...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида ижодий имтиҳонлар адолатсиз баҳоланганидан шикоят тушди


16:53, 08.08.2017 Жамият
 6 327

Имтиҳонда 200 нафар абитуриент иштирок этди. Жавоблари эса имтиҳоннинг эртасигаёқ эълон қилинди. Бу вақтда ижодий ишни баҳолашнинг имкони йўқ.

1 август куни Ўзбекистондаги барча абитуриентлар олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини топширдилар. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат тест маркази мутасаддилари ОАВ орқали бир неча бор бу йилги имтиҳоналарнинг ҳалол ва шаффоф ўтказилишига эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидладилар. Тўғри, имтиҳонларда назорат кучайтирилди. “Шпаргалка”, телефон ва шунга ўхшаш бошқа ёрдамчи воситаларни имтиҳонга олиб киришга қарши қатъий чоралар кўрилди. Қатъий чораларни бузиб ўтганлар, алоқа воситаларини олиб кира олганлар ҳам учрагани айни ҳақиқат.  
 
Айрим олий таълим даргоҳларида, хусусан, Ўзбекистон миллий университети, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг айрим факультетларида, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг баъзи ўқув йўналишларида ижодий имтиҳонлар мавжуд.
 
Ҳозирда олий таълим муассасаларининг ижодий имтиҳонлари якунланиб, синовларнинг жавоблари эълон қилинган. Ана шундай натижалардан қониқмаган, яъни “адолатсиз” баҳо деб ҳисоблаган абитуриентлардан бирининг онаси бугун таҳририятимизга ташриф буюрди. Зулфия Аҳмедовна Ўлмасованинг қизи Мадина Тоирзода бу йил Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг “Дизайн” йўналишида ўқиш учун ҳужжат топшириб, 75 баллик ижодий имтиҳондан 42 балл тўплаганини маълум қилди.
 
“Ижодий имтиҳон икки босқичда ўтказилди. Биринчи қисм чизма тасвирдан иборат эди, иккинчиси эса куз-қиш мавсуми учун либослар коллекцияси моделларини чизиш эди. Ижодий имтиҳонда 200 нафар абитуриент иштирок этди. Жавоблари эса имтиҳоннинг эртасигаёқ эълон қилинди. Бу жуда қисқа вақт. Бу вақтда ижодий ишни баҳолашнинг имкони йўқ. Қизим имтиҳондан яхши ўтганлигини айтиб, ўзига ишонч билан камида 60 балл оламан, деб ният қилган эди. Эртасига борганида, олган баҳосини кўриб, йиғлаб қўнғироқ қилди. Шу куни аппеляцияга беришини айтди. 23 июль куни аппеляция учун ариза ёзди ва шу куннинг ўзидаёқ комиссия тузилиб, бизни чақиришди.
 
Институтга борганимизда, Тошкент архитектура ва қурилиш институтининг “Архитектура тарихи ва назарияси кафедраси доценти, архитектура фанлар номзоди Т.Ш.Маматмусаев, Республика рассомлик коллежи ўқитувчиси Э.В.Соседова комиссия аъзолари сифатида, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти “Костюм дизайни” кафедраси доценти котиба сифатида иштирок этишди.
 
Шу куни аппеляцияга берган бошқа 10 нафар абитуриентларнинг ота-оналари ҳам бор эди. Биз ота-оналар аппеляция жараёнига киришни сўраганимизда, бизга рухсат беришмади ва “Низомда келтирилмаган”, деб баҳона қилишди. Бирма-бир фарзандларимизни чақириб, ичкаридаги хонага олиб кириб кетишди. Ундан аввал Низомни қўлимизга олиб кўрганимизда, унда фақат абитуриентнинг ўзигина ижодий иши учун масъуллиги ёзилган эди, холос. Бизни киритиш ёки киритмаслик низомда ўз ифодасини топмаган. Бу борадаги бошқа ҳаракатлар ёки ҳақ-ҳуқуқлар ҳам ёзилмаган эди. Биз Низом тўлиқ эмас, деб иддао қилдик.
 
Комиссия аъзолари билан аппеляцияга кириб чиққан ҳар бир абитуриент кўзида ёш билан чиқди. Сўраганимизда, аъзолар улар билан қўпол муносабатда бўлганлигини, агар қўйилган балга рози бўлмаса, баҳоси яна пасайтирилишини айтишди. Шу тариқа, менинг қизимдан ҳам олган баҳоимга розиман, деб ёздириб олишибди. Қани ОАВ орқали эълон қилинаётган шаффофлик. Бу йил имтиҳонлар адолатли ўтади, ҳалол бўлади дейишганди. Биз бунинг амалий ифодасини кўрмадик.
 
24 июль куни Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти Аппеляция комиссияси йиғилишининг баёнидан кўчирма беришди. Унда “Тоирзода Мадинанинг чизма-тасвир фанидан чизган иши ўрганилди, камчиликлари кўрсатилди ва абитуриент қўйилган баҳоларига рози бўлиб кетди”, дейилган. Қизимнинг айтишича, комиссия аъзоларининг топган хатолари ноўрин. Иккинчи масала, комиссия аъзоларининг адолатли равишда танланмагани. Чизма-тасвир бўйича эмас, бошқа соҳада етук мутахассис бўлган комиссия аъзоси қандай қилиб бошқа йўналишдаги ижодий ишни баҳолаши мумкин? Биз ота-оналар адолат сўраб, бир неча ташкилотларга мурожаат қилдик.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига, Олий таълим вазирлиги қабулхонасига, Президент Девонига мазкур масала бўйича мурожаат қилдик. Ҳозирда аризамиз кўриб чиқиш жараёнида”, дейди Зулфия Ўлмасова.
 
Албатта, фарзанди тақдирига таъсир этувчи ҳар қандай омил ота-она учун муҳим. Бундай ҳолларда ҳиссиётларни яшириш ҳам мушкул. Зулфия Ўлмасова ҳам кучли ҳаяжон билан қизи билан боғлиқ воқеани сўзлаб бераркан, бир неча бор фақат ва фақат адолат истаётганини такрорлади.  
 
Айтиш керакки, ижодий имтиҳон жараёнида абитуриентларнинг ишига профессионал нуқтаи назаридан қаралиши одатга айланган. Аслидачи? У ҳали абитуриент,  профессионал эмас. Бўлажак журналистларнинг ёзган мақоласи, хонандаларнинг ҳаваскор ижроси, бўлажак рассом ва дизайнерларнинг ижодий ишлари холис баҳоланмаганлиги борасида кўп эшитганмиз. Асли абитериентдан профессионал даражадаги ижодий ишни кутиш тўғрими? У профессионал ижодий ишни ОТМга киргунча бажара олса, ОТМда ўқиш нимага керак? Фақат назарий билим олишгами ё дипломга?
 
Зулфия Ўлмасова ва яна бир неча абитуриентларнинг ота-оналари Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтидан қайта аппеляцияга рухсат беришларига умид қилишмоқда. Жараённи кузатишда давом этамиз.
Дурдона Расулова 

Теглар:Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти Ижодий имтиҳон 1 август 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар