...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ҳаммаси сумалак ҳақида ёхуд сумалакка тош ташлаб қилинган ният рўёбга чиқадими?


17:31, 19.03.2018 Жамият
 6 654

Кўпчилик ҳеч шубҳасиз сумалакни илоҳий таом деб билиб, бунинг моҳиятини диний тушунчалар ва ҳадислар билан тушунтиришга ҳаракат қилишади.

Баҳорнинг шоҳ таомларидан бўлмиш – сумалакни ҳамма суйиб истеъмол қилади. Чунки у ўз таркибида бир қанча дармондориларни, инсон жисмига қувват бахш этадиган хусусиятларни мужассам этган. Қолаверса, кўклам боши “илик узилди” палла эканини ҳисобга олиб, жисмонан тетик, бардам, серғайрат, бақувват ва соғлом бўлиш учун халқимиз азал-азалдан сумалак қилишга одатланган.

Кўпчилик ҳеч шубҳасиз сумалакни илоҳий таом деб билиб, бунинг моҳиятини диний тушунчалар ва ҳадислар билан тушунтиришга ҳаракат қилишади. Хўш, бу қанчалик ҳақиқат? Бунинг маъноси билдирилган мақола Ўзбекистон Мусулмонлар идораси расмий сайтида эълон қилинди.



Мақолада сумалакни диний саводсизлик туфайли муқаддас таом сифатида ардоқлаш ва тайёрлаш жараёнини ибодат даражасига кўтариш ёки мазкур ҳолатни илоҳийлаштириш ҳолатларига шарҳ берилган.
 
Масалан, одамлар орасида сумалакнинг пайдо бўлиш тарихи ҳақида ҳар хил тўқималар, “ҳадис”лар тарқалгани, шундай воқеалардан бири – сумалак аслида “семалак”, яъни “уч фаришта” деб аталиб, уни Фотима (розияллоҳу анҳо) ўғиллари Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн (розияллоҳу анҳумо) лар учун тайёрлаб бергани ҳикоя қилинади.
 
Ёки она уйда ҳеч вақо йўқлиги боис ўчоққа ўт ёқиб, қозонга сув солиб, уни қайнатиш жараёнида кавлаб тургани ва ўғилларини тинчлантириш учун қозондан шақур-шуқур товуш чиқиб турсин, деб бир неча тошни ҳам ташлагани айтилади. Она ҳам, болалари ҳам толиқиб уйқуга кетгач, осмондан учта фаришта тушиб, қозонга сумалак учун ишлатиладиган барча масаллиқларни солиб, уни тайёрлашгани, эрта тонгда эса она-болалар уйғониб, тайёр сумалакни истеъмол қилишгани ҳам тилдан-тилга ўтиб келади.
 
Мақолада ҳеч қандай ҳадис ёки асос билан далилланмаган мазкур ривоят аслида тўқима эканлиги, амалда сумалак барча таомлар каби оддийгина баҳорий таомлиги, унинг бошқа таомлардан ҳеч қандай муқаддаслик ва устунлик жиҳати йўқлиги ва унинг таркибидаги мавжуд хусусиятлар бошқа таомларда ҳам борлиги қайд этилган.
 
Шунингдек, мақолада сумалакни тайёрлаш жараёни ва унинг қанчалик илоҳийлик касб этиши қуйидагича аниқлаштириб берилган:

“Сумалакни тайёрлаш жараёнида ўзига хос талаблар, масалан, аёл-қизларнинг узрли бўлмасликлари, сумалакка маълум ададдаги тошларни ташлаш ва уни кавлаш жараёнида бўладиган ҳар хил эътиқодий адашишлар (алоҳида ният қилиш, шу пайтда қилинган ниятларнинг рўёбга чиқиши, орзу-ҳавасларнинг амалга ошиши, турмушга чиқмаган қизлар бўлса, бахти очилиши, бефарзандларнинг бола кўриши, аразлашиб қолганларнинг ярашиши, сумалакнинг устки қисмида қандайдир сурат, шакл ва ёзувларнинг пайдо бўлиши, яна булардан ташқари қанчадан-қанча бидъат-хурофотлар), ҳаттоки сумалакка қараб туриб фол очиш ҳолатлари ҳам пайдо бўлаётгани ниҳоятда ачинарлидир.


 
Аслида ният рўёбга чиқиши учун қайсидир таомга тош ташлашда ҳеч қандай мантиқ йўқ. Бу таом тагига олмаслиги учун қилинадиган бир амал, холос. Ахир, умри давомида бирор қозонга тош ташламаган, бироқ кўплаб нияти рўёбга чиққан кишилар жуда кўп”.

Шунингдек, мақолада сумалак миллий таои эканлиги, уни тайёрлаш жараёнини исрофгарчиликка йўл қўймай, бидъат ва хурофотлардан тийилган ҳолда аҳллик ва иноқлик билан ташкиллаштириш таъкидланган.
Икром Раҳмон

Теглар:сумалак 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар