...
МЕНЮ
ONLINE TV

Умид Аҳмаджонов Қашқадарёда иккита директорни ишдан бўшатди


18:55, 30.06.2018 Жамият
 4 390

Спорт фаоллари иштирок этган йиғилишда Қашқадарё спортида рўй бераётган ҳолат, юзага келган муаммо ва камчиликлар кўриб чиқилди.

Аввалроқ, Миллий олимпия қўмитаси президенти ва ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қашқадарё вилоятида эканлиги ҳақида хабар берган эдик.
 
Аҳмаджонов бошчилигидаги делегация сафар давомида “Мурувват” болалар уйи, Қарши шаҳар олимпия захиралари мактаб-интернати, янги қурилаётган спорт иншооти, кўптармоқли сузиш ҳавзаси, “Марказий” стадиони, “Насаф” клуби базаси ва академиясида бўлди.
 
Куннинг иккинчи қисмида вилоятда спорт масалаларига бағишланган катта йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси Матбуот хизмати хабар берди.
 
Вилоятнинг спорт фаоллари  иштирок этган йиғилишда Қашқадарё спортида рўй бераётган ҳолат, юзага келган муаммо ва камчиликлар кўриб чиқилди.
 
“Спортимизни, Ўзбекистон байроғини Олимпия ўйинларида энг юқори чўққиларга кўтаришимиз керак. Барчамиз ҳамжиҳатликда, ака-ука бўлиб ишламасак, ўзаро бир-биримизни қўллаб-қувватламасак, бир ёқадан бош чиқармасак, мақсадимизга етиша олмаймиз. Айниқса, полвонлар юрти Қашқадарё вилояти спортчилари ёрдамида Олимпиадаларда кўплаб олтин медалларни қўлга киритишимиз мумкин. Яккакурашлар бўйича қанчадан-қанча полвонлар бор бу ерда. Уларни тўғри йўналтириб, самарали фойдаланмасак бўлмайди” дея сўз бошлади Умид Аҳмаджонов.
 
Йиғилиш танқидий рухда ўтди. Унда юзага келган кўплаб муаммолар ҳақида маълумот берилди.
 
Аниқроғи, Қарши олимпия захиралари мактаб-интернатида ишни ташкил қилишда кўплаб камчиликларга йўл қўйилган. Мактаб-интернат тизимидаги методистлар малакасиз ва спорт турларини мукаммал билмайди. Спортчиларнинг овқатланиш жараёнида сусткашликларга йўл қўйилган. Бунинг натижасида улар ўзлари учун етарли калорияга эга бўла олмаганлар. Табиийки, бу натижаларга ўз таъсирини кўрсатган. Бундан ташқари, мактаб диетологи ўз соҳасини яхши ўзлаштирмаганлиги, шунингдек, кураш, бокс, енгил атлетика, волейбол, дзюдо мураббийлари малакаси чемпионларни тарбиялаш учун камлик қилиши таъкидлаб ўтилди. Шу ва бошқа сабаблар туфайли мактаб-интернати директори Шоди Намозов ўз лавозимидан озод этилди.


 
Шунингдек, 2001 йилдан бери фаолият олиб бораётган  “Қарши ихтисослаштирилган Олимпия захиралари мактаб-интернати сув хавзаси” директори Шавкат Ғаниев ўзи бошқараётган спорт иншооти ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмаслиги, вақтида терма жамоага номзод бўлган сузувчиларга бассейн хизматини шартнома асосида тақдим этгани ҳақида маълумотлар чиқди.
 
Спортчилар манфаатига хизмат қилиши лозим бўлган объектларда бу каби раҳбарнинг фаолият олиб бориши хато деган хулосага келинди ва Шавкат Ғаниев ҳам йиғилишнинг ўзида эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Афтидан, давлат томонидан қурилаётган спорт иншоотлари терма жамоага номзод спортчилар ихтиёрига бепул топширилиши кераклиги унутиб кўйилган кўринади.
 
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Умид Аҳмаджонов бошчилигида ўтказилган Тошкентдаги видео селектор йиғилишида Тошкент вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Раҳмат Тиллаевнинг камчиликларга йўл қўйгани ва ўз вазифасига масъулиятсиз ёндошгани учун йиғилишнинг ўзида лавозимидан озод этилган эди.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Умид Аҳмаджонов Қашқадарё 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар