...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Истеъдод” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш борасида президент фармони имзоланди


11:07, 28.07.2017 Жамият
 2 181

Мазкур фармон истиқболли ёш педагог ва илмий кадрлар малакасини ошириш масалалари ечимига қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мизиёев “Истиқболли ёш педагог ва илмий кадрларнинг малакасини ошириш “Истеъдод” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонини имзолади.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони 

Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг амалга оширилиши давлат ва жамият қурилишини изчил такомиллаштиришни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш суръатларини жадаллаштириш, илғор инновацион ва илм-фан ютуқларига асосланган технологиялардан фойдаланган ҳолда замонавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга йўналтирилган ишларга янгича суръат берди. Бу муҳим мақсадлар юқори малакали мутахассислар, педагог ва илмий кадрлар тайёрлаш тизимини илғор хориж тажрибасини ўрганиш ва унинг энг яхши ютуқларини давлат ва жамоат тузилмалари, иқтисодиёт тармоқларида татбиқ этиш асосида жиддий қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш заруратини тақозо этади. 

Ўзбекистон иқтисодиётининг соҳа ва тармоқларини халқаро меҳнат бозорида юқори малакали ва рақобатбардош мутахассислар, педагог ва илмий кадрлар билан ўз вақтида таъминлаш бўйича ягона давлат сиёсатини самарали амалга ошириш, уларни магистратура ва PhD дастурлари, малака ошириш ва стажировка ўташ орқали тайёрлаш, етакчи чет эл таълим муассасаларида таълим олиш учун талабгорларни танлов асосида саралаш механизмларини такомиллаштириш, уларнинг меҳнат ва илмий-педагогик фаолияти мониторингини олиб бориш, шунингдек, юқори малакали чет эллик олимлар, ўқитувчилар ва мутахассисларни олий таълим муассасалари, қайта тайёрлаш ва малака ошириш марказларининг ўқув жараёнига кенг жалб этиш мақсадида: 

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрларнинг малакасини ошириш “Истеъдод” жамғармасининг номи “Ўзбекистон Республикаси Президентининг чет элда стипендиатларнинг малака ошириши, стажировка ўташи ва таълим олишини ташкил этиш “Истеъдод” жамғармаси” деб ўзгартирилсин (кейинги ўринларда – Жамғарма). 

2. Қуйидагилар Жамғарма фаолиятининг асосий вазифалари ва мақсадли йўналишлари этиб белгилансин: 

илғор илмий тадқиқотлар ва инновациялар, юқори технологияларнинг янги ютуқларида иштирок этиш, касбий билим, кўникма ва малакаларни замон талабларига ҳамоҳанг тарзда янгилаш, янги касбга, таълимга ва амалиётга йўналтирилган дастурларни ўзлаштириш мақсадида иқтисодиётнинг турли тармоқлари, давлат ва жамоат тузилмаларининг истиқболли мутахассислари, таълим муассасаларининг юксак интеллектуал-ижодий салоҳиятга эга бўлган педагог ва илмий кадрларини ривожланган давлатларнинг етакчи таълим ва илмий муассасаларида малакасини ошириш ва стажировка ўташини ташкил этиш; 

иқтисодиёт тармоқлари, давлат ва жамоат тузилмаларининг ҳозир ва келажакда юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжини инобатга олган ҳолда таъминлаш учун танлов асосида саралаб олинган олий таълим муассасаларининг иқтидорли битирувчиларини, шунингдек, республика иқтисодиёти тармоқларининг малакали кадрларини дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги етакчи таълим ва илмий муассасаларида магистратура ва PhD дастурлари бўйича тайёрлашни ташкил этиш; 

чет эллардаги нуфузли таълим ва илмий марказлар, халқаро ҳамда хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва изчиллик билан ривожлантириш орқали олий таълим муассасалари, шунингдек, раҳбар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тармоқ марказларининг ўқув жараёнларига юқори малакали хорижий олимлар, ўқитувчи ва мутахассисларни жалб қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш; 

вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларига улар томонидан чет элда малака ошириш, стажировка ўташ ҳамда магистратура ва PhD дастурлари бўйича таълим олишга тавсия қилинаётган номзодларни Жамғарма базасида дастлабки тайёрлашни ташкил қилишда кўмаклашиш; 

иқтисодиётнинг турли тармоқлари, давлат ва жамоат тузилмаларининг истиқболли мутахассислари, педагоглари, илмий кадрлари ва иқтидорли ёшларнинг илмий-педагогик ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, илғор халқаро тажрибаларни эгаллашлари учун уларнинг нуфузли халқаро симпозиумлар, анжуманлар, олимпиадалар ва танловларда иштирокини ташкил этиш; 

чет элда малака оширган ва стажировка ўтаган мутахассислар, илмий педагог кадрлар, шунингдек, магистратура ва PhD дастурлари бўйича таълим олганлар (кейинги ўринларда – стипендиатлар) ҳамда чет эллик мутахассислар иштирокида анжуманлар, семинарлар, маҳорат дарслари, тренинг ва бошқа тадбирларни ташкил этиш орқали илғор хорижий тажриба ҳамда замонавий педагогик технологияларни кенг жорий этиш ва оммалаштиришни таъминлаш; 

келажакда иқтисодиётнинг асосий тармоқларида, шунингдек, янги, истиқболли фаолият соҳаларида, шу жумладан, сифатли кадрлар ва ресурслар захирасини яратиш ва тегишли йўналишлар бўйича илмий-таълим жараёнларини ҳар томонлама рағбатлантириш орқали замонавий материаллар ва илғор технологияларни ишлаб чиқиш соҳасида энг юқори даражада самарали фаолият олиб боришларини таъминлаш мақсадида стипендиатларнинг ягона маълумотлар базасини шакллантириш; 

иқтисодиётнинг турли тармоқлари, давлат ва жамоат тузилмаларидаги республиканинг истиқболли мутахассислари, педагог ва илмий кадрларининг хорижда малака ошириш, стажировка ўташ ва таълим олиш натижасида эгаллаган замонавий илғор билим ва кўникмаларини уларнинг келгусидаги меҳнат, педагогик ва илмий фаолиятининг тизимли мониторингини олиб бориш орқали амалиётга жорий этилишини таъминлаш; 

стипендиатларни республика олий таълим муассасалари, раҳбар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказларининг ўқув жараёнларига изчил жалб этиш. 

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг чет элда стипендиатларнинг малака ошириши, стажировка ўташи ва таълим олишини ташкил этиш “Истеъдод” жамғармасининг Васийлик кенгаши таркиби 1-иловага мувофиқ; 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг чет элда стипендиатларнинг малака ошириши, стажировка ўташи ва таълим олишини ташкил этиш “Истеъдод” жамғармаси тўғрисидаги Низом 2-иловага мувофиқ; 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг чет элда стипендиатларнинг малака ошириши, стажировка ўташи ва таълим олишини ташкил этиш “Истеъдод” жамғармасининг ташкилий тузилмаси 3-иловага мувофиқ; 

Чет элда малака ошириш, стажировка ўташ ва таълим олиш учун номзодларни саралаш танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом 4-иловага мувофиқ; 

2017/2018 ўқув йилида чет элнинг етакчи таълим ва илмий муассасаларида педагог ва илмий кадрларнинг малака оширишлари ва стажировка ўташлари, олий таълим муассасалари битирувчиларини магистратура ва PhD дастурлари бўйича ўқитишнинг мақсадли дастури 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

Жамғарма Васийлик кенгашига тасдиқланган ходимлар сони доирасида Жамғарманинг ташкилий тузилмасига ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин. 

4. Қуйидагилар жамғарма фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин: 

стипендиатларнинг хорижий таълим ва илмий муассасаларда малака оширишлари, стажировка ўташлари ва таълим олишларини ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар – Жамғарманинг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ олий таълим муассасалари объектларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлашга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим ва тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси ресурсларининг 10 фоиздан кам бўлмаган миқдоридаги маблағлари ҳисобидан, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик ёрдамлари, халқаро молия институти ва хорижий ташкилотларининг грантлари; 

ходимлар иш ҳақи учун тўловларни ўз ичига олган Жамғарманинг жорий фаолияти ва унга юклатилган бошқа вазифаларни бажариш билан боғлиқ харажатлар – Жамғарма Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланган миқдорда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда республика олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари (тўлов-контракт) маблағларидан ажратмалар, шунингдек, хўжалик фаолияти ва шартнома асосида кўрсатилган хизматлардан келган тушумлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг беғараз ёрдамлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар. 

5. Жамғарма 2022 йил 1 январгача давлат мақсадли жамғармаларига солиқ тўловлари ва мажбурий йиғимлардан озод қилинсин. 

6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Жамғармага хорижий таълим ва илмий муассасалар билан алоқаларни йўлга қўйиш, стипендиатларга хорижий мамлакатларнинг визаларини олиш, консуллик рўйхатига киритиш, нотариал ва бошқа хизматларни кўрсатиш, уларнинг юборилган мамлакатда малака оширишлари ва стажировка ўташлари бўйича таълим мониторингини амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашсин. 

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси: 

чет элда малака ошириш, стажировка ўташ ва таълим олишга юбориладиган номзодларни танлаб олишни ташкил қилишда Жамғармага ҳар томонлама услубий ёрдам кўрсатилишини; 

Жамғарма томонидан чет элда таълим олган шахсларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатлари нострификациясини (эквивалентлигини қайд этиш) тўғридан-тўғри (махсус синовлар ўтказмасдан) амалга оширилишини таъминласин. 

8. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Жамғарманинг замонавий алоқа воситалари, жумладан, ҳукумат алоқаси ва кенг полосали интернет тармоғига уланишини таъминласин. 

9. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси Жамғарма томонидан тақдим қилинган рўйхатларга мувофиқ, ўрнатилган тартибда чегирмаларнинг мос тизимини қўллаган ҳолда чет элларга юборилаётган стипендиатларни авиачипталар билан ўз вақтида таъминласин. 

10. Жамғарма Тошкент шаҳри, Фурқат кўчаси, 171-уйда жойлаштирилсин. 

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 1 июлдаги “Истиқболли ёш педагог ва илмий кадрлар малакасини ошириш ва тажриба алмашув тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-3272-сонли Фармонининг 2, 3, 4, 9-бандлари ва 5-бандининг 2-хатбошиси ҳамда 1-4-иловалари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин. 

12. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин. 

13. Мазкур Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари У.С.Исмаилов ва А.Н.Юнусходжаев зиммасига юклансин. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   
Шавкат Мирзиёев

 
Тошкент шаҳри, 2017 йил 27 июль

Теглар:Фармон Истеъдод 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар