...
МЕНЮ
ONLINE TV

Дятлов гуруҳининг 57 йил аввалги фожиали вафотини 72 ёшли пенсионер ўз бўйнига олди


16:46, 18.03.2016 Олам
 4 388

Бу иқрор ХХ асрнинг энг сирли фожеаларидан бирининг ечими бўлиши мумкин.

Бундан 57 йил аввал, 1959 йилнинг 2 февралга ўтар кечаси Шимолий Уралда Холатчахль тоғ қиялигида кутилмаган ва ғайриоддий ҳалокат юз берганди. Ўшанда бутун бошли экспедиция гуруҳи аъзолари сирли равишда ҳалок бўлишганди. Ҳозирга қадар Игорь Дятлов ва унинг гуруҳига аслида нима бўлгани ҳақида минглаб тахминлар келтирилган бўлса-да, асл сабаб ҳанузгача аниқланмаган. Нобуд бўлганлар Игорь Дятлов раҳбарлигидаги Дорошенко Юрий Николаевич, Колмогорова Зинаида Алексеевна, Слободин Рустем Владимирович, Кривонищенко Георгий (Юрий) Алексеевич, Тибо-Бриньоль Николай Владимирович, Дубинина Людмила Александровна, Золотарёв Семён (Александр) Алексеевич, Колеватов Александр Сергеевич каби талабалардан ташкил топган гуруҳ эди.

Игорь Дятлов раҳбарлигидаги бир гуруҳ талабалар чанғиларда Отортен тоғига саёҳат қилиш учун йўлга тушишган. Дастлаб, гуруҳ аъзолари 10 кишидан иборат эди.  Бироқ кутилмаганда улардан бири йўлда бетоб бўлиб қолган. Гуруҳ аъзоси Юрий Юдиннинг боди зўрайиб кетиб, чанғида юролмай қолгани сабабли, ёрдам чақирилган ва у уйга қайтган. Айтиш керакки, саёҳатга чиққан гуруҳдан угина тирик қолган. Қолганлар эса саёҳатдан қайтишмади ва даҳшатли ўлим топишди. Номаълум сабабларга кўра -30º совуқда гуруҳ аъзоларининг жасадлари ўз чодирларидан яқин-узоқда, усти юпун, оёқяланг ҳолда топилган. Тахминларга кўра, улар қандайдир сабаб билан чодир ичидан қочиб чиқишган.

Аниқланишича, гуруҳ аъзолари қоча туриб нимагадир иккига бўлинишган. Биринчи гуруҳ кедр дарахти тагидан топилган. У ерда гулхан ёқиб, исинишга ҳам ҳаракат қилишган. Текширувлар натижасида талабаларнинг кўр бўлиб қолгани аниқланган. Бунга уларнинг кедр дарахти тагида ўтириб, шоҳларни қайта ва қайта синдирганликлари исбот бўла олади. Ҳолбуки, шундоққина қўл узатса етадиган жойда гулханга ярайдиган бир нечта қуриган пастак бутани кўришмаган. Иккинчи гуруҳ эса май ойида ўша кедр дарахтидан 880 метр наридаги жарликдан топилди. Уч киши — Колмогорова, Дятлов ва Слободинларнинг жасади иккинчи гуруҳ топилган жойнинг ўртасида ётган эди.



Жасадларнинг кўриниши ҳайратланарли эди. Жасадларни кўрганлар уларнинг териси ёрқин сарғиш тусда бўлганини айтишган. Жасадлар танасидаги жароҳатлар эса жуда кучли ва катта тезликда етказилган. Бошқача қилиб айтганда, худди автомобиль уриб, инсоннинг айрим тана аъзоларини мажағлаб ташлагандек кўриниш касб этган. Аммо ўша атрофда бирор автомобилнинг бўлиши ақлга сиғмайдиган гап. Орадан вақт ўтиб, талабаларнинг кийимлари радиологик таҳлилдан ўтказилди ва чиндан ҳам нурланиш аломатлари қайд этилди.

Шу кунгача гуруҳнинг даҳшатли ва сирли ўлими ҳақида турли фикрлар, тахминлар илгари сурилган. Улардан бирида Дятлов гуруҳи номаълум ва ғайритабиий ҳодисага дуч келган бўлиши ҳам мумкинлиги айтилган. Гап шундаки, улар тунаган қишлоқ аҳолиси гуруҳ йўлга чиқмасидан икки кун олдин ўша атрофда осмонда оловли шарларни кўришганини айтишган. Ушбу шарларнинг нима экани, ҳозиргача сирлигича қолмоқда. Ким билсин, балки улар номаълум учар жисмлардир... Агар оловли шарлар борасидаги гап-сўзлар рост бўлса, у ҳолда юқорида келтирилган жумбоқларнинг бари НУЖлар борасидаги тахминга тўғри келади. Ёрқин нурдан кўзларнинг кўрмай қолиши, олинган жароҳатлар, кучли нурланиш ва гуруҳ аъзоларининг жуда совуқ  бўлишига қарамай,  енгил кийимларда ярим тунда чодирларини ташлаб қочишлари...



Гуруҳ аъзоларининг яқинлари бундан жуда қаттиқ изтироб чекишган. Уларнинг дафн маросимларига бутун мамлакатдан кўнгиллилар келиб иштирок этишган. Ўша вақтда мавжуд ҳар бир далил қаттиқ назорат остига олинган ва ҳужжатларга махсус махфийлик муҳри босилган. Айтиш лозимки, Дятлов ва унинг гуруҳи аъзолари билан юз берган фожиа юзасидан уюштирилган учрашувлар, кўрсатувлар, таҳлиллар, фотосуратлар айни ҳалокатнинг нақадар даҳшатли эканидан дарак беради.

Нима бўлганида ҳам, сиз суратларда кўриб турган воқеанинг асл сабаби номаълум эди. Кеча, 17 март куни интернет нашрларида пайдо бўлган маълумот эса фожиа тақдирида муҳим бурилиш ясади.

72 ёшли Верхотурьялик пенсионер сверловск полициясида 1959 йили Дятлов ва унинг гуруҳ аъзоларини ўлдирганини тан олиб кўрсатма берди. Касби овчи бўлган Анатолий Степочкин ХХ асрнинг энг сирли фожиаларидан бирининг сабабчиси эканини билдирди.



Унинг кўрсатмаларидан сўнг Дятлов гуруҳи фожиасига нуқта қўйиладими ёки текширувлар натижасида унинг ёлғон кўрсатма бергани аниқланадими,  буни вақт кўрсатади.

Аслида ҳуқуқ-тартибот органлари қурол билан боғлиқ товламачилик ишининг ечимини топиш истагида тергов олиб бораётган эди. Кутилмаганда улар Дятлов гуруҳи фожеасида тилга олинган ТОЗ-34 қуроли эгасининг изига тушишган. Натижада у гуруҳ аъзоларини ўлдирганини тан олган.

Аниқланишича, бу қуролнинг бир нечта эгаси бор. У айтган баъзи далиллар полиция томонидан текширилмоқда. Балки улар орқали фожианинг сабаби аниқ бўлар, деб ёзади “Znak.com” интернет нашри маълумотлари асосида “Novostivmire.com”.

Степочкиннинг сўзларига кўра, у гуруҳ аъзоларини ўлдирган қуролини 1981 йили хантларга бошқа нарсага алмашиб юборган. Хантлар фожиа юз берган ҳудудларни бошқалардан қўриқлаб келган ҳалқ саналиб, Дятлов ва унинг руҳухи аъзолари айни ҳудудга келган вақтларида улар ғорда қурбонлик маросимини ўтказаётган бўлишган. Муқаддас жой саналувчи ғорда олтин, платина, кумуш каби бошқа маданий бойликлар тўпланган эди. Степочкиннинг сўзларига кўра, гуруҳ аъзолари ана бойликларни олишган. Бироқ ғордан сўроқсиз олинган бойликлар туфайли улар саёҳатга келган ҳудудларидан уйга қайта олишмаган, чунки хантлар ўғирлик учун уларнинг изига тушишган ва ўлдиришга қарор қилишган.



“Кечаси хантлар билан бирга гуруҳ аъзолари жойлашган чодирлар ёнига бордик ва ҳар бир чодирни тешиб чиқдик. Хантлар-шаманлар чодирдаги тешиклардан қандайдир нарсани чодир ичига ташлашдими, юборишдими, хуллас улар ўз ишини қилгунга қадар биз чодир атрофини ўраб олдик. Бироздан сўнг, уларнинг тоби қочиб, чодирдан сакраб чопқиллаб чиқа бошлашди. Биз уларнинг ҳаммасини ушладик ва бирма-бир ўлдирдик”, – дейди Степочкин.

Пенсионер илгари сураётган фикрнинг тасдиғи сифатида ҳуқуқ-тартибот органлари Дятлов ишини тергов қилишда маҳаллий шаманлар фожиа содир бўлган жойни кўрсатишдан бош тортгани, кўрсатма ва маълумот беришда тушунарсиз гапларни айтганини маълум қилишган.

Бироқ, бу ҳолатнинг тушунарсиз томони ҳам бор. Агар хантлар – маҳаллий шаманлар Дятлов гуруҳини ўғирлаб кетилган бойликлар учун ўлдирган бўлса, бойликлар қаерга кетган? Талабаларнинг ёнидан ҳеч нарса топилмаганку? Шунингдек, уларнинг яқинлари талабаларнинг бундай пасткашликка бориб, бировнинг нарсасини сўроқсиз олишларига ишонмасликлари айтишган.

“Муқаддас жой” ҳақида гапирилганда, тахминларга кўра талабалар шаманлар учун ўзига хос ҳудуд бўлган Ушминск ғорига боришган. Археологлар ушбу ғор ичида турли ҳайвонлар ва бошқа антиқа предметларни топишган. Қизиғи шундаки, ғор ичига тушиш учун махсус ҳаракат воситалари керак.

Чуқурликда жойлашган ғорга тушиш учун Дятлов гуруҳи аъзоларида ҳеч қандай восита бўлмаган?!

Шу билан бирга тарихдан бошқаларга зарар бермайдиган, халқсевар хантларнинг сайёҳларга ҳужум қилиши бироз ғалати. Балки Дятлов гуруҳи ҳақиқатан ҳам қандайдир йўл билан ғор ичига киргандир, бироқ улар бойликларни олиб кетишганига шубҳа бор. Ахир улар юзлаб талабалар ичидан намунали хулқи, одоби, аъло баҳолари учун танлаб олинган эди. Бораётган жойларидаги халққа хурмат тариқасида хантлар тилини ўрганишганди.

Мутахассислар жасадларни экспертиза қилиш давомида Дятлов гуруҳи аъзолари қандайдир номаълум маросим сабабли ўлдиргани ҳақидаги тахминни ҳам илгари суришганди. Бунга талабалар орасидаги қизнинг жасадидан топилган белгилар сабаб бўлган. Жасаднинг юз қисми таниб бўлмас даражада келган, танасининг баъзи қисмлари эса кесилганди. Бироқ бу маълумот расман тасдиқланмаган.

Степочкиннинг иқроридан аввал ҳам маҳаллий аҳолининг сайёҳларга ташлангани ва уларни ўлдиргани борасидаги фикрлар мавжуд эди. 1959 йил 9 нафар гуруҳ аъзоларининг қийноқда ўлдирилган жасадлари топилгач, маҳаллий шаманларнинг барчаси сўроқ қилинган, аммо улар кўрсатма беришдан бош тортишган эди. Мутахассисларни эса жасадлар бир-биридан узоқда топилгани ажаблантирганди. Уларнинг фикрича, гуруҳ аъзолари чодир ичида ўлдирилмаган.

Степочкиннинг фикрлари инобатга олинган ҳолда ўтказилажак текширув ишлари якунига етгунга қадар, сайёҳ талабаларнинг бир нечтаси Урал тоғларидаги тоғ кўчкиси туфайли вафот этишган, қолганлари эса совуқдан ёки ҳайвонларнинг ҳужумидан ўлган, деган ҳақиқатга яқин тахмин ўз кучида қолади. Дятлов иши ҳужжатларида гуруҳ аъзолариниг ўлими ҳақида “инсон енгишга қодир бўлмаган қандайдир табиий куч ва офат туфайли ҳалок бўлган”, – деб изоҳ берилган.

Степочкиннинг иқрори тўғри бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Бироқ олимлар Дятлов гуруҳининг сирли, сирли бўлганда ҳам фақат Россиялик эмас, дунё олимларини ҳам ҳайратга соларли даражада аянчли ўлим топганларини айтишади. Ушбу фожианинг қанчалар сирли эканини тасаввур қилишингиз учун жасадларнинг улар топилган вақтдаги кўриниши ҳақида маълумот берамиз.

Слободин музлаб қолиш туфайли ўлгани тасдиқланган. Пешонасининг чап ярим мия суяги синган. Бу унинг музлаган ерга зарб билан йиқилиши ёки қаттиқ предметдан жароҳат олганини билдиради. Мияда тўмтоқ жисм ёрдамида олинган ички ёпиқ жароҳат ҳам бор. Айнан ушбу жароҳатдан сўнг, у шокка тушган ва қулоқлари кар бўлиб қолган, танаси музлаб қолган ва вафот этган.



Дорошенко тана ҳароратининг кескин тушиб кетиши натижасида вафот этган. Танасида тўмтоқ жисм ёки тош билан етказилган жароҳатлардан кўкарган излар топилган.

Кривонищенко ҳам Дорошенко каби тана ҳароратининг кескин тушиб кетиши натижасида вафот этган. Танасида тўмтоқ жисм ёки тош билан етказилган жароҳатлардан кўкарган излар топилган. Ўнг юзида 5 сантметрлик очиқ жароҳат бўлган. Ўнг қулоғининг тагида ҳам жароҳат бор. У сув ичидан кўкариб кетган ҳолда топилган.

Золотарев II, III, IV, V, VI қовурғалари синган. Қовурға оралиғида кучли қон кетиш жараёни кечган. У қовурғаларнинг синиши натижасида органларга етган зарар ва қон кетиш, шунингдек, тана ҳароратининг кескин пасайиши натижасида нобуд бўлган. Бундай жароҳат инсон бирор нарса билан эзилганида ёки тепаликдан тушганида содир бўлади.



Тибо-Бриньолнинг боши ўнг орқа қисмида қон кетиш ҳолати кузатилган. Бошнинг ўнг чакка қисми эзилган. Бошининг ўнг томондаги кўп суяклари синган.

Дубининанинг жасади жуда хунук ҳолатда эди. Оғзининг шакли бутунлай ўзгарган. Оғиз бўшлиғи ва тили йўқ. Шунингдек ўнг II, III, IV, V қовурғалари, чапда эса II, III, IV, V, VI, VII қовурғалари синган. Қовурғалар аро кучли қон кетган. 

Теглар:Дятлов фожиаси Игорь Дятлов Отортен тоғи 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар

Бахтияр
23:07 19.03.2016

Хеч канака НЛО булмаган. Уларни шаманлар улдиришган ёки махаллий ахоли.



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!