...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ички ишлар ва тиббиёт бирлашмаси билан “лофчилар пайрови”ни “ўйнаган” оққўрғонлик уй бекаси


14:40, 15.11.2017 Жамият
 6 407

Тошкент вилояти Ички ишлар бўлимининг хабар беришича, ёлғон хабар берган аёлнинг ўзи жавобгарликка тортилган.

Халқ оғзаки ижодида “лофчилар пайрови” деб аталадиган йўналиш бор...
 
Ушбу сўз ўйини, яъни сўзамоллик мусобақасида лоф, ёлғон, бироз ёки анчагина ошириб-кўпиртирилган воқеа-ҳодисалар, тасвирлар баёни иштирокчилар ўртасида ўзига хос маҳорат билан ижро этилади.
 
Бу жанр сўз бойлигини ошириш, тасаввур кенглигини (фантазияни) бойитиш ҳамда сўзамоллик, қофиядор сўзларни назмий сатрларда топқирлик билан ифода этиш учун хизмат қилиши тайин. Бироқ...
 
Бироқ санъат даражасига чиққан лофчилар баҳсида ҳам МАНТИҚ деган тушунча бир четга суриб қўйилмайди. Ижодий баёнчилик тасвирлари, ундаги ясама воқеа-ҳодиса ҳамда таъкидларда ҳам мантиқий асос бўлиши талаб этилади.
 
Буни қарангки, оққўрғонлик уй бекаси Тошкент вилояти Ички ишлар бўлими ходимлари ва туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари билан “лофчилар пайровини” ўйнамоқчи бўлибди! Сабаб, важ, мақсад ва мантиқ эса номаълум...
 
Тошкент вилояти, Оққўрғон туманида истиқомад қилувчи уй бекаси Холида Зухриддинова (келтирилган исм-фамилиялар ўзгартирилган) туман марказий шифохонасига мурожаат қилиб, уни Spark русумли автоуловга номаълум шахслар мажбурлаб ўтқизиб, олиб қочиб кетганини айтади.
 
Эмишки, номаълум шахслар уни қўрқитиб, 3,0 миллион сўм пул олиб келишини айтиб, оёғини кесувчи жисм билан кесиб, унга тан-жароҳати етказган.
 
Холиданинг “пайровига” туман марказий шифохонаси шифокорлари маълум маънода ишонишган бўлиши мумкин. Аслида уларнинг вазифаси ишониш-ишонмасликдан иборат эмас, мурожаат қилган беморни даволаш зарур...
 
Шифокорлар худди шундай йўл тутишди, аёлга тиббий ёрдам кўрсатиб, беморнинг “баёнлари” тўғрисида тегишли ташкилотларга хабар беришди.
 
Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида Холида Зухриддиновани ҳеч ким олиб қочмаганлиги, унга ҳеч ким тан жароҳати етказмаганлиги, аксинча, у ўзининг оёқларини кесувчи жисм билан кесиб, ўзига-ўзи тан жароҳати етказганлигини, туман шифохонасига ёлғон кўрсатма берганлиги маълум бўлган.
 
Ушбу ҳолат юзасидан Холида Зухриддиновага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 237-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда таҳририятга Тошкент вилояти ИИБ маълум қилган.
 
Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Теглар:Тошкент вилояти ИИБ Ёлғон хабар Жиноят Кодекси Лофчилар пайрови 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар