...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тошкентликлар йўллардаги реконструкция ишларидан миннатдор


12:28, 21.06.2016 Жамият
 3 990

Шаҳар бўйлаб олиб борилган қурилиш ва таъмирлаш ишларидан ҳайдовчилар миннатдор. Йўллар текис ва равон, узоғимиз яқин бўляпти.

Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги байрамининг 25 йиллиги ҳамда 23-24 июнь кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг саммити олдидан бутун республикада, хусусан, Тошкент шаҳрида кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Аслида мамлакатимиз Истиқлолга эришган илк йилларданоқ, шаҳарларнинг инфротузилмасини тубдан ислоҳ  қилиш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш, янги уйлар, ўқув масканлари, боғлар, аҳолига хизмат кўрсатиш марказлари, йўллар барпо этиш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилди.
 
Биргина кўприклар мисолида олиб қарайдиган бўлсак, Истиқлолгача Тошкент шаҳридаги кўприклар сони бор-йўғи 12та бўлган бўлса, ҳозир уларнинг сони 38тани ташкил этяпти. Тез орада улар сони яна 3тага ортиши кутилмоқда. Янги кўприклардан бири Муқимий ва “Оқтепа” кўчаларини боғласа, иккинчиси бир вақтнинг ўзида Лутфий, “Самарқанд дарвоза”, Байналмилал ва Муқимий кўчаларидан қатнайдиган транспортларга хизмат кўрсатади. “Бунёдкор” шоҳ кўчаси ва Муқимий кўчаси кесишувидаги Муқимий ва Шота Руставели кўчалари туташган чорраҳада қуриладиган янги кўприкдан эса Нукус кўчасига элтадиган 1 километрлик йўл қурилади.
 


Ўтган йили фойдаланиш топширилган Себзор даҳасидаги янги кўприк эса тошкентликлар учун ажойиб совға бўлган эди. Янги, замонавий кўринишга эга кўприк бугун Тошкент кўркига кўр, чиройига чирой қўшиб турибди.
 
2015 йили Эски шаҳар қисмида 5,1 километр узунликдаги Нурафшон кўчаси қурилди. Текис ва равон Нурафшон кўчаси бугун ҳайдовчиларнинг узоғини яқин қилмоқда. Унинг очилиши автотранспорт воситаларининг шаҳар марказида ҳаракатланишини анча енгиллаштирди. Илгари “Беруний” метро бекатидан шаҳар марказига машинада 20 – 25 дақиқа йўл юрилган бўлса, ҳозирги пайтда бу вақт бор-йўғи 6 – 7 дақиқани ташкил этмоқда
 

 
Нурафшон кўчаси атрофида пана-пастқам уйлар ўрнида замонавий ва қулай, осмонўпар кўп қаватли уйлар барпо этиляпти. Ўз  ўрнида таъкидлаш жоизки, уйлар бир, икки, уч ва тўрт хонали қилиб қурилган. Хонадонлар – кенг ва ёруғ. Масалан, икки хонали уйнинг умумий майдони 70 – 80, уч хоналиники 90 – 100 квадрат метрни ташкил этади. Шифтларнинг баландлиги 3 метр бўлиб, бу уларнинг баҳаво бўлишини таъминлайди. Меҳмонхона, ётоқхона, болалар хонаси, ошхона, ювиниш хонаси – яшаш ва фойдаланиш учун ҳар томонлама қулай.  Юртбошимизнинг тавсиясига биноан, ҳар бир уйнинг биринчи қаватида кексалар учун мўлжалланган бир хонали квартиралар ва уларнинг рўпарасида фарзандлари учун 3 – 4 хонали хонадонлар қурилган.


 


Бугун ижтимоий тармоқларни кузатиб, одамлар билан мулоқот ўрнатар экансиз, кўпларнинг Тошкент шаҳрида олиб борилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишларидан мамнун эканини англайсиз. Бундан бир неча ой аввал Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов ОАВ вакиллари билан учрашувда “Тошкент аҳолисининг олдидаги энг катта қарзимисиз – бу асфальт масаласи”, деб тез орада мавжуд камчиликларнинг ўрни тўлдирилишини ваъда қилган эди. Ҳоким ваъдасининг устидан чиқди. Айни дамда ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари кун сайин чирой очиб бораётган Тошкент шаҳрининг суратларини тармоққа жойлаштириб, йўлларнинг равон ва текис бўлгани, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари жадал суратлар билан олиб борилаётгани ва бу аҳоли турмуш даражасини янада оширишга катта хизмат қилишини айтишмоқда.
 


“Миннатдорман! Аввалари ишга боришим учун бутун шаҳарни айланиб чиқишимга тўғри келарди. Чилонзор оқтепаси ва Нурафшон кўчасини боғловчи йўл қурилаётгани мен каби бошқа ҳайдовчиларни ҳам хурсанд қиляпти”, дейди тармоқ фойдаланувчиларидан бири. Яна бир фойдаланувчи эса Тошкент шаҳри марказидаги йўлларнинг асфальт қилингани, йўл чизиқлари чизилгани, бунинг ҳисобига йўллар кенгайиб, тирбандлик камайгани, текис ва равон йўлда ҳаракатланиш, ҳайдовчиларни роҳатлантираётганини айтиб, бу ишларга бош-қош бўлганларга миннатдорчилик билдирмоқда.
 
Умуман олганда, бугун нафақат Тошкент шаҳрида, балки республикамизнинг энг чекка ҳудудларида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларидан ҳам фахрлансак арзийди. Йўллар, бинолар, замонавий турар-жой бинолари халқимизнинг бунёдкорлигидан далолат. 
Қамариддин Шайхов

Теглар:Нурафшон кўчаси Тошкент шаҳри Йўллар Кўприк 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар