...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ислом Каримов: “Ўзимиздан сотқин чиқмаса, ўзбек халқини ҳеч ким ҳеч қачон енга олмайди”


19:23, 04.09.2016 Жамият
 27 684

Хориждан туриб ўз юртига тош отаётган кимсалар Ўзбекистон мустақилликка эришмасидан аввал, қаҳатчилик даврида, миллат тилидан айрилган, урф-одатлари оёқости қилинган пайтлар қаерда эди? Нега улар ўша даврларда тилини тишлади?

2009 йил эди. Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейи арафасида шаҳар мисли кўринмаган даражада ўзгариб кетди. “Ўзбекистон” анжуманлар саройи барпо этилди, Амир Темур ҳиёбони буткул янгича кўриниш касб этди. Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 18 йиллиги ва Тошкентнинг юбилейи қўшалоқ байрам бўлди. Айём арафасида бир гуруҳ ёшлар Президент Ислом Каримов билан кўришадиган бўлдик. Ўшанда давлат раҳбари билан учрашув вақтини қанча кутганимни, кун санаб, айтар гапларимни қоғозларга битганимни, унинг қўлини сиқиб саломатлик тилаш, яратиб берган имкониятлари учун жамийки Ўзбекистон болалари номидан миннатдорчилик айтиш чексиз бахт бўлганини сўз билан ифода этиб бера олмайман. Бир неча сониялар ичида ўтадиган ана шундай учрашувлар, Президент Ислом Каримовнинг самимий табассуми мен каби қанчадан-қанча ёшларга ишонч, ғурур ва ифтихор, қалбига мақсад, кўзига нур, юрагига ўт берган.
 
Мамлакат раҳбари ўз иш фаолиятини бошлаган кунлардан то умрининг охирига қадар “Ўзбекистонда яшаётган жамийки болалар ўзимнинг болам, ўзимнинг фарзандим”, деган гапларни бот-бот такрорлади. Уларни ўз жигарбандидек ардоқлади, қалқон бўлиб, ёвдан ҳимоя қилди. Ҳар бир болада ўзига ишончни уйғотди. Бугун буюк ишларга қўл ураётган, дунёда Ўзбекистон байроғини баланд кўтариб қайтаётган, илм-фан, маданият ва санъат, спорт, қўйингки, барча соҳаларда ўзини кўрсатаётган ёш авлод қалбига эзгулик, бунёдкорлик, яхшилик, ҳавас ва интилиш уруғини сепган ҳам, “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт”, деган даъватни олға суриб, янги авлодни юксак маънавият соҳиблари қилиб тарбиялашга бош-қош бўлган ҳам у.
 
Бугун мактабнинг 1-синфига қадам қўйган жиянчам юзида табассум, бир олам қувонч билан қўлида Президент совғасини кўтариб кириб келди. Залворли совғасини ҳеч кимга ишонмас, бировнинг қўлига беришни, бир зум ўзидан ҳоли қўйишни хоҳламасди. Шу чоғ ўзимнинг болалик йилларим ёдимга тушди. 1998 йилда менга ҳам худди шундай совғалар берилган. Ўйлаб қарасам ўшанга ҳам 18 йил бўлибди. Шу вақт мобайнида Президент янги авлод тарбиясига эътибор қаратишдан, уларни илм-фан чўққиларини забт этишга чорлашдан чарчамади. Имони бутун, Ватанига садоқатли, ота-онаси, яқинларига оғринмай хизмат қиладиган авлодни тарбиялашдек олий мақсад йўлидан қайтмади. У кун келиб ўзи эккан ниҳоллар тотли мева беришини, қачонлардир фақат пахтаси билан тилга тушган аграр мамлакат, зукко болалари билан яна дунёни лол қолдиришини биларди, бунга ишонарди. Бу қуруқ сафсата эмас. Мен ҳам Ўзбекистондаги миллионлаб ёшлар сингари шу ишончдан руҳланган ва Ватаним, оилам, ўзимнинг эртанги кунимни бугунгиданда гўзал қилиб барпо этишга чоғлаганларданман.
 
Бугунги дориламон кунлар завқини туйиб, шукрона келтириб яшаш яхши, бироқ ҳар бир Ўзбекистон фуқароси, ўзини аждодлардан қолган мерос вориси, шу юртнинг бугуни ва эртасига дахлдор деб билган инсон бу кунларга ўз-ўзидан етилмаганини англайди, мушоҳада қилади. Ёши улуғлар, қаҳатчилик қаҳратонини кўрган, яқин қариндошининг жанозасига боролмаган, рўза тутгани учун таҳқирланган, Қуръонни омборхонасига яшириниб ўқиган, зулмкор сиёсат сабаб Амир Темур каби юзлаб боболаримиз номини айтишга ҳайиққанлар ҳамон ҳаёт. Бу заминда тўкилган қонлар изи ҳали ўчганича йўқ.
 
Мен бежиз ишонч ҳақида бот-бот сўз очмаяпман. Агар инсон қалбида ҳеч нарсага нисбатан ишонч, эътиқод бўлмаса, унга ҳеч нарсани ўргатиб ҳам, тушунтириб ҳам бўлмайди. У бугуни билан яшайди, эртасини кўролмайди, кечасига қаролмайди. 70 йил мутеликда яшаган ўзбек халқи қачонлардир ана шундай ҳолатга келиб қолганди. Меҳнат, меҳнат ва яна меҳнат. У яшашнинг асосий тамойили, мезони ва қонуни ҳам шу деб биларди. Ўзи эккан дарахт мевасини бошқалардан рухсат сўраб еган одамда ишонч туйғуси бўлиши мумкинми?! Ўтмишда халқимиз кўп бор дуч келган ва бу азоблардан ўзига ишончини йўқотган воқеалар унут бўлганича йўқ. Унут бўлмайди ҳам. Бу хотиралар “Пахта иши”, “Ўзбеклар иши” сабаб панжара ортига ташланган бегуноҳ аёллар додида, деҳқонларнинг кетмони зарбида, норасидалар фарёдида, шаҳид кетган Фитрату Чўлпонлар қасидаларида яшайди.
 
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов учун танг аҳволга тушиб қолган мамлакатни оёққа қўйиш, иқтисодиётини тиклаш, урф-одатларини қайтариш, кучли демократик давлат ва фуқаролик жамиятини қуриш, энг муҳими халқда эртанги кунга ишончни уйғотиш осон кечгани йўқ. Уйқусиз тунлар, халқ дарди ва манфаатлари учун чекилган заҳматлар, музокаралар, эзгу мақсадлар йўлида ташланган дадил қадамлар ўз самарасини берди. Президент халқ ишончини оқлади.
 
Баъзан ижтимоий тармоқлар ва интернетда Ўзбекистондан олисда, ўзга юртда, ёв ташлаган луқмага амал-тақал қорин тўйдириб, ўзини охири йўқ ёлғонлар билан алдаб, иддао қилиб чиқаётганларга кўзингиз тушади. Тўхтайсиз, ўқийсиз, ғазабингиз келади. Тинч юртдаги фаровон ҳаёт, тўкин дастурхон, тараққиёт ва юксалишни кўролмай, четдан туриб найза санчишга уринаётганларни беихтиёр лаънатлайсиз. Яна ўша азалий ҳақиқат ҳаёлингизда ўтиши турган гап: Ёмондан яхшилик чиқиши бекор, туз берсанг тузлиққа тупургувчи бор. Пайт пойлаб, панада кун кўраётган, хориждаги сафсатабозларнинг қаноти остига яширинганларнинг айтаётган бўҳтонлари, Ўзбекистон устидан минг чираниш билан мағзава ағдаришга ҳаракат қилаётгани кишининг жиғига тегади, холос. Президент Ислом Каримов бир умр бундайларга қўл силтаб ўтди, гапларига парво қилмади. Ватанига, халқига муҳаббатини меҳнати билан кўрсатди. Бир бино барпо этилганда қувончини халқи билан баҳам кўрди, ўғил-қизларимиз юксак чўққиларни забт этиб, дунёни ўзига қаратганда ҳам уларнинг бошини халқ кўз ўнгида силади, тўйларни тўёнасиз қўймади, кун-у-тун миллат дарди, унинг кечасини тиклаш, бугунини ҳавас қилгудек даражага олиб чиқиш, эртасини буюк қилишга ҳаракат қилди.
 
Ўзбекистон 1991 йилда Мустақилликка эришган бўлсада Президент Ислом Каримов раҳнамолигида озодликка бўлган ҳаракатлар 1987 йиллардаёқ бошланган эди. Ўшанда халқ бугунгидек ҳаёт кечирармиди? Ўзбекистон тинчмиди? Нураб ётган мактабларда ўқиган ўқувчилар ўз бобокалонлари ҳақида бирор нарса билармиди? Дарвоқе, миллатлар ўртасидаги тотувлик бугунгидекмиди? Ё бир вақтлар қирғизу ўзбекни бир-бирига қайрашгани, буни эса бозордаги қулупнай машмашаси билан менгзашгани эсимиздан чиқиб қолдими? “Кўча”лар ҳаммаёқни қўлига олган маҳал оддий нонвой ўз топганини ўзича еб ёта олармиди? Жиноятчилик, порахўрлик авжига чиққанда ойликка яшайдиган ўқитувчи ўғлини ўлдириб кетишгани учун милицияга мурожаат қилиб, қонуний жазо талаб қила олармиди? Виждони бор одам бу саволларнинг барига ўйлаб ўтирмай йўқ дейиши тайин. Ўзга мамлакатда туриб, ўз миллатини қоралаётганлар, Ўзбекистонга тош отаётганлар, тасаввуридаги кенглик – ўзим – ўзимга хон, кўланкам майдон қабилидаги демакратияни талаб қилаётганлар ўша даврларда қаерда эди? (!) Бири пиёниста, иккинчиси порахўр, осмонга тупуриб, ер чизиб ўтиришдан бошқага ярамайдиган бу кимсаларнинг хатти-ҳаракатларини қандай тушиниш, қайси мезонлар билан ўлчаш мумкин? Президент Ислом Каримовнинг олиб борган адолатли сиёсати, оқилона фаолияти сабаб 25 йил ичида Ўзбекистон энг тез ривожланаётган мамлакатлар қаторидан ўрин олди. 70 йил қарам бўлган, бор-йўғидан, тили, маданиятидан ажралган мамлакат 25 йил ичида шу кунларга етишини ўйлаганмидик? Собиқ Иттифоқнинг зуғумидан халқ эзилиб, адойи тамом бўлганда бугун ўзини доҳий санаётганлар қаерда эди? Нега улар халқ дардини олмади, елкадош бўлмади. Яхши ҳаётни кимдир қуриб бериши керак эмас, ҳаммасига, асосийси, беминнатига ўзимиз эришишимиз керак эди. Халқ Ислом Каримовнинг қўлидан тутди ва бугун ўша беминнатига ҳалол меҳнати билан эришди.
 
Бир инсоннинг умри давомида қилган амалларини сарҳисоб қилмоқчимисан, унинг маъракасига бор. Одамлар билан суҳбатлаш. 3 сентябрь тонгида Тошкент ва Самарқанд кўчаларига чиққан одамларнинг кўз-ёшлари бўладими, вилоятларидаги таъзия тадбирларига қуюлиб келаётганларнинг фарёди бўладими – бари самимий. Халқ Президент Ислом Каримов билан видолашиш учун шошилди, у томон талпинди. Тилларда эса фақат бир калом: охирати обод бўлсин!
 
Президент Ислом Каримов мамлакат раҳбари сифатида ўзи истагандек озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт, юксак маънавиятли, аҳил, жипс халқни қолдириб кетди. У таъкидлаганидек, “Агар биз аҳил бўлсак, эл-юрт манфаати йўлида бир тану бир жон бўлиб яшасак, ўзимиздан сотқин чиқмаса, ўзбек халқини ҳеч ким ҳеч қачон енга олмайди”. 
Қамариддин Шайхов

Теглар:Ислом Каримов Собиқ Иттифоқ Мустақиллик 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар