...
МЕНЮ
ONLINE TV

Абдулла Арипов Қурбон ҳайити олдидан видеоселектор ўтказди


10:15, 14.08.2018 Жамият
 5 850

Арипов Ҳукуматга келиб тушган таклифни қўллаб қувватлади. Бунинг мажбурий меҳнатга айланиб кетмаслигидан огоҳлантирди.

Анъанага кўра, бу йил ҳам Мустақиллик байрами олдидан мамлакат бўйлаб умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади. Бу йилги ҳашар нафақат мустақиллик байрами, балки Қурбон ҳайити айёми арафасида бўлиб ўтиши режалаштирилган. 18-19 август кунлари ўтказиладиган ҳашар муносабати билан бугун, 14 август куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раислигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
 
Унда Бош вазир ўринбосарлари, ҳукумат аъзолари, ҳокимликлар, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари – Экоҳаракат депутатлик гуруҳи раҳбари, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси раиси Борий Алихонов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Шайх Абдулазиз Мансур иштирок этди.  
 
Йиғилишда умумхалқ хайрия ҳашари ва Қурбон ҳайитига тайёргарлик кўриш, ҳашарни халқимизга хос уюшқоқлик ва азалий қадриятларга хос тарзда ўтказиш, кексалар, боқувчини йўқотлар, чин етимлар, ногиронлар ҳолидан хабар олиш, уларнинг мушкулини осон, оғирини енгил қилиш ва бу орқали ёшларга, болаларга тарбиявий ўрнак бўлиш масалалари муҳокама қилинди. 
 
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Экоҳаракат депутатлик гуруҳи ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамкорлигида боғлар ва ҳудудларда ёшлар ташаббускорлиги асосида ҳашар уюштириш ҳақида Ҳукуматга келиб тушган таклифни қўллаб қувватлади. Бунинг мажбурий меҳнатга айланиб кетмаслигидан огоҳлантирди.
 
“Мана, бир неча кун аввал бўлган воқеаларни интернет орқали ҳаммамиз кўрдик. Бу воқеаларнинг олдида АҚШ фильмлари ҳам йўлда қолиб кетяпти. Ёшларнинг тарбияси борган сайин бузиляпти.
 
Бизнинг давримизда болаларни меҳнатга ўргатиларди, маҳаллада катталар бош бўлиб турарди. Ҳозир бундай намуна йўқлиги сабаб болаларнинг тарбияси ҳам бузиляпти. Ёшлар иттифоқи ўз аъзоларини тўплаб, флешмоблар тайёрлаб, ёшларни экологияни асрашга чақирса бўлмайдими? Бу ишларни ҳаммага бир хил футболка кийдириб, ҳеч кимга керакмас, аммо мажбурий тусда қилиш керак эмас. Аксинча, ишонарли бўлсин, ёшлар эргашсин”, дейди Бош вазир.
 
Абдулла Арипов умумхалқ хайрия ҳашари асло мажбурий меҳнат эмаслиги, аксинча, бу халқимизнинг чинакам бирдамлиги, бир ёқадан бош чиқариши, ёшларга, фарзандларга ҳақиқий амал билан ўрнак бўлиш учун намуна экани ва у одамларни янада жипслаштирувчи, меҳр-муҳаббатини юксалтирувчи азалий қадрият эканига алоҳида эътибор қаратилишини сўради:
 
“Биз аллақачон мажбурий меҳнатни чекладик. Умумхалқ хайрия ҳашари эса азалий қадриятлардан бири эканини унутмаслигимиз керак. Бунда фақат кўчаларни супириш назарда тутилмаслиги лозим. Қарияларнинг ҳолидан хабар олиш, бетобларни йўқлаш, оғирини енгил қилиш, ҳашар йўли билан ёрдам қўлини чўзиш, қабристон, муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳларни обод қилиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Дунёнинг нариги чеккасидаги айримлар бунинг қадрият эканини тушунмаслиги мумкин”.
 
Йиғилиш тафсилотларини кейинги мақолаларда ўқишингиз мумкин. 
Қамариддин Шайхов,
“Qalampir.uz” интернет нашри раҳбари 

Теглар:Абдулла Арипов Умумхалқ хайрия ҳашари Қурбон ҳайити 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар