...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ёзувчи ва шоирлар Алишер Навоий ҳайкали пойини гулларга тўлдирдилар


17:09, 09.02.2017 Жамият
 2 150

Эл-юртга наф келтиришни олий саодат деб билган Алишер Навоийнинг инсонийлик, халқпарварлик, тинчлик ва осойишталик тараннум этилган асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган ва бу эзгу иш давом этмоқда.

Бугун, 9 февраль куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида буюк бобомиз таваллудининг 576 йиллигига бағишланган анъанавий тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.  
 
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, Будапешт университетининг туркология бўлими мудири, венгриялик навоийшунос олим Бенедек Пери, Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқитувчиси Динора Султонова ва бошқалар Алишер Навоий адабиёт, маънавият ва маърифат, тилшунослик равнақига улкан ҳисса қўшган серқирра ижодкор сифатида жаҳон олимлари томонидан катта қизиқиш билан ўрганилаётганини таъкидлади.
 
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов асос солган миллий ўзликни англаш, халқимиз, айниқса, ёш авлод маънавиятини юксалтириш, инсон омилига устувор аҳамият қаратиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар бугунги кунда изчил давом эттирилмоқда. Бу жиҳатлар буюк аждодларимизнинг бой маънавий меросини ўрганиш, кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бу йўналишда мукаммал тадқиқотлар олиб бориш, бебаҳо ижодидан халқимизни баҳраманд этишда яққол намоён бўлмоқда.
 
Навоий деганда ҳар биримизнинг қалбимиз чексиз фахру ифтихорга тўлади. Юртимизда ул зот ижодини пухта ўрганиш, асарларини қайта ва қайта, тўлиқ нашр этиш, уларда улуғланган ғоялардан ёш авлод тарбиясида кенг фойдаланиш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилгани миллий маънавиятимизни юксалтиришда, она тилимиз ва адабиётимизни янада ривожлантиришда, шоир меросидан халқимизни кенгроқ баҳраманд этишда янги имкониятлар очмоқда.
 
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг одамлар орзу-умидларига елкадош бўлиш, миллий адабиётимизга ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш, Миллий боғни янада обод этиш ва бу масканни чинакам адабиёт, маънавият масканига айлантириш борасидаги эзгу ташаббуслари Навоий асарларида улуғланган ҳаётбахш ғоялар билан ҳамоҳангдир.
 
Эл-юртга наф келтиришни олий саодат деб билган Алишер Навоийнинг инсонийлик, халқпарварлик, тинчлик ва осойишталик тараннум этилган асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган ва бу эзгу иш давом этмоқда.
 
Тадбирда Навоий ғазалларидан намуналар ўзбек ва инглиз тилларида ўқилди. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоир Мирпўлат Мирзо мутафаккир бобомизга бағишланган "Навоийга эҳтиром" шеърини ўқиди. "Ниҳол" мукофоти совриндори Илёс Арабов ижросида шоир ғазаллари билан куйланувчи ашулалар ижро этилди.
 
Анжуман иштирокчилари Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйди.
 
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов иштирок этди.

Теглар:Алишер Навоий ҳайкали 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар