...
МЕНЮ
ONLINE TV

Кодексдан қонунга айланган инвестиция тўғрисидаги ҳужжатда нималар акс этган?


19:50, 12.12.2018 Жамият
 1 113

Таркибий жиҳатдан олганда ҳужжат 10 та боб, 251 та моддадан иборат.

ҚҲТБТ – Қонунчилик ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталида “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонун жойлаштирилди. “Norma” мазкур қонун ҳақида қисқа маълумот берди.
 
Аввалига у Инвестиция кодекси бўлиши режалаштирилган эди. Бироқ кейинчалик ҳужжат форматини қайта кўриб чиқиб, уни қонун кўринишида чиқаришга қарор қилдилар. “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг концепцияси октябрь ойининг иккинчи ярмида тақдим этилди.
 
Эълон қилинган қонун лойиҳаси бугунги кунда турли ҳужжатлар: “Чет эл инвестициялари тўғрисида”, “Инвестиция фаолияти тўғрисида”, “Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”, “Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида”, “Концессиялар тўғрисида”, “Маҳсулот тақсимотига оид битимлар тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа ҳужжатларда, шунингдек бир қатор қонуности ҳужжатларда мавжуд бўлган нормаларни тизимли равишда ўзида мужассамлаштирди.
 
Таркибий жиҳатдан олганда ҳужжат 10 та боб, 251 та моддадан иборат. Умумий қоидалар билан бир қаторда унда инвестициялар ва инвестиция фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари, инвестицияларни институционал бошқариш жиҳатлари (инвестиция, пай инвестиция ва венчур фондлари), эркин иқтисодий зоналарда, концессиялар ҳамда маҳсулот тақсимотига оид битимлар доирасида инвестициялаш хусусиятлари қайд этилган. Ўзбекистонда чет эл инвестицияларининг ҳуқуқий режими ва мамлакат ташқарисида инвестиция фаолиятининг амалга оширилиши тартибга солинган.
 
Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбари 2019 йил 1 январга қадар муддатда инвестиция киритиш учун энг қулай шароитлар яратишга қаратилган, инвестиция фаолияти соҳасидаги унификация қилинган қонун ҳужжати лойиҳасини ишлаб чиқиш ва киритиш вазифасини топширган.
 
Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллиги муносабати билан ташкил қилинган тантанали маросимда сўзлаган нутқида қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:
 
“Конституциямизда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик эркинлиги, барча мулк шаклларининг тенглиги ва давлат томонидан бирдек муҳофаза этилиши кафолатланган. Лекин, иқтисодиётда давлат аралашувининг юқорилиги ва бюрократия, солиқ, божхона ҳамда банк тизимидаги мавжуд муаммолар ички инвестицияларни кўпайтиришга ва хорижий сармоядорларни янада кенгроқ жалб этишга ҳали ҳам тўсиқ бўлиб келмоқда”.
 
Шунингдек, мавжуд вазиятни ҳисобга олиб, авваламбор иқтисодиётни жадал ривожлантириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш учун Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси қабул қилинганини таъкидлаб ўтганди.
 
“Бу концепция устида биз узоқ ишладик. Мазкур ҳужжат лойиҳаси мамлакатимиз жамоатчилиги, бизнес ҳамжамияти, халқаро молиявий ташкилотлар, нуфузли экспертлар томонидан кенг ва атрофлича муҳокама қилинди”, деган Шавкат Мирзиёев.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Инвестиция Қонун 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар