...
МЕНЮ
ONLINE TV

Диққат, ахборот уруши кетмоқда


11:57, 25.02.2017 Олам
 7 909

Дунёнинг етакчи давлатлари Совуқ уруш давридан бери энг инқирозли паллага қадам қўйиб бормоқда.

Замонавий урушлар энди қурол билан амалга оширилмайди. Жанг майдонларида ҳалок бўлган аскарлар ҳақида фақат бадиий асарларда ўқисак ажаб эмас, чунки  душманга жисмоний ҳужум қилишдан кўра “ахборот уруши”ни олиб бориш самарали усул экани исботланиб бормоқда.
 
Февраль ойи бошларида АҚШ ҳукумати расмийлари Давлат Департаменти қошида фаолият олиб борадиган ахборот маркази ҳақида хабар берган эди. Унинг асосий вазифаси, хориждаги мустақил ОАВ ва журналистларга эркин ахборот етказиб беришида амалий ёрдам кўрсатиш ҳисобланади. Шунингдек, марказ шарқий Европа ва пост Совет маконида тарқайдиган маълумотлар оқимини ўз тизгинига олишни ҳам кўзда тутади. Сенатор Жон Маккейн Глобал ҳамкорлик алоқалари маркази деб номланувчи ушбу тузилмани молиявий шароитини 260 миллион долларга етказиш кераклигини таъкидлаган эди.
 
Бунга жавобан Россия миллий манфаатларига хизмат қилувчи “Russia Today” агентлиги Нью-Йорк кўчаларида америкаликлардан Россия олиб бораётган сиёсатга муносабати қандай эканлигини “режалаштирилган” ҳолда кўрсатиб берди. “Russia Today​” ахборот агентлигининг Нью-Йорк​даги мухбири Калеб Маупин америкаликлар орасида русофобия кучайиб бораётганига ишора қилувчи, “Киргбекистан” деб номланган тўқима давлатга Россиянинг тажовузи юзасидан қандай муносабат билдирасиз, деган савол ўртага ташлаган. Сўровномада иштирок этганларнинг айримларигина Россиянинг агрессор эмаслигини таъкидлаган.
 
Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Марк Эро эса қуйидаги фикрни билдирган эди:
 
“Бўлиб ўтган воқеалар бизни хушёр бўлишга чорлайди. Қолаверса, ЕвроИттифоқ тарафдори, номзод Эммануэль Макроннинг электрон почтаси ҳам ҳакерлар нишонига айлангани рост”.
 
Нидерландия эса Европа Иттифоқининг савдо пактига қўшилиши юзасидан ўтказилган референдум натижасига рус ҳакерлари таъсир ўтказган, деган фикрни бермоқда. Улар ҳам келаси ой бўлиб ўтадиган ҳукумат учун сайловларни хавфсиз ўтиши учун қайғурмоқда. Яна бир аъзо давлат, Норвегия  ўтган ой “Меҳнаткашлар Партияси”нинг махфий маълумотлари ўғирлангани, ҳукумат сайтларига ҳакерлик ҳужуми бўлганини таъкидлаган эди.
 
Барча айбловлар “уруш“ни янада алангалатиб, Россия томонини жавоб зарбасини беришга ундади. Шундай ҳам бўлди. Россия Федерацияси Мудофаа ишлар вазири Сергей Шойгу парламентдаги нутқи мобайнида, вазирлик қошида ахборот операцияларини олиб борувчи тузилма ташкил этилганини маълум қилди. Бу ташқи хуружлардан сақланиш ва қарши туриш учун иш олиб борадиган марказ фаолиятини оқилона ва тартибли йўлга қўйишни ўз зиммасига олишини ҳам билдирди.
 
22 февраль куни Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова Россия ТИВ сайтида Россия манфаатларига зид бўлган “сохта хабарлар”га бағишланган махсус рукн очилгани ҳақида эълон қилди. Бу маълумотлар аниқ асосга эга бўлмагани, жамиятда турли фикрларни уйғотаётгани учун шу номдаги рукн остида чоп этиб борилади.
 
Хулоса қиладиган бўлсак, етакчи кучларнинг асосий мақсади эндиликда рақиб майдонида байроқ тикиш эмас, балки дунё фуқароларининг жамоатчилик ва содир бўлаётган ҳодисалар бўйича фикрини ўз манфаатларига мос равишда шакллантиришдан иборат. Бунда хорижий телеканаллар, нашрлар ва эксперт фикрлари ҳар доим бетараф бўлишига ишониш қийин.
Алишер Рўзиоҳунов

Теглар:Ахборот уруши 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

ilhomparisi
23:51 22.03.2017

Shunga Milliy Tv kanali butun dunyoga efirga uzatishni boshladimii? :D



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!