...
МЕНЮ
ONLINE TV

Мактабгача таълим муассасаларини текшириш тартибга солинади


10:04, 27.11.2018 Жамият
 3 156

Текширишни ўтказишга асос бўладиган ҳужжатларга эга бўлмаган шахсларнинг текшириш ўтказишига йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини текшириш ишларини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
 
 
Қарор билан:
 
  • Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини текшириш тартиби тўғрисидаги низом;
 
  • Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини текширишга ваколатли давлат органлари ва ташкилотлар рўйхати тасдиқланиши кўзда тутилган.
 
Мазкур Низом давлат мактабгача таълим муассасалари (кейинги ўринларда мактабгача таълим муассасаси деб юритилади) фаолиятини текшириш ва ўрганишни тайинлаш, уни ўтказиш муддатлари ва мезонларини, текшириш ўтказиш тартибини белгилайди.
 
Мазкур Низом талаблари:
 
а) Қуйидаги давлат органлари ва ташкилотлари:
 
  • Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси;
 
  • Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари,
 
  • Қонунчилик палатаси депутатлари ва халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлари;
 
  • Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;
 
  • Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси;
 
  • Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари;
 
  • Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари;
 
  • Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бошқармалари;
 
  • Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари;
 
  • оммавий ахборот воситалари (журналистик текширув бўйича);
 
  • тасарруфида умумтаълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари (ўз бўйсунувидаги умумтаълим муассасаларини текширишлари бўйича) фаолияти доирасида;
 
б) Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуни доирасида;
 
в) қўзғатилган жиноят ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишлар доирасида;
 
г) мактабгача таълим соҳасида нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларнинг фаолиятини текшириш доирасида;
 
д) фавқулодда вазиятлар, турли ҳодисалар юзасидан ва терговга қадар текширувлар доирасида ўтказиладиган текширишларга нисбатан татбиқ этилмайди.
 
Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини текширишдан кўзланган асосий мақсад мактабгача таълим бўйича ягона давлат сиёсатини амалга оширишда мактабгача таълим муассасаларининг роли ва масъулиятини кучайтириш, тарбияланувчиларга Ўзбекистон Республикасининг илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган Давлат талабларига мувофиқ сифатли таълим берилишини таъминлаш учун шарт-шароит яратиш, мактабгача таълим муассасаларидаги ижро интизомини мустаҳкамлаш, мактабгача таълим муассасаларини текширишларнинг самарадорлигини ошириш орқали педагоглар ва бошқа ходимларнинг касбий фаолиятига асоссиз равишда аралашувга чек қўйиш, назорат қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан таълим сифатига таъсир кўрсатувчи омилларни аниқлаш ва бартараф этишдан иборат.
 
Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини текширишнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:
 
  • мактабгача таълим муассасаларидаги таълим-тарбия жараёнининг сифати, тарбиячиларнинг билим даражасини ва педагогик маҳоратини оширишга кўмаклашиш;
 
  • қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатларини чуқур таҳлил қилиш ва уларни содир этиш шарт-шароитларини бартараф қилиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
 
  • амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ўз вақтида ва сифатли равишда таъминланишини ташкил этиш;
 
  • мактабгача таълим муассасалари фаолиятида кам самарали тафтишларни қисқартириш билан бир вақтда тўлақонли текширишлар самарадорлигини ошириш;
 
  • мактабгача таълим муассасалари фаолиятидаги очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлаш, таълим-тарбия жараёни устидан самарали давлат ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш;
 
  • мактабгача таълим муассасалари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш;
 
  • давлат органлари ва ташкилотларининг мактабгача таълим муассасалари фаолияти билан боғлиқ вазифалари, функциялари ва ваколатларини аниқ белгилаш ва тартибга солиш.
 
Мактабгача таълим муассасаларида:
 
  • вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, ижтимоий-педагогик реабилитация қилиш масалалари бўйича текшириш – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва унинг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи махсус бўлинмалари томонидан;
 
  • ёнғин хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларига амал қилинишини ўрганиш, ёнғинларнинг олдини олиш ҳамда уларни ўчиришга қаратилган ҳуқуқий, ташкилий ва илмий-техник чора-тадбирларни амалга ошириш масалалари бўйича текшириш – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан;
 
  • аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ҳамда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига амал қилинишини ўрганиш, санитария-гигиена тадбирларини ва эпидемияга қарши тадбирларни амалга ошириш, ўқувчиларнинг санитария маданияти даражасини ошириш, давлат санитария назоратини амалга ошириш масалалари бўйича текшириш – Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Давлат санитария-эпидемиология назорати республика маркази ва ҳудудий давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари томонидан;
 
  • меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини ўрганиш, ходимнинг ҳаёти ва соғлиғи устуворлигини таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан назорат ва текширувни амалга ошириш, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари бўйича текшириш – Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва унинг ҳудудий бандликка кўмаклашиш ва аҳолини иш билан таъминлаш марказлари томонидан;
 
  • аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини ўрганиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ва зарарини камайтириш юзасидан чораларни амалга ошириш, фавқулодда вазиятлар шароитида ҳаракат қилишга тайёр бўлишни ташкил этиш, фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тадбирлари бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш масалалари бўйича текшириш – Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан;
 
  • ер, ер ости бойликлари, сув, дарахтлар ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан давлат экологик назоратини ўрнатиш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишларини мувофиқлаштириш борасида ягона сиёсатни амалга ошириш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш, болаларнинг экологик маданиятини ошириш масалалари бўйича текшириш – Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.
 
Мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятини текшириш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
 
  • режали текшириш;
 
  • режадан ташқари текшириш;
 
  • назорат тартибида текшириш.
 
Мактабгача таълим муассасалари текшириш жараёнида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
 
  • фаолияти текширилиши тўғрисидаги маълумотга эга бўлиш;
 
  • текширишга ваколатли органларнинг масъул шахсларидан уларнинг хизмат гувоҳномаси ва текширишни ўтказишга асос бўладиган ҳужжатларни талаб қилиш;
 
  • текширишни ўтказишга асос бўладиган ҳужжатларга эга бўлмаган шахсларнинг текшириш ўтказишига йўл қўймаслик;
 
  • текширишга ваколатли органлар масъул шахсларининг ваколатига кирмайдиган масалаларга оид талабларини бажармаслик ва текшириш предметига тааллуқли бўлмаган материалларни тақдим этмаслик;
 
  • текшириш тугаган куни текширишга ваколатли органларнинг масъул шахсларидан текшириш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг (маълумотноманинг) нусхасини беришни талаб қилиш;
 
  • текширишга асос бўладиган ҳужжатларни тақдим этмаганлик, текшириш натижалари тўғрисидаги далолатнома мазмуни ва текширувчилар томонидан текширишга алокадор бўлмаган ҳар қандай қўшимча кўрсатмалар бериш юзасидан юқори турувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судга шикоят қилиш.
 
Мактабгача таълим муассасалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
 
Мактабгача таълим муассасалари текшириш жараёнида қуйидагиларга мажбур:
 
  • текшириш ўтказиш ҳуқуқини берувчи зарур ҳужжатларга эга бўлган текширишга ваколатли органларни мактабгача таълим муассасаси ҳудудига киритиш;
 
  • текширишга ваколатли органларнинг қонуний талабига биноан текшириш ўтказиш билан боғлиқ зарур ҳужжатлар ва бошқа ахборотларни ўз вақтида тақдим этиш;
 
  • текшириш жараёнига халал бермаслик, текширишга ваколатли органлар томонидан текширишни самарали ўтказиш учун шарт-шароит яратиш;
 
  • текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномада (маълумотномада) кўрсатилган қоидабузарлик ҳолатларини ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўриш.
 
Мактабгача таълим муассасаларига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.

Теглар:Мактабгача таълим муассасаси Вазирлар Маҳкамаси қарори 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар