...
МЕНЮ
ONLINE TV

АҚШга ёққан қор ортида яна не талофатлар бор?


11:29, 26.01.2016 Олам
 3 710

“Жонас” қор бўрони натижасида АҚШдаги озиқ-овқат дўконларидаги расталар бутунлай бўшаб қолди, одамлар ишга, болалар боғча ва мактабларга бормаяпти. Нью-Йорк мэри эса аҳолини ҳамма нарсага тайёр туришга чақирди.

Мана бир неча кундирки АҚШдаги қор бўрони ҳақида барча интернет нашрлари орқали батафсил маълумот берилмоқда. Суратлар ва видеотасмаларда акс этган манзара қанчалик гўзал бўлса, шунчалик даҳшатли ҳамдир...

Очиғини айтганда шаҳарнинг турли чеккаларида фаолият кўрсатадиган коммунал хизматлари қаердадир ўз ишини пухта бажаради, қаердадир йўқ. Бу ҳам қор бўрони билан боғлиқ муаммоларнинг устига янги муаммоларни қўшади. Цивилизация, техника, фан ва таълим қанчалар ривожланган бўлмасин, инсоният табиий офатлар олдида барибир ожизлик қилади. АҚШда ёғаётган қор кўзни қанчалик қувонтирмасин, қорнинг хавфи ва унинг таъсирида юзага келадиган муаммоларни тез орада бартараф қилиб бўлмайди. Боз устига у ҳозир, шу тобда ҳам тўхтовсиз ёғмоқда. АҚШ олимлари ҳамда гидрометеорология хизмати вакиллари “Жонас” деб ном берган ушбу қор бўрони мамлакат аҳолисини қийин аҳволда қолдирмоқда.



АҚШ Миллий метереорология хизмати маълумотларига кўра, мамлакатнинг баъзи қисмларига 70 сантиметрдан ҳам қалинроқ қор ёққан. Бу АҚШ тарихида юз берган йирик қор бўронларидан бири. Биринчи марта шундай кўрсаткич 1922 йили кузатилганди. 11 та штатда айни ҳолат юзасидан фавқулодда вазият эълон қилинган.

Афсуски, метеорология хизмати бераётган маълумотларга кўра, бу ҳали ҳаммаси эмас! Ҳукумат аҳолига ўз уйлардан чиқмаслик, автоуловни бошқармасликни тавсия қилган. Мактабгача таълим муассасалари, мактаб, коллеж, олий ўқув юртлари вақтинча фаолиятини тўхтатиб турибди. Ҳатто талабаларнинг қишки имтиҳонлари ҳам бекор қилинган. Мамлакат маркази ва штатларидаги аэропортлар ёпилган, минглаб самолётларнинг авиарейслари бекор қилинган. Поездлар қатнови ҳам тўхтатилган. Сўнгги кунларга келиб, шаҳарда автобус қатновлари ҳам чек қўйилди.



Айни кунгача “Жонас” қор бўрони 19 кишининг умрига зомин бўлди. Шу бугунгача электр токи симларининг узилиши билан боғлиқ 200 га яқин ҳолат қайд этилган. Бир неча соат ичида юзлаб ЙТҲлари рўй бермоқда. Минглаб аҳоли вакиллари эртадан кечгача ўз уйлари атрофидаги қорни кураш билан вақт ўтказмоқда.

Қор бўрони келтираётган зарар ҳақида бир неча кун аввал аҳолига мурожаат қилар экан, Нью-Йорк мэри Билл де Блазио шундай деди:

“Гарчи об-ҳавонинг ҳолати ҳақида бироз “енгилроқ” фикр айтилган бўлса-да, сўнгги кунлар, хатто соатлар ичида у ёмонлашмоқда. Баъзи жойларда қорнинг қалинлиги 71 сантиметрга етди. Биз ҳамма нарсага тайёр туришимиз керак, хатто энг ёмон сценарийга ҳам...”

АҚШдан махсус репортаж тайёрлаётган оммавий ахборот воситалари берган маълумотларга кўра, Вашингтоннинг баъзи жойларида қор қалинлиги аллақачон 80 сантиметрга ҳам етган. Бундан ташқари, шамол тезлиги мунтазам равишда кучаймоқда. Ердаги қор эришга улгурмай, устига ёққан қават-қават туфайли қор тобора қаттиқлашиб, музга айланмоқда. Қордан тозаланаётган ҳудудлардаги ҳолат ҳам яхши эмас. Сувга аралашиб кетган қор балчиқсимон қуйқа ҳосил қилгани туфайли бундай жойдан йўлнинг нариги бетига ўтиб олиш ҳам қийинчилик туғдирмоқда.



Кучли, изғирин билан уйғунликда келаётган қор бўрони нафақат АҚШда, балки дунё тарихида тарихида ҳам кузатилган.

Об-ҳавони тадқиқ қилувчи олимлар томонидан дунёдаги энг кучли қор бўронлари ўнталиги эълон қилинган. Уларнинг барчаси, минглаб инсонларни ўз домига тортиб кетганига шубҳа йўқ. Гарчи улар дунё миқёсида олинган бўлса-да, қор бўронларнинг аксарияти АҚШ чегарасида содир бўлган. Келинг улар билан бирма-бир танишиб чиқамиз.

1. АҚШ, Чикаго, 1967 йил. Қорнинг қалинлиги 58 сантиметрни ташкил этган. 1967 йили содир бўлгани учунми, унга “67-қор бўрони” деб ном берилган. Мичигандан, Индиана ва Иллинойсгача ёпирилган қор бўрони ўшанда 76 кишини ҳаётдан олиб кетган. Уларнинг 26 нафари Чикаголик эди.

2. Канада, Онтарио ва Квебек, 1971 йил. 61 сантиметр қалинликда ёққан қор бўронига эса “71-йилнинг Шарқий Канада изғирини” деб ном берилган. Ўша йилги изғиринда жуда кучли шамол туриб, атрофни чанг ва қор аралашмаси босган. Ҳаво майда қор зарраларига шу қадар тўлганки, ёнингизда ким турганини кўриш имконияти бўлмаган. 1971 йилги бу офат 20 кишининг умрига зомин бўлган.

3. АҚШ, Бостон, 1978 йил. Қорнинг қалинлиги 69 сантиметр. Бу қор бўрони бошланган вақтда барча иш ва ўқишда бўлган. Кўпчилик автомобиль йўлларида тирбандликда, баъзилар мактаб биноси ичида, иш жойида, ҳатто кўчада қолиб кетган. Бундан ташқари, у атрофдаги денгизнинг сув оқимини кўтарилиш вақтида содир бўлган ва икки офат бир бўлиши натижасида мамлакатнинг асосий ҳудудлари сув остида қолган. Ҳар соатда ёғаётган қор устига Бостонда 10 сантиметр қалинликдаги қор қўшилиб борган. Офат туфайли 100 дан ортик аҳоли жон берган.

4. АҚШ, Катскильск тоғи ҳудуди ва Аппалач тоғ ён бағри ҳудуди, 1993 йил. Қорнинг қалинлиги 127 сантиметрга етган. Тарихда у “Аср бўрони” сифатида қолишига шубҳа йўқ. Канаданинг шарқий қисмида ёққан қор бўрони Кариб қирғоқларигача етиб бориб, 26 та штатни ҳам қор билан тўлдирган. Баъзи штатларда изғирин ва бўрон жуда паст ҳарорат билан уйғунликда кечган ва даҳшатли совуқ туфайли 270 киши нобуд бўлган. Ҳатто доимо илиқ об-ҳаво кузатилувчи Флорида штатида ҳам ҳаво кескин совиб кетган.

5. АҚШ, Саратога-Спрингс, 1888 йил. Қорнинг қалинлиги 147 сантиметрга етган. “1888 йил қор бўрони” АҚШнинг шимоли-шарқий ҳудудини бутунлай қоплаган. 400 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ аҳоли денгизда бедарак йўқолган.

6. АҚШ, Нью-Йорк штати, 2014 йил. 150 сантиметр қалинликда ёққан қор бўрони 6 кишининг ҳаётдан бевақт кўз юмишига сабаб бўлган. Ўшанда шаҳарнинг Баффало аэропортидаги 40 та рейс бекор қилинганди.

7. Тибет, Лхюндзе, 2008 йил. Жуда кучли қор бўрони натижасида Тибет ҳудудига 182 сантиметр қалинликда қор ёққан. Тибетда қор бир неча соат, максимал ҳолатлардагина бир кунгача ёғади. 2008 йили эса Тибет аҳолиси 36 соат тўхтовсиз ёққан қорни кўриб ҳайратга тушган. 7 кишининг ўлими билан якун топган қор бўрони, кўплаб уй ҳайвонларининг нобуд бўлишига олиб келган.

8. АҚШ, Янги Англия, 1717 йил. Тўртта йирик қор бўронининг бирлашуви натижасида ёққан қорга “1717 йилнинг Буюк қор бўрони” деб ном беришган. Унинг “буюк”лиги шундаки, қорнинг қалинлиги 274 сантиметрни ташкил этган. Айтиш лозимки, 1717 йилда метеорологик ҳисоб-китоб ҳали яхши ривожланмаган палла бўлгани сабабли, ушбу рақамлар аҳолининг ўлчамлари ва тахминий фикрлари асосида берилган. Қор бўронининг маркази Бостон шаҳри бўлиб, қор уйларни том маънода кўмган. Ўша йилларда қор тозалаш учун махсус техникалар бўлмаганлиги сабабли, одамлар қорнинг табиий ҳолатда эришини шунчаки кутишларига тўғри келган.

9. АҚШ, Шаста тоғи, 1959 йил. Дунё миқёсида содир бўлган қор бўронлари орасида энг кучли бўронлардан бири сифатида тарихда қолган. 480 сантиметр қалинликдаги қор аҳоли яшаш пунктларига деярли зарар етказмаган.

10. АҚШ, Баффало, 1977 йил. 506 сантиметрлик қор АҚШдаги илиқ об-ҳаво хукм сурадиган Баффало шаҳрида бошланган қор бўрони туфайли маҳаллий кўл музлаган. Изғирин шамоли соатига 70 километр тезликда эсиб, шаҳарни 5 метрлик қор остида қолган. Сўнгги маълумотларга қараганда, 25-январь АҚШда қор бўрони туфайли ҳукумат ишчилари учун дам олиш куни деб эълон қилинган. Бундан ташқари мамлакатнинг баъзи қисмларида 22 та бекат оралиғида қатновчи автобус, 6 та станция оралиғида қатнаш имконияти билан метрополитен ҳам ишга тушган. Йўл ҳақи бепул деб белгиланган. Шу билан бирга Даллас аэропорти ишга тушди ва бир нечтагина маҳаллий авиарейслар очилди. Баъзи маълумотларга кўра, АҚШдаги ҳаво ҳарорати бироз кўтарилган, баъзи штатларда бўрон тинган. Аммо ҳаво ҳарорати 0 даражани ташкил этгани сабабли, салкам 1 метр қаликдаги қор ҳали эришни бошлаганича йўқ. Аҳолига қор билан боғлиқ муаммоларни бартараф қилишда ёрдамга АҚШ миллий гвардиясининг 600 нафар зобити берилмоқда.

Айни вақтда АҚШ ҳудудида ёғаётган қор бўрони ҳам шубҳасиз юқоридаги рўйхатдан ўрин олади ва тарихда қолади. Истагимиз у тарихда энг кам миқдордаги йўқотишлар, бошқача қилиб айтганда, инсонлар ўлимига сабаб бўлган энг кам кўрсаткичли қор бўрони сифатида қолсин.
Умида Якубова

Теглар:АҚШ Жонас Қор бўрони 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!