...
МЕНЮ
ONLINE TV

Хоразм ва қорақалпоқ юридик шахслари солиқлардан озод этилди


10:19, 27.03.2017 Жамият
 2 802

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун қўшимча қулай шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 март куни “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун қўшимча қулай шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекди. 
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори
 
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг иқтисодиётини жадал ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш учун янада қулай шароитлар яратиш, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида ва самарали амалга ошириш мақсадида:
 
1. Белгилансинки, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида рўйхатдан ўтган ва тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган юридик шахслар ўзлари ишлаб чиқараётган саноат товарларини экспорт қилиш қисмида валюта тушумини мажбурий сотишдан озод этилади, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 1997 йил 10 октябрдаги ПФ-1871-сонли Фармони 2-иловасига киритилган хом ашё товарлари бундан мустасно.
 
2. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида рўйхатдан ўтган, фармацевтика товарлари ва препаратлари, электротехника маҳсулотлари (кабель-ўтказгич маҳсулотларидан ташқари), шунингдек, пардозлаш қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган юридик шахслар 2017 йилнинг 1 апрелидан 2022 йилнинг 1 январигача бўлган даврда мулк солиғи, ер солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилсин.
 
Ҳисобот йили натижалари бўйича сотувнинг умумий ҳажмида ушбу маҳсулотларни сотишдан тушадиган соф тушумнинг улуши 60 фоиздан кам бўлмаган миқдорни ташкил этувчи юридик шахслар мазкур банднинг биринчи хатбошида кўрсатилган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган юридик шахслар жумласига кириши белгилансин.
 
3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, “Ўзфармсаноат” АК, “Ўзэлтехсаноат” АК ва “Ўзқурилишматериаллари” АЖ билан биргаликда 2017 йилнинг 1 апрелигача мазкур қарорда назарда тутилган солиқ имтиёзлари татбиқ этиладиган фармацевтика маҳсулотлари ва препаратлари, электротехника маҳсулотлари, шунингдек, пардозлаш қурилиш материалларига тааллуқли бўлган маҳсулотларнинг аниқ рўйхатини белгиланган тартибда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
 
4. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида рўйхатдан ўтган ва ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошираётган экспортёр юридик шахслар учун республика доирасида ички юк ташишга амалдаги тариф ставкалари бўйича юкларни Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасигача етказиб беришга темир йўл тарифларини қўлласин.
 
5. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситалари ушбу қарорни ёритиш бўйича кенг тушунтириш ишлари олиб борилишини таъминласин.
 
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раиси А.Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.Азимов зиммасига юклансин.
 
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Шавкат Мирзиёев
 
Тошкент шаҳри, 2017 йил 17 март

Теглар:Қорақалпоғистон Республикаси солиқ Шавкат Мирзиёев Хоразм 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар