаталари фаолиятига кўмаклашишга келишиб олдилар.
 
Давлат раҳбарлари ташриф доирасида имзоланган ҳужжатларда назарда тутилган инвестициявий ва савдо-иқтисодий соҳалардаги келишувларнинг умумий ҳажми 25 миллиард АҚШ долларини ташкил этганлигини мамнуният билан қайд этдилар.
 
Ўзбекистон ва Россия президентлари ҳам икки томонлама асосда, ҳам кўп томонлама ташкилотлар доирасида молия-банк соҳасида ҳамкорлик истиқболларини таъкидладилар. Томонлар буджетни прогнозлаштириш, божхона ва солиқ қонунчилигини такомиллаштириш соҳаларида тажриба алмашишга алоҳида аҳамият берадилар. Икки давлат президентлари ўзаро ҳисоб-китобларда тадбиркорлик учун талабгир валюталардан фойдаланишни, шунингдек, банклараро ҳамкорликни, хусусан, иқтисодиётнинг реал секторида қўшма лойиҳаларни амалга оширишда кенгайтиришга интилишларини эътироф этдилар.
 
Ш.М.Мирзиёев ва В.В.Путин икки давлат минтақалари ўртасида янги сермаҳсул ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга бағишланган Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида минтақалараро ҳамкорликнинг биринчи форуми фаолиятини очиб бердилар. Президентлар шериклик муносабатларини чуқурлаштириш, кичик ва ўрта тадбиркорлик вакиллари ўртасида ишлаб чиқариш ва илмий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда уларнинг Ўзбекистон ва Россияда ўтказиладиган конференция ва кўргазма-ярмарка тадбирларида иштирок этишлари учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган икки давлат минтақалари ташаббусларини қўллаб-қувватлашларини эътироф этдилар. Томонлар икки давлат минтақаларида Ўзбекистон-Россия савдо уйлари ташкил этилганлигини олқишладилар. Давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Россия савдо-иқтисодий ҳамкорлигининг барча жабҳалари учун минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаб, форум доирасида 100 дан ортиқ лойиҳалар бўйича қиймати 2 миллиард АҚЧ доллари атрофида бўлган ҳужжатлар имзоланганлигини мамнуният билан қайд этдилар.
 
Президентлар қишлоқ хўжалиги соҳасида Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлигининг ҳамда икки давлат агросаноат комплекслари йўналиши бўйича алоқаларни тубдан ривожлантиришнинг устувор аҳамиятини таъкидладилар.
 
Томонлар Ўзбекистондан мева-сабзавот маҳсулотларини Россия бозорига йетказиб бериш бўйича “яшил йўлак” ташкил этиш ва унинг фаолият юритиши натижасида олинган ижобий тажрибани Ўзбекистон ишлаб чиқарувчиларининг бошқа бир қатор маҳсулотларига нисбатан ҳам қўллаш имкониятини кўриб чиқишга келишиб олдилар.
 
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атом электр станциясини қуришда ҳамкорлик тўғрисидаги Битим имзоланганлиги ҳамда мазкур атом электр станцияси қурилишининг бошланиши Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш ва уни илғор илмий-технологик тараққиёт босқичига чиқариш учун кенг истиқболлар очади. Мазкур лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун Томонлар Ўзбекистон Республикасида атом энергетикаси бўйича кадрлар тайёрлаш ва ўқитиш соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.
 
Ш.М.Мирзиёев ва В.В.Путин энергетика қувватини кучайтириш ва электр энергияси соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш бўйича икки ва кўп томонлама асосда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳаларини янада ривожлантиришга кўмаклашишини тасдиқладилар.
 
Ш.М.Мирзиёев ва В.В.Путин транспорт соҳасида икки томонлама ҳамкорликка, шу жумладан, ташқи бозорларга энг қисқа ва самарали чиқишни таъминлайдиган транзит йўлакларини ривожлантириш ва диверсификация қилиш масалаларига устувор аҳамият берадилар.
 
Ўзбекистон ва Россия алоқа операторлари салоҳиятидан максимал даражада фойдаланилган ҳолда алоқа, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар соҳасида конструктив ҳамкорлик давом эттирилади.
 
Президентлар икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда медиа соҳасининг ўрнини алоҳида таъкидладилар ва мазкур соҳада ҳамкорликни кенгайтириш тарафдори эканликларини билдирдилар.
 
Давлат раҳбарлари инновацион ишланма ва технологияларни жорий этиш,  шунингдек, инвестицияларни жалб қилишнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланадиган биргаликдаги космик фаолиятни тартибга солувчи икки томонлама битимни тез фурсатларда тузиш зарурлигини кўрсатиб ўтдилар.
 
Президентлар икки ва кўп томонлама илмий-техникавий ҳамкорликнинг янги истиқболларини очадиган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида “Суффа” халқаро радиоастрономик обсерваториясини яратиш тўғрисидаги Битимни амалга ошириш муҳимлигини таъкидладилар.
 
Ш.М.Мирзиёев ва В.В.Путин туризмни ривожлантириш, икки давлатнинг етакчи таълим, илмий, тиббиёт марказлари ўртасида алоқалар ўрнатиш, маданият ва спорт соҳасидаги алмашинувларни жадаллаштиришда ўз аксини топадиган маданий-гуманитар ва ижтимоий соҳаларда Ўзбекистон-Россия алоқаларини кенгайтиришнинг изчил тенденциясини қайд этдилар. Ташриф давомида имзоланган 2019-2021 йилларга мўлжалланган маданий-гуманитар соҳада ҳукуматлараро ҳамкорлик Дастури ва уни амалга ошириш бўйича тадбирлар Режаси Ўзбекистон ва Россия халқлари ўртасидаги дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашга кўмаклашади.
 
Президентлар Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётган иқтисодиётини юқори малакали мутахассислар ва илмий кадрлар билан таъминлаш мақсадида тузилган Ўзбекистон Республикасида Россия Федерациясининг олий таълим бўйича таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритиши тўғрисидаги Битимнинг аҳамиятини юқори баҳоладилар. Давлат раҳбарлари Ўзбекистон Республикасида Россиянинг етакчи таълим муассасаларининг филиаллари тармоғини кенгайтириш Ўзбекистонлик мутахассисларнинг малакасини оширишда муҳим омил ҳисобланишини таъкидладилар.
 
Давлат раҳбарлари икки томонлама ҳамкорликнинг юқори суръатларда ривожланиши фуқароларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш, ҳаёт сифати ва давомийлигини оширишга йўналтирилган миллий стратегияларни муваффақиятли амалга ошириш билан боғлиқ эканлигини таъкидлайдилар.  Шу муносабат билан, Ўзбекистон ва Россия тиббиёт ташкилотлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни рағбатлантиришга катта аҳамият берилади.
 
Томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясида истиқомат қиладиган тегишинча рус ва ўзбек жамиятлари учун қулай шарт-шароитлар яратишга кўмаклашадилар, уларнинг она тили, миллий маданияти, анъана ва урф-одатларини сақлаш ва ривожлантиришга ёрдам кўрсатадилар ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини таъминлайдилар.
 
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий асосда қабул қилиш ва жалб этиш тўғрисидаги Битимни ҳаётга тадбиқ этиш бўйича ишларни фаоллаштиришга, миграция соҳасида ҳамкорликнинг халқаро тан олинган шаклларини янада ривожлантиришга кўмаклашишга келишиб олдилар.
 
Томонлар жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ҳамкорликнинг фаоллашувини, шу жумладан, спортнинг миллий турларини ривожлантириш бўйича фаолиятни олқишладилар.
 
Президентлар ҳарбий ва ҳарбий-техникавий соҳаларда, хавфсизликни таъминлаш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ниятларини тасдиқладилар. Улар 2016 йил 29 ноябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида Шартнома, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги ўртасида 2018 йилга мўлжалланган икки томонлама ҳамкорлик Режасини амалга ошириш ҳолатини ижобий баҳоладилар.
 
Давлат раҳбарлари ҳам икки томонлама асосда, ҳам кўп томонлама форматда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш ниятларини билдирдилар.
 
Президентлар ўзаро ишонч ва бир-бирларининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган шериклик муносабатларини кенгайтириш Марказий Осиёда хавфсизликка янги таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича вазифаларни биргаликда ҳал этишга кўмаклашишини таъкидладилар.
 
Музокаралар давомида энг долзарб халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди. Ш.М.Мирзиёев ва В.В.Путин минтақавий ва глобал кун тартибидаги муҳим масалалар бўйича позицияларининг мос келиши ёки яқинлигини қайд этдилар. Президентлар халқаро хавфсизлик соҳасидаги вазиятдан хавотирда эканликларини билдирдилар ҳамда барча давлатлар томонидан тенг ва бўлинмас хавфсизлик тамойилига таянган ҳолда глобал ва минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилиши тарафдори эканликларини эътироф этдилар.
 
Томонлар давлатларнинг тенг ҳуқуқли ҳамкорлигига, улар тарафидан барча учун ягона бўлган қоида ва меъёрларга риоя этилишига ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг жаҳон сиёсатини тартибга солиш ва мувофиқлаштириш маркази сифатидаги қатъий ролининг тан олинишига асосланган янада адолатли полицентрик халқаро тартибнинг ўрнатилиши барча давлатлар манфаатларига жавоб беришини қайд этдилар. Шундан келиб чиққан ҳолда, Томонлар халқаро ҳуқуқ нормалари, энг аввало, БМТ Низомининг асосий мақсад ва тамойилларига риоя этиш асосида ўз ташқи сиёсатларини амалга оширадилар.
 
Ш.М.Мирзиёев ва В.В.Путин глобал ва минтақавий ташкилотлар ва бирлашмалар, шу жумладан, БМТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ЧҲТ), Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси доирасида икки давлатнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ҳамкорликни давом эттириш ва Томонлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мувофиқлаштиришда қатъий эканликларини эътироф этдилар.
 
Президентлар халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш учун космик фазода қуролланиш пойгасини бартараф этишга қаратилган тезкор амалий чоралар ўта муҳим эканлигини қайд этдилар. Улар бундай чоралардан энг самаралиси фазода қуролларни жойлаштирмаслик бўйича ишончли кафолатни таъминлайдиган юридик жиҳатдан мажбурий бўлган кўп томонлама ҳужжатни ишлаб чиқиш эканлигини таъкидладилар. Бундай битим тузилгунига қадар Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси космик фазони ҳар қандай турдаги қуроллардан ҳоли сақлашга, фазода биринчи бўлиб қуролларни жойлаштирмаслик сиёсатини изчил амалга ошириш орқали фазодан тинч мақсадларда фойдаланиш ва уни тадқиқ қилишга ҳар томонлама кўмаклашадилар. Президентлар бошқа давлатларни, биринчи навбатда, космик салоҳиятга эга бўлган мамлакатларни фазода биринчи бўлиб қуролларни жойлаштирмаслик бўйича сиёсий мажбуриятга содиқ эканликларини тегишли тарзда билдириш имкониятини кўриб чиқишга чақирдилар.
 
Ш.М.Мирзиёев ва В.В.Путин икки давлат 1993 йилда қабул қилинган Кимёвий қуролларни яратиш, ишлаб чиқариш, тўплаш ва қўллашни тақиқлаш ҳамда уни йўқ қилиб ташлаш тўғрисидаги Конвенциянинг яхлитлигини сақлашга, Кимёвий қуролларни тақиқлаш бўйича ташкилотнинг бирлиги ва сиёсийлашмаган фаолият асосига содиқ эканлигини билдирдилар.
 
Давлат раҳбарлари БМТ ва унинг Хавфсизлик кенгашининг марказий мувофиқлаштирувчи ролига таянган ҳолда, БМТ Низоми ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган принцип ва нормалари асосида терроризмга, шу жумладан, уни молиялаштиришга, хорижий террорчи-жангариларнинг фаолиятига, террористик мафкура ва тарғиботга қарши курашиш бўйича жаҳон ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга чақирдилар. Президентлар террористик ва экстремистик ташкилотлардан, шунингдек, терроризм ва экстремизм билан курашиш муаммосидан суверен давлатларнинг ишларига уларнинг барқарорлигига путур етказадиган тарзда аралашиш мақсадларида фойдаланишга йўл қўймаслик зарурлигини таъкидладилар.
 
Ўзбекистон ва Россия терроризм, гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний ишлаб чиқариш ва улар билан ноқонуний муомалада бўлиш, коррупция ва трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг бошқа турларига қарши курашда ҳам икки томонлама даражада, ҳам глобал ва минтақавий ташкилотлар, энг аввало, БМТ, ШҲТ ва МДҲ доирасида ҳамкорликни ривожлантиришда қатъий эканликларини тасдиқладилар. Томонлар тегишли махсус тузилмалардаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш тарафдори эканликларини таъкидладилар.
 
Томонлар Афғонистон Ислом Республикасида тинч қайта тикланиш жараёни фақатгина афғонлар бошчилигида ва афғонларнинг ўзлари томонидан амалга оширилиши лозим дея ишонч билдирдилар. Россия томони “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуидаги Афғонистон бўйича олий даражадаги халқаро конференция якунлари бўйича қабул қилинган Тошкент декларациясига мувофиқ Афғонистонда тинчлик жараёнига кўмаклашиш, Афғонистон иқтисодиётини қайта тиклаш ва мазкур давлатни минтақавий иқтисодий ҳамкорликка жалб этиш бўйича Ўзбекистон томонининг ташаббусларини ҳамда Ўзбекистон амалга ошираётган муҳим қадамларни мамнуният билан қарши олди. Ўзбекистон томони Россия Федерацияси ташаббуси билан Афғонистонда тинч мулоқотни йўлга қўйишга кўмаклашиш учун майдон сифатида ташкил этилган Афғонистон бўйича маслаҳатлашувларнинг Москва форматини қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистон ва Россия “ШҲТ – Афғонистон” алоқа гуруҳи доирасида биргаликдаги ишларни давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар.
 
Давлат раҳбарлари Марказий Осиёда ўзаро манфаатли ва самарали минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришдаги ижобий тенденцияларни қайд этдилар. Улар сўнгги пайтларда минтақада давлатлараро чегараларни ҳуқуқий расмийлаштиришда эришилган сезиларли прогресс, ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш ва консенсус асосида сув ва энергетика ресурсларига оид масалаларни конструктив ҳал этиш бўйича амалий ҳаракатлар минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга кўмаклашиши ҳамда Марказий Осиё давлатларининг изчил тараққиёти ва инвестициявий жозибадорлиги учун зарурий шарт-шароитлар яратишга хизмат қилишини тасдиқладилар.
 
Иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини эътиборга олиб, давлат раҳбарлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принсип ва нормалари асосида ва минтақанинг барча давлатлари манфаатларини ҳисобга олган ҳолда Марказий Осиёда сувдан фойдаланишнинг ўзаро манфаатли ва адолатли тизимини яратишга содиқ эканликларини таъкидладилар ҳамда Оролни қутқариш халқаро фондининг кўрсатиб ўтилган муаммоларни ҳал этишга салмоқли ҳисса қўшадиган тузилма сифатидаги юксак салоҳиятини қайд этдилар.
 
Давлат раҳбарлари бўлиб ўтган ташриф, қизғин музокаралар ва имзоланган кўп сонли ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасидаги анъанавий дўстона биродарлик алоқаларини мустаҳкамлаш йўлида яна бир босқични очиб беришига ишонч билдирдилар.
 
Россия Федерацияси Президенти В.В.Путин Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевга ва бутун Ўзбекистон халқига самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдирди ҳамда Ш.М.Мирзиёевни ўзи учун қулай бўлган вақтда расмий ташриф билан Россияда бўлишга таклиф қилди. Таклиф мамнуният билан қабул қилинди. Ташриф муддатлари дипломатик каналлар орқали келишилади.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев
 
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин

Теглар:Шавкат Мирзиёев Владимир Путин Қўшма Баёнот 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар