...
МЕНЮ
ONLINE TV

Эрдўған Бухорога бориб, Нақшбандни зиёрат қилади


11:27, 26.04.2018 Жамият
 5 813

Давлат раҳбарлари телефон орқали бир неча бор суҳбатлашиб, фаол мулоқот қилиб келмоқда.

Бундан роппа-роса 20 кун аввал, “Qalampir.uz”нинг Туркия ҳукуматидаги манбасига таянган ҳолда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Ўзбекистонга ташрифи қайси кунларга тўғри келиши, ташриф қанча давом этиши ва қайси шаҳарларга амалга оширилиши ҳақида батафсил маълумот берган эдик.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати раҳбари ташриф ҳақидаги хабарларни тасдиқлади. Комилжон Алламжонов кеча, 25 апрель куни ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаси орқали Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг ташрифига тўхталди.
 
“Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга 2017 йил октябрдаги давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиққан эди. Давлат раҳбарлари телефон орқали бир неча бор суҳбатлашиб, фаол мулоқот қилиб келмоқда.
 
Президентимизнинг таклифига биноан Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 29 апрель куни мамлакатимизга ташриф буюради. 30 апрель куни Кўксаройда бўлиб ўтадиган музокараларда савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади. 1 май куни Туркия Президентининг Бухорони зиёрат қилиши режалаштирилган”, деб ёзади Алламжонов.
 
Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Ўзбекистон заминига, айниқса, тарихий шаҳарлар Самарқанд ва Бухорога, ундан етишиб чиққан азиз авлиёлар, уламоларга меҳр-муҳаббати бўлакча. Давлат раҳбари Бухорога ташрифи давомида Боҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилиши кутилмоқда.
 
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринлики, ўтган бир ярим йил ичида Ўзбекистон-Туркия муносабатларида янги саҳифа очиб берди. Президентлар Мирзиёев ва Эрдўғаннинг учрашуви ўтган давр ичидаги тўртинчи учрашув бўлади. Бугунгача бўлган учрашувларни эсласак:
 
2016 йилнинг 17-18 ноябрь кунлари Президент Ражаб Тойиб Эрдўған Самарқандга ташриф буюриб, Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашган эди.
 
Кейинги учрашув БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессияси баҳонасида АҚШда бўлиб ўтди. Ўшанда Шавкат Мирзиёевнинг ислом олами, унинг буюк уламолари, хусусан, Имом Бухорий ҳақидаги нутқидан руҳланган Ражаб Тойиб Эрдўған Шавкат Мирзиёевни бағрига босиб, миннатдорлигини билдирди.
 
Кўп ўтмай, 2017 йилнинг 25-26 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Туркияга борди.
 
Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Ўзбекистонга ташрифига эса катта тайёргарлик кўрилмоқда. Мазкур учрашув ҳам кўплаб самарали келишувлар билан тарихда қолиши шубҳасиз. 
Қамариддин Шайхов,
“Qalampir.uz” интернет нашри раҳбари 

Теглар:Шавкат Мирзиёев Ражаб Тойиб Эрдўған Ўзбекистон-Туркия 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар