...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тошкентда “сув париси” туғилди...ми?


14:33, 27.01.2016 Жамият
 21 667

Бир неча кун олдин Telegram мессенжери орқали “Ўзбекистонда “сув париси” туғилибди” деган хабар яшин тезлигида тарқалди. Хабарга айни таърифга ўхшаб кетадиган гўдакнинг сурати илова қилинган...

Техника ва информацион алоқалар ривожлангани сайин, одамларда ўзаро янгилик алмашиш истаги кучаймоқда. Кўпчилигимиз Telegram хизматидан фойдаланамиз, у орқали турли фойдали гуруҳларга аъзо бўлганмиз. Бир неча кун илгари, Telegram орқали “Тошкентда сув парисини эслатувчи қизалоқ туғилибди” деган хабар билан бирга, эндигина туғилган, аммо танаси сув парисини эслатувчи гўдакнинг сурати тарқалди.



Гарчи фотосуратлар бўйича мутахасссис бўлмасамда, у йўргакланган мато бизда ҳам кенг қўлланиладиган матолардан бирига ўхшайди. Шундай бўлса-да, бу чақалоқнинг ҳақиқатан ҳам бизда, Ўзбекистонда туғилганига ҳеч бир далил топилмади. Аммо у ҳақида маълумот излаш давомида сув париси кўринишида туғиладаган болалар ҳақидаги кўплаб қизиқарли фактлар ва ҳикояларни учратдик.
 
Сув париси, рус тилида “русалка” деб юритилувчи эртак қаҳрамонлари сифатида асосан фольклёр жанридаги адабиётларда кўп учрайди. Одатда улар иштирок этадиган эртак ёки ҳикоялар кемаларнинг денгизга ғарқ бўлиши, сув тошқинлари ёки қаҳрамонларнинг сувда чўкиши билан боғлиқ бўлади.
 
Тарихда минглаб олимлар ўзаро “сув парилари бор” ёки  “сув парилари йўқ” деган баҳсни олиб боришган. Табиатда кўриниши сув парилариникини эслатувчи кўплаб мавжудотлар, балиқлар, балиқсимон денгиз махлуқлари топилган. Бу факт!
 
Табиатда инсонларнинг сув парисига дуч келган ҳолатлари табиийки денгиз, океан, кўл ва бошқа сув билан боғлиқ жойларда содир бўлган.

Россия, Байкал кўли, 1982 йил
 


1982 йили Байкал кўлида ҳарбийларнинг сузиш бўйича машқлари вақтида кўл тубига 50 метр чуқурликкача тушган ҳарбийлар бир неча бор узунлиги тахминан 3 метр келадиган баҳайбат сув парилари билан тўқнаш келишган. Ҳарбий қўмондон уларнинг бирини тутиш истагида тўр ташлашга буюргандан сўнг, ҳарбийлар буйруқни бажариш учун тўр ташлашга чоғланишган. Нарироқда сузиб кетаётган сув париси томондан катта куч билан келган тўлқин уни тутиш учун сув остига тушган ҳарбийларнинг барчасини сув юзига улоқтириб юборган. Бу кучли тўлқин оқибатида ҳаво етмаслиги сабаб ҳарбийлар касалликка чалинишган. Уч киши бир неча кун ўтгач вафот этган. Қолганлар эса ногирон бўлиб қолган.
 
АҚШ, Флорида, 1992 йил
 
1992 йилнинг август ойида Флоридадаги Ки-Бич қишлоғи балиқчилари орол яқинида ярми инсон, ярми тюлен танасини эслатувчи бир қанча мавжудотларни кўришади. Аммо балиқчиларнинг келаётганини сезган мавжудотлар сувга қайтишади ва кўздан ғойиб бўлишади. Балиқчилар уларнинг бирортасини тутиш илинжида тўр ташлашади, аммо бир неча дақиқадан сўнг сувдан кўтарилган тўрнинг кўплаб жойлари кесилганини кўришади холос.
 
Мексика, Веракус штати, 2014 йил

 
2014 йилнинг октябрь ойида Мексиканинг Веракус штатида шу вақтчага топилган сув парилари ичида одамзотга жуда ўхшаш сув парисининг жонсиз танаси топилган. Унга шартли равишда “Ариэль” деб исм беришган. Тарқатилган баъзи маълумотларга кўра,  ушбу сув париси “Кариб денгизи қароқчилари” фильмининг 4 қисмини суратга олиш ишларида фойдаланилган резина реквизит бўлиб чиққан. Фильм 2011 йилда сув устида суратга олингач, сув париси сирли равишда йўқолиб қолган. Унинг нима учун айнан 2014 йили топилгани ҳали ҳамон сирлигича қолмоқда.

Сув парисини ўз кўзи билан кўрган гувоҳлар эса Мексика ҳукумати сув париси устида текширув ўтказиш учун ҳам шундай воқеани ўйлаб топди, аслида сув париси ҳақиқий эди, деган фикрни билдиришган. Табиатда бундай мисолларни юзлаб, ҳатто минглаб келтириш мумкин...
 
Буларнинг ҳаммаси сув парилари ҳақидаги маълумотлар, табиат тилсимлари... аммо буни қарангки, ҳаётда, биз яшаб турган ана шу оламда, инсонлар орасида ҳам сув парилари бор экан. Аслини олганда, бу сув парилари “сув париси синдроми” касаллиги билан туғилган болалардир. “Сув париси синдроми”нинг фандаги номи “сиреномелия” бўлиб, у лотин ҳамда грек тилидаги “сирена” – тана қисми маъносини англатади.
 
Афсуски, охири ўлим билан якун топувчи бу касаллик оёқ суякларининг бир-бири билан ўралиши, бирлашиб кетиши ёки оёқ суяклари алоҳида бўлишига қарамай терининг бирлашиб кетиши билан характерланади. Статистик маълумотларга кўра, ер юзида туғиладиган болаларнинг ҳар 60.000 тасидан бири ана шундай синдром билан дунёга келади. Бир тухум ҳужайрали эгизаклар орасида эса бу ҳолат 100 марта кўпроқ учрайди. Бирлашиб кетган оёқ суяклари худди сув парисининг думини эслатувчи кўринишда бўлади. “Сув париси синдроми”нинг келиб чиқиши орқа миядаги ўзгаришлар, қон томирлардаги қон оқимини бир маромда ушлаб турувчи пардадаги аномалия билан боғлиқ.
 


Ҳомиладорликда, ўсаётган бола қон томирларида юз берган ўзгариш туфайли киндик ўқида иккита артерия ўрнига битта артерия пайдо бўлади. Натижада бола организмидаги қон алмашинувида ўзгаришлар содир бўлади. Танасининг пастки қисмларига етиб бормаган қон ва фойдали элементларнинг йўқлиги сабабли, оёқ суяклари қийшаяди, ўзаро буралиб ўсади ёки бирлашиб кетади. Баъзан она қорнидаги боланинг киндигида иккита қон томири ривожланган бўлиши мумкин, аммо уларнинг бири керакли миқдордан кам қон ҳайдайди ёки умуман бу вазифани бажармайди. Олимлар ана шу икки қон томиридаги ўзгариш қай сабаб билан бундай даҳшатли ҳолатга сабаб бўлиши мумкинлигини тўлиқ ўргана олишмаган.

Соғлом болаларда киндиқ ўқи таркибида иккита қон артерияси ривожланади. Уларнинг бири бола организмига қон ҳайдаса, иккинчиси бола организмидан йўлдош томонга ҳайдайди ва шу орқали боланинг танаси қон ва бошқа керакли витаминлар билан озиқланади.
 
Бундай аномалия пайдо бўлган болаларнинг 50 фоизи она қорнидалигидаёқ нобуд бўлади ёки ўлик туғилади. Вақти соати етиб туғилганлари ҳам буйрак ва сийдик қопи етишмовчилиги, ошқозон ичакнинг ривожланмаганлиги, орқа тешикнинг йўқлиги, жинсий аъзоларнинг йўқлиги, сийдик йўлининг мавжуд эмаслиги туфайли бир-икки кундан ортиқ яшай олмайди. Қон етишмовчилиги туфайли бу болаларнинг тана аъзолари, органларида турли ўзгаришлар содир бўлади.
 
Илк бор 1961 йилда қайд этилган бу касалликда оёқ суяклари алоҳида ўсган, аммо юмшоқ тўқималар ва тери ўзаро бир бутун кўринишни касб этган ҳолатлар ҳам учраган. Албатта бундан аввал ҳам шундай болаларнинг туғилганига шубҳамиз йўқ, бироқ фанда бу болалар ҳақида 1961 йилда илк қайдлар пайдо бўлган. Тадқиқотчилар уларнинг аксарияти ўғил болалар экани айтишган. Шунга қарамай улар орасида ҳам жарроҳлик амалиёти орқали соғлом одамлар қаторига қўшилганлари бор. Аммо улар миллионлар ичида битта.
 
Шайло...


Ана шундай ҳолатлардан бири сифатида 1999 йили дунёга келган Шайло Пепинни келтириб ўтиш мумкин. Шайлонинг ота-онасига у 4 кун ҳам яшай олмаслиги ҳақида айтишганди. Аммо у 10 йилгача шу касаллик билан яшаган. Шайло актриса ва заргар бўлиш орзусида эди. Унинг 10 ёшга етгани ўз вақтида катта шов-шувга сабаб бўлган ва Шайло АҚШнинг барча телекўрсатувларида, радиоларида интервью берган.  Унинг ота-онаси қизларини бошқалардан кам кўрмай бир қанча тўгаракларга беришган эди. Шайло шамоллаш туфайли 2009 йилнинг 26 октябрида вафот этган. Қизалоқнинг доимий равишда қабул қилиши лозим бўлган дорилари касалликни кучайтириб юборган ва шамоллашнинг ўпкага ўтиши оқибатида жон берган.
 
Милагрос...


2004 йилнинг 27 апрелида Перуда “сув париси синдроми” билан қизалоқ дунёга келди. Унга Милагрос деб исм беришди. Милагрос Церрон синдромдан ташқари буйрак, овқат ҳазм қилиш, сийдик ҳайдаш ва жинсий органларнинг етарли даражада ривожланмаган ҳолатда туғилган. Айтиб ўтганимдек, бундай болалар орасида 1 ҳафта яшаганлари жуда кам, аммо Милагрос дунёда шундай синдром билан туғилган ва яшаб кетган иккинчи инсон бўлди.

2005-2006 йилларда Луис Рубио бошчилиидаги жарроҳлар бир қатор таҳлил натижаларидан сўнг Милагросни операция қилишди. Суяклари бир-биридан ажратилган қизалоқ, худди бошқа болалар каби юриб кета олди. Айтилишидан осон туюлган бу жарроҳлик амалиёти бир неча соат давом этган. Ўртасидан ажратилган оёқларнинг таг қисмига улар янада яхши ажралиши ва кейинчалик қизалоқда юришга имкон бўлиши учун махсус селикон жойлаштирилди. Ҳар икки оёққа тегишли бўлган томирлар ажратилди, оёқ орасидаги тери қопламалари эса косметик тарзда тикилди. Муваффақиятли ўтган жарроҳлик амалиётидан бир неча ҳафта ўтиб, қизалоқ илк қадамларини ташлай бошлади. Аммо бу ҳали бошланиши эди. Эндиликда унинг ички органлари устида ҳам кўплаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш масаласи турибди.
 
Тиффани...


Тиффани Йорк 1988 йилнинг 7 майида дунёга келган. Тиффанида “сув париси синдроми”дан ташқари юрак пороги ва буйрак билан боғлиқ касаллик ҳам аниқланган.

Бу қизалоқни операция қилиш учун юз минглаб АҚШ доллари миқдоридаги маблағ лозим эди, аммо Тиффанининг барча жарроҳлик амалиётлари бепул ўтказилган. У ҳам худди Милагрос каби бир қатор операцияларни бошдан кечирган. Шифокорлар Тиффани бутунлай соғлом ўпка билан туғилгани учун ҳам барча операцияларни “кўтара олди” деб ҳисоблашади. Айни вақтда у 28 ёшда.
 
Тиббиётда, хусусан фанда ҳам сиреномелия касаллигининг келиб чиқиш сабаблари жуда кўплиги ҳақида айтилади, бироқ унинг этиологияси хали тўлиқ ўрганилмаган. Бундай болалар кўпинча қандли диабет, турли генетик касалликлар билан оғрийдиган оналардан туғилади, деган фикр ҳам йўқ эмас.
 
Ҳалқимизда “Соғлик – туман бойлик” деган ажойиб, сермаъно нақл бор. Жорий йилнинг “Соғлом она ва соғлом бола йили” деб эълон қилиниши замирида ҳам оналар ва болалар саломатлигини сақлаш, эртанги соғлом авлодни вояга етказишга қаратилган катта эътибор ётибди.  Ҳар бир инсон у эркакми ё аёл ўзини эҳтиёт қилиши, саломатлиги учун уни йўқотгунга қадар қайғуриши керак. Аёллар эса, ўзларини икки карра эҳтиёт қилишлари шарт! Чунки фақат соғлом оналардангина соғлом болалар дунёга келади. 
Умида Якубова

Теглар:Русалка Сув париси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар