...
МЕНЮ
ONLINE TV

Доналд Трампнинг Қуддус борасидаги қарори норозликка сабаб бўлмоқда


10:54, 07.12.2017 Олам
 2 479

Жаред Кушнер Оқ уйда президентнинг маслаҳатчиси ҳисобланади ва Фаластин-Исроил можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш масъулияти унга юкланган.

Аввалроқ, Қуддус шаҳри атрофидаги можароларнинг келиб чиқиши тарихи ҳақида маълумот берган эдик. Энди, содир бўлган воқеанинг туб сабабларини таҳлилчилар нима деб изоҳлашаётганини эътиборингизга ҳавола этамиз.
 
Кеча, 6 декабрь куни Доналд Трамп Қуддус шаҳрини Исроил давлатининг пойтахти, деб тан олганлиги ва АҚШ элчихонасининг ушбу шаҳарга кўчирилиши кераклиги тўғрисида баёнот берди. Бу баёнот Яқин Шарқ давлатларининг кескин норозилигига сабаб бўлди.
 
Фаластин ва Ироқ давлатлари АҚШнинг бу хатти-ҳаракатини қўлламасликларини билдиришди. Кўпгина сиёсатчилар ва таҳлилчилар содир бўлган бу воқеанинг сабабларини турлича изоҳламоқдалар. Айрим таҳлилчилар АҚШнинг Қуддусни Исроил давлатининг пойтахти деб эълон қилиниши, шу пайтгача назарий жиҳатдан тан олинган воқеликнинг амалда содир бўлиши, дея баҳолашди.
 
Трамп ҳам ўз чиқишида, расмий Вашингтон бу жараённи эллик йилдан бери ортга суриб келди, лекин бундай ортга суриш кутилганидек, Фаластин-Исроил можаросига барҳам бермади, шунинг учун бу масалани энди ортга суришдан маъно қолмади, деди.
 
Таҳлилчилар бу воқеанинг юз беришида, Трампнинг атрофидагилар муҳим рол ўйнаганини таъкидлашмоқда. Хусусан, унинг қизи Иванка ва куёви Жаред Кушнер яҳудийлик динига эътиқод қилишади ва Исроилнинг амалдаги Бош вазири Бенямин Нетаняху билан дўстона муносабатдалар. Бундан ташқари, Кушнер Оқ уйда президентнинг маслаҳатчиси ҳисобланади ва фаластин-исроил можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш масъулияти унга юкланган.
 
Шунингдек, АҚШ давлатидаги мавжуд ички сиёсий вазиятнинг таъсири ҳам инобатга олиниши керак. Трампнинг ўзи ҳозирги вақтда Россия давлати билан алоқадорликда гумонланиб, тинимсиз муҳокамалар гирдобида қолиб кетган. Трамп ўз рақиблари ва жамоатчиликнинг диққатини ўзига боғлиқ муаммолардан чалғитиш учун бу қарорни қабул қилган, дейишмоқда.
 
Трампнинг бу қарорни қабул қилгани ортидан, АҚШнинг расмийлари жуда кўплаб ташкилий масалаларни ҳал қилиши керак. Шунинг учун АҚШ Давлат департаменти Президент Трампнинг қарорига билдириладиган баёнотлар,  хабарларни кузатиб бориш ҳамда тўплаш бўйича махсус тезкор гуруҳ таъсис этди.
 
Бу гуруҳга дипломатик ваколатхоналар хавфсизлиги, консуллик, қонунчилик масалалари ва жамоатчилик билан алоқаларни таъминлайдиган масъул шахслар киритилди. Уларнинг фикрига кўра, “Трамп ўз қарори билан АҚШ дипломатик корпус вакиллари ва фуқаролари ҳаётини хавф остида қолдирмоқда. Шундоқ ҳам, байрам арафасидаги қалтис вазиятда АҚШ ва Исроил давлатларини зўравонликлар содир этилишининг нишонига айлантирган”. 
Обил Сафаров

Теглар:АҚШ Доналд Трамп Иванка Қуддус 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!