...
МЕНЮ
ONLINE TV

Бетимнинг қалини – жонимнинг ҳузури! “Бунёдкор” стадионидагилар қачонгача бировнинг косасига қошиқ тиқади?


15:20, 31.08.2018 Таҳлил
 5 344

Интернетда тарқалган гап-сўзлар, қарздорлик билан боғлиқ муаммоларни текшириш учун суриштирув ўтказдик.

Тошкентдаги “Бунёдкор” стадиони (яқинда “Миллий” номини олган) нафақат пойтахтда яшовчилар, балки бутун Ўзбекистон аҳолисининг ғурур билан тилга оладиган гўшаси ҳисобланади. Ушбу меъморий обидада футбол ўйинлари ва турли машғулотлар ўтказиш учун барча шароитлар яратилган бўлиб, у нафақат ўзбекистонликлар, балки хорижий меҳмонларнинг ҳам эътиборини ўзига тортади.
 
Айни кунларда ижтимоий тармоқларда ушбу спорт мажмуаси қарзлар туфайли сув ва электр таъминотидан узилгани ва футбол мактабида ўқитилаётган болалар овқат тайёрлаш учун ўтин ёқаётганлари ҳақида тарқаган мақолалар кўпчиликни таажжубга солди.
 
Интернетда тарқалган гап-сўзлар, қарздорлик билан боғлиқ муаммоларни текшириш учун суриштирув ўтказдик.
 
Кўпчиликда собиқ “Бунёдкор”нинг келажаги порлоқ экани ва унда муаммолалар бўлиши мумкин эмаслиги борасида шубҳа бўлмаган. Айниқса, унинг эгаси давлатнинг илғор футбол клубларидан “Бунёдкор” бўлса ва у спорт мажмуасида мунтазам равишда уйинлар ўтказиб турса.
 
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 мартдаги “Футболни янада ривожлантириши бўйича чоралар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Миллий” стадиони Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси тасарруфига ўтказилган эди. Қарорга кўра, таъсисчи ўзгарди, футбол клуби қошида стадиондан фойдаланиш дирекцияси бор эди, эндиликда у Футбол ассоциацияси тасарруфига ўтди.
 
“Миллий” стадиони директори ўринбосари Виктор Сумбаевнинг журналистларга берган интервьюсида айтишича, Ҳозирда стадионни молиялаштириш амалга оширилмаяпти. Ва унинг бунда айбдор... “Ўзбекнефтгаз” АЖ. Чунки “ушбу вазифани бажариш Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ва Вазирлар Маҳкамаси қарори билан айнан “Ўзбекнефтгаз”га юклатилган” экан.
 
Жаноб Сумбаевнинг шикоятига кўра, футбол ўйинларини ўтказиш учун деярли маблағ йўқ, чунки 35 минг томошабинга мўлжалланган стадионга бор-йўғи 3-5 минг футбол ишқибозлари келади. Одамларни жалб қилиш учун эса қолган чипталарни бепул тарқатишга мажбур бўладилар. Сиз бунга ишонасизми? (!) Чипта ололмай, кўчада сарсон юрган томошабинларни кўрмаганмизми? Умуман стадион раҳбарияти чипталарни сотиш бўйича янгича тартибни амалга оширса, инновацион технологияларни жорий этса, олма пиш, оғзимгу туш қабилида иш тутмай, янгиликка интилса, чипталарни бепул тарқатиш тугул, қуёш тиғида кассада сотиб ўтиришига ҳам ҳожат қолмайди.
 
Умуман олганда, стадион дирекциясининг даъво ва шикоятлар рўйхати жуда узун.
 
Биз эринмай ҳисоб-китоб қилишга қарор қилдик. Агарда, чипталар энг паст нархда, айтайлик, 5 минг сўмга сотилган бўлганида, бир ўйин учун сотилган чипталардан 15 миллиондан 25 миллион сўмгача фойда қилиш мумкин эди.
 
Аниқлаган маълумотларимизга қараганда, “Миллий” стадиони дирекциясига молиявий кўмак мақсадида шу йилнинг январь ойидан июль ойига қадар “Ўзбекнефтгаз” АЖ 4,5 миллиард сўм ҳомийлик маблағини ажратган, август ойида эса – 746,4 миллион сўм. Умумий маблағ жами 5,3 миллиард сўмни ташкил қилган. 
 
Ушбу ҳомийлик маблағлари мажмуанинг умумий ҳолатини сақлаш, ишчилар ойлик маошини тўлаш, спорт тадбирларини тегишли даражада ўтказиш, ҳамда коммунал хизмати харажатларини қоплаш учун мўлжалланган.
 
Кўриб турибмизки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ажратилган маблағ анча катта. Стадионинг даромади эса кандай? Таъкидлаш жоиз, рақамлар жуда кулгили.
 
2016 йилда стадион даромади 1,9 миллиард сўмни ташкил қилган бўлса, 2017 йилда ушбу кўрсаткич 1,3 миллиард сўмгача тушиб кетган, 2018 йилниг биринчи ярмида эса – стадион 200 миллионга яқин фойда кўрган, холос.
 
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Президентнинг март ойидаги қарорига мувофиқ, “Миллий” стадионини қўллаб-қувватлаш мақсадида харажатларнинг бир қисми компания зиммасига юклатилганини тасдиқлади. Шуни ҳам инобатга олиш керакки, харажатларнинг ҳаммасини эмас, балки бир қисмини. Ҳужжатда аниқ бир маблағ миқдори белгиланмаган.
 
Ҳақиқатан ҳам ҳужжат матни диққат билан ўрганилса, стадионни молиялаштириш манбалари орасида биргина “Ўзбекнефтгаз” АЖ кўрсатилмаган. Рўйхатда спорт мажмуаси дирекцияси ва “бошқа манбалар” бор. Агар шу йилнинг ўзида “Ўзбекнефтгаз” 5 миллиарддан ортиқ маблағ ажратган бўлса, “Миллий” стадиони бинолари ва иншоотларидан фойдаланиш дирекцияси МЧЖ томонидан ажратилган маблағ миқдори қанча? “Бошқа манбалар”дан эса қанча молиявий ёрдам келиб тушган? Ушбу саволларга жавоблар қониқарли бўлиши гумон.
 
Шу ўринда савол туғилади: “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг асосий вазифаси “Миллий”ни оталиққа олиб, ҳали ёмғирдан, ҳали қуёшдан панага тортиб туришми ё мамлакатда нефть ва газ сиёсатини тўғри амалга ошириб, иқтисодиётни ривожлантириш? Жавоб тайин: компания ер ости бойликларини қазиб олиши, уларни излаб топиш билан жиддийроқ шуғулланиши, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан аҳолини таъминлашни бугунгидан анча юқори даражага кўтариши ҳамда йирик инвестицион лойиҳаларни молиялаштириши керак.
 
Бироқ, стадион дирекциясининг бу борадаги фикри айро кўринади. Улар ўйлашича, мажмуа сарф-харажатларини бошқа биров ўз чўнтагидан тўлаши керак, уларнинг вазифаси эса – ташқаридан келиб тушган маблағларни сарфлаш. Бели оғримаганнинг ейишини қара, деб шуни айтишса керак. Бунинг турган битгани боқимандалик эмасми?! Бу гаплар нафақат “Миллий” мажмуаси, балки “Бунёдкор” футбол клуби раҳбариятига ҳам тегишли.
 
“Ким айбдор?” деган саволдан “Нима қилиш зарур?” деган саволга ўтилса, кўзланган натижага эришиш мумкин. Самарага эса айблов ва “берсанг ейман, урсанг ўламан” қабилида иш тутиш билан етиб бўлмаслиги кундек равшан. Хўп, сиз айтганча бўлсин: “Ўзбекнефтгаз” пул бермаяпти. Ўзингиз бу муаммоларни ҳал этиш учун нима қилдингиз? Бетимнинг қалини, жонимнинг хузури дегани шу эмасми аслида?
 
Стадион ўз харажатларини қоплаши учун унинг доимий равишда томошабинлар билан тўлдириш кўрсаткичи камида 70-80% ни ташкил қилиши зарур. Собиқ Совет иттифоқи худудида бунга фақат Донецкдаги “Донбасс Арена” стадиони эришган. Россияда бу кўрсаткич ўртача 20% арофида. Ўзбекистонда эса бунданда паст.
 
Масалага бошқача ёндашув зарур: томошабинларни қандай йўл билан жалб қилиш мумкин? Инглиз прмеьер-лигасини оладиган бўлсак, ундаги барча клублар ва уларга қарашли стадионлар эгаларига фақат даромад олиб келади. Улар бунга қандай эришди?
 
Кенг аудиторияга мўлжалланган стадионлар нафақат харажатларни қоплашга, балки катта даромад олиб келишга қодир. Масалан, улар томошабинларни IT хизматлари доирасини кенгайтириш билан жалб қиладилар. Ҳозирда ташриф буюрувчилар учун турли мобил иловалар фаол равишда ривожлантирилмоқда: стадион харитаси, статистика, бир вақтда ўтказилаётган ўйинларнинг матни ва видеоузатуви.
 
Стадионнинг бошқа тадбирларни ўтказиш имкони борлиги унинг жозибадорлигини янада оширади. Стадион майдони бошқа спорт тадбирлари (енгил атлетика, кураш, якка кураш ва бошқалар) ёки маданий-ҳордик дастурлари (концертлар, шоулар)ни ўтказиш учун тезкор ўзгартириш имкони эга бўлиши кераклигини инобатга олиш зарур. Бу ҳолатда, барча жиҳатларни ҳисобга олиш керак: томошабинлар ўриндиқлари ва стадион майдонини қайта жиҳозлаш, телеузатувни ташкил этиш ва хавфсизликни таъминлаш. 
 
Голландиянинг “Аякс” клуби ҳаммага таниш. Ички ўйинларни клуб “Амстердам Арена” стадионида (ҳозирда стадион “Йохан Кройф” номини олган) ўтказади. Ушбу ўта даромадли стадионнинг эгаси Амстердам муниципалитетидир. “Аякс” чилар эса стадионда ўйин ўтказишлари учун анчагина ижара ҳақи тўлашади.
 
1996 йилда 140 миллион еврога қурилган бу стадион ишга туширилгандан кейин, олти йил ичида харажатларни қоплаб бўлган. Бунга сабаб, аъло даражада ишлаб чиқилган ва ҳисоб-китоб қилинган маркетинг лойиҳасидир. Стадиондан унча узоқ бўлмаган жойда, муниципалитет томонидан ажратилган ер майдонида 14 залга эга кинотеатр, концерт зали ва кўплаб дўконлар (ҳозирда улар жами 350тани ташкил қилади), бир нечта ресторан, меҳмонхоналар, ва транспорт тугуни қурилган.
 
“Аякс” ўйинлари учун сотиладиган чипталардан ташқари, кам бўлмаган даромадни ўйинлар давомида сотиладиган абонемент чипталар ва клубга таалуқли аксессуарлар, ичимликлар ва егуликлар олиб келади.
 
Даромаднинг кўп қисмини вип ва бизнес класс худудлардаги ўринларга чипталар олиб келади. 53 минг кишилик стадиондаги 5 минг ўрин бизнес худудга, яъни 10% ва 600 ўрин 60 та вип худудларда жойлашган. Бундай бир жойнинг бир мавсум қиймати 100 минг еврога яқин. Бизнес худудига абонемент чиптаси 5 мингдан 6 минг еврогача баҳоланади. Бундай худудлардаги ўринларни сотиш икки баробар кўпроқ даромад олиб келади, оддий чипталарни сотишдан йиғилган жами даромадни инобатга олганда ҳам.
 
Стадион худудида турли анжуманлар, симпозиумлар, кўргазмалар ўтказилади. Шунингдек, стадионни бошқа байрамлар учун ҳам ижарага олиш мумкин. 
 
Стадионнинг машҳур бўлиб кетишига у ерда ўтказиладиган концерт ва шоулар ҳам ўз ҳиссасини қўшгани аниқ. Стадионда биринчи бўлиб дунёга машҳур қўшиқчи Тина Тёрнер концерт берган. Ижрочининг 1996 йил сентябрда ўтказган учта концертига жами 150 мингга яқин одам келган. “Амстердам Арена”нинг тузилиши бошиданоқ бу каби тадбирларни ўтказишга мўлжалланган: майдондаги майса ўрам шаклида йиғилади – бунинг учун 14 соат вақт сарфланади, ва томошабинлар учун қўшимча майдон очилади – шундай қилиб стадионда ўтказиладиган концертлар мобайнида унга 68 минг кишига одам сиғади.
 
Шу каби оммавий тадбирларни “Миллий” стадионида ҳам ўтказиш мумкин-ку. Шубҳасиз, маҳаллий ва хориж эстрада юлдузларининг концертларида томошабинлар стадиони тўлдирар эдилар ва чипталар нархи ҳам пойтахт театр майдонларидагига нисбатан анча ҳамёнбоп бўларди.
 
Стадион даромад келтириши учун бошқа кўплаб йўллар мавжуд. Жумладан, мажмуада экскурсиялар ўтказиш, овқатланиш жойларини тўғри ташкил қилиш, ва бошқалар.
 
Агар биз миллий футбол жамоасига раҳбарлик қилишга хориждан мураббий ёнлашни эп билсак, унда “Миллий” стадионини ривожланган ва даромадли жойга айлантириш учун Тошкентга хориждан мутахассислар ва маслаҳатчиларни таклиф қилишимиз ҳам керак. Бўлмаса, бу стадион яна кўп йиллар бировнинг чўнтагидан кун кўришда давом этади.
 
P.S.: Айрим Интернет нашрларнинг “Миллий” спорт мажмуаси коммунал хизматлардан қарздорлиги борлиги туфайли сув ва электр таъминотидан узиб қўйилганлиги тўғрисида тарқатган шов-шувли хабарлари аслида ҳақиқатдан йироқ. Бу ҳолат кўпчилик журналистлар томонидан ҳам тасдиқланди. Нохолис хабарлар тарқаганидан сўнг, улар стадионга ташриф буюриб, унинг ҳолати билан яқиндан танишдилар. Маълум бўлишича, электр фақат бир маротаба кечаси ўчиб қолган, сув эса доим оқиб турган ва футбол майдонларидаги майсалар доимий равишда суғорилган. Ва, албатта, ёш футболчилар машғулотлар давомида овқат тайёрлаш учун ўтин ёқишмаган...
 

Теглар:Миллий стадиони Ўзбекнефтгаз 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!