...
МЕНЮ
ONLINE TV

Эски ҳаммом, эски тос! Қашқадарёда 10-11-синф ўқувчиларига касбий таълим бериш қониқарсиз аҳволда


20:41, 23.01.2019 Жамият
 8 214

10-11-синф ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари фаолияти ўрганилмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан Республиканинг барча ҳудудларидаги умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синф ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари фаолияти ўрганилмоқда.
 
Инспекция Қашқадарё вилоятида олиб борилган ўрганиш натижаларидан айрим маълумотларни тақдим этди. Дарслар вақтида ташкил этилган, касб-ҳунарга йўналтириш учун барча шарт шароитлар яратилган. Қоғозда, ҳужжатларда ҳаммаси яхши. Аммо реал ҳолат аслида сал бошқачароқ, деб таъкидлаган инспекция.
 
Давлат инспекцияси томонидан ўрганишлар натижасига кўра, Яккабоғ туманидаги 58-умумтаълим мактабида дарс жадвали бўйича ташкил этилган ўқув ишлаб чиқариш мажмуасига 80-умумтаълим мактабидан машғулотларга келиши режалаштирилган жами 51 нафар ўқувчидан 43 нафари келмаган.
 
“Тикувчилик” касби бўйича давомат 57 фоиз, “Қандолатчи” касби бўйича давомат 25 фоизни ташкил этса, “Маиший хизмат” касби бўйича касб ўргатувчининг ўзи (уста Р.М) ишга келмаган. “Қандолатчи” касби бўйича машғулотлар олиб борувчи уста М.Ж. хомашё материаллари йўқлиги сабабли машғулотларни ўтказмаётганлигини маълум қилди.
 
“Тикувчилик” касби бўйича уста М.Н. ўтказаётган машғулотларда фойдаланилаётган 4 та эски “Чайка-34” русумли тикув машинкаларидан 1 таси ишлайди холос. 58-умумтаълим мактабида ташкил этилган ўқув ишлаб чиқариш мажмуасидаги “Тикувчилик”, “Қандолатчи”, “Маиший хизмат” касблари бўйича бирорта хона жиҳозланмаган,  машғулот ўтказувчи усталар (М.Ж., М.Н., Р.М. )нинг “Ўқув дастури”,  “Тақвим мавзу режаси” ва бошқа талаб қилинган ўқув меъёрий ҳужжатлари талаб даражасида шакллантирилмаган.
 
Яккабоғ озиқ-овқат саноати ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида 2 та касб бўйича (компьютер оператори ва ҳисобчи) ўқув ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил этилган бўлиб, тумандаги 100, 77-сонли мактаблар ва 14-ДИМИнинг жами 192 нафар 10-11-синф ўқувчилари қамраб олинган.  Мазкур таълим муассасасида ташкил этилган касбий таълимда дарс жадвали бўйича 100-сонли умумий ўрта таълим муассасаси ўқувчилари “Компьютер оператори” касби бўйича мажмуада ўқитилиши белгиланган бўлсада бирорта ҳам ўқувчи келмаганлиги, ҳатто машғулот олиб борадиган ўқитувчи А.Н.нинг ўзи ишга келмагани ва синфхона эшигига қулф осиб қўйилгани маълум бўлган.
 
Яккабоғ қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида 5 та касб бўйича (“Компьютер оператори”, “Шина монтаж”,  “Тикувчилик”, “Қандолатчилик”, “Ҳисобчи”) ўқув ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил этилган бўлиб, тумандаги 75, 83, 2, 21, 14-сонли мактабларнинг жами 583 нафар 10-11-синф ўқувчилари қамраб олинган. Мазкур таълим муассасаси дарс жадвалида 21-сонли умумий ўрта таълим муассасаси ўқувчиларига мажмуада ўқитилиши белгиланган ўқувчилар 2 соат ўқитилиб уйга жавоб бериб юборилган,  шунингдек машғулот олиб борадиган ўқитувчилар Б.О. ва Р.М.нинг тақвим мавзулар режалари тасдиқланмаган.
 
Қашқадарё вилояти Косон туманидаги 22-умумтаълим мактабида “Полизчилик” касби бўйича машғулот олиб бориладиган хона касбга мос жиҳозланмаган,  машғулотлар“Информатика” ўқув хонасида олиб борилмоқда. Энг ачинарлиси машғулот олиб борувчи усталар “Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини жиҳозлаш учун талаб этиладиган асбоб-ускуналар ва жиҳозлар рўйхати”ни билмайди, амалдаги қарордан мутлақо бехабар.  Мактабда ташкил этилган ўқув ишлаб чиқариш мажмуаси ўқув режасига мувофиқ белгиланган муддатларда ишлаб чиқариш амалиётларини ҳудуддаги корхона ва ташкилотлар ўтказиш учун, мактаб туман марказидан 65 км., вилоят марказидан 85 км узоқликда жойлашганлиги учун ҳамкорликни йўлга қўйиш, тегишли амалиёт шартномаларини имзолаш борасида ҳанузгача бирорта иш қилинмаган.
 
Кўриниб турибдики, мактабларда тегишли касб бўйича бирорта жиҳозланган хона, машғулот ўтказувчи усталарнинг талаб даражасидаги ўқув-меъёрий ҳужжатлари мавжуд эмас.  Шундай экан, масофаси 3,5-4 км бўлган бир мактабдан бошқасига бориб касб-ҳунар ўрганмоқчи бўлган ўқувчининг касбий таълимга йўналтиришдан нима наф? Мактаблардаги мутасаддилар бунга қандай қарайди?
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:таълим Қашқадарё вилояти 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар