...
МЕНЮ
ONLINE TV

Туркия иқтисодиёт вазири: “Афғонистондаги беқарорликни ҳеч қайси мамлакат ёлғиз ҳал қила олмайди”


16:21, 10.11.2017 Жамият
 2 442

Туркия Республикаси иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчи ҳам конференцияда сўзга чиқди ва Афғонистон масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Яна Самарқанддан алоқага чиқяпмиз!
 
Ҳаво бироз салқин, шунга қарамай қуёш чарақлаб турибди...
 
Форумлар саройидаги ҳарорат эса ташқаридагидан анча “қайноқ”. Айни дамда бу ерда асрларга татигулик учрашувлар ўтказилмоқда, халқаро даражадаги масалалар муҳокама қилинмоқда!
 
500 дан зиёд хорижий иштирокчилар — сиёсатчилар, халқаро ташкилотлар, элчихоналар, дипломатик корпус вакиллари ва 12 давлатдан 40 дан ортиқ ОАВ ходимлари, 100 дан ортиқ маҳаллий ОАВлар вакиллари жам бўлган “Марказий Осиё: Ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференция дақиқа сайин қизғин тус олмоқда.
 
Аввалроқ, дунёнинг таниқли сиёсат арбоблари, хорижий мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари конференцияда нутқ сўзлаганлари ҳақида хабар берган эдик. Жумладан, Туркия Республикаси иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчи ҳам конференцияда сўзга чиқди ва Афғонистон масаласига алоҳида эътибор қаратди:
 
“...Марказий Осиё минтақасини Турк Ислом цивилизацияси пайдо бўлган ва ривожланган замин деб биламиз. Минтақадаги барча халқларлар бир-бирини яқин қардош деб ҳисоблайдилар. Боиси, жўғрофий жиҳатдан келиб чиқишимиз умумий бўлган. Келажагимиз ҳам умумийдир. Шу сабабли, ҳамкорлигимизни давом эттиришда келажак авлод олдида масъулмиз. Ҳамкорлик фақатгина террорчилик, экстремизм, уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, миграцияни бошқариш билан чегараланиб қолмаслиги керак. Афғонистондаги беқарор вазиятни минтақада жойлашган барча мамлакатлар ҳамкорлигида ўзаро музокаралар орқали ҳал қилиш мумкин. Ҳеч қайси мамлакат ёлғиз ўзи бу муаммони ҳал қила олмайди. Шундан келиб чиққан ҳолда, ушбу конференцияда иштирок этаётган барча мамлакатларнинг ташаббусларини мамнуният билан қўллаб-қувватлаймиз”.
 
Нихат Зейбекчи 2009 йилда Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон давлатлари иштирокида Турк давлатлари кенгаши тузилганлиги, бу Кенгаш террорчиликка қарши курашиш масалаларидан бошлаб, туризм ва таълим соҳаларигача ҳамкорлик олиб боришини таъкидлади.
 
“Бу йил биз Марказий Осиё мамлакатлари мустақиллигининг 26 йиллигини нишонладик. Шу вақт мобайнида мамлакатлар улкан ривожланиш кўрсаткичларига эришдилар. Ўтган 25 йил ичида Туркия Марказий Осиё давлатлари билан икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш борасида иш олиб борди. Сўнгги йилларда жаҳонда энергия ресурсларининг нархлари тушиб кетишига қарамасдан, ўзаро ҳамкорлик яхши натижаларни берди. Жумладан, 2016 йилда Туркия Марказий Осиё мамлакатларига 3 миллиард долларлик маҳсулотлар экспорт қилди. Марказий Осиё мамлакатларидан эса Туркияга 2,5 миллиард долларлик маҳсулот ва хизматлар импорт қилинди.
 
Туркия иқтисодиётнинг турли тармоқларига инвестициялар киритиши натижасида Марказий Осиё давлатларида янги иш ўринлари очилмоқда. Турк қурилиш пудратчи компаниялари томонидан шаҳарчалар, аэропортлар, магистрал йўллар, меҳмонхоналар барпо этилмоқда.
 
Минтақавий ҳамкорликнинг энг кўзга кўринган маҳсули — бу 2013 йил октябрь ойида Баку–Тбилиси–Карс магистрал йўлининг очилиши бўлди. Бу 836 км темирйўл Туркиянинг Анатолий шаҳрини Осиёнинг бошқа қисми билан боғлайди. Бу лойиҳа минтақада Буюк ипак йўлини тиклашга хизмат қилади. Туркия Марказий Осиёни Европа билан ўзига хос боғловчи кўприк бўлади”, дейди Зейбекчи.
 
Туркия Республикаси Иқтисодиёт вазири нутқининг якунида Марказий Осиё жаҳон ташқи савдосининг муҳим тармоғи эканлиги, Туркия келгусида фуқаролар ва маҳсулотларни эркин ҳаракатини таъминлаш бўйича Хитойнинг автомобиль йўл қурилиши борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлагани ва меморандум имзоланганини айтиб ўтди.
Қамариддин Шайхов

Теглар:Самарқанддаги конференция Нихат Зейбекчи Ўзбекистон–Туркия 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар